Жамият | 20:42 / 13.04.2017
37568
6 дақиқада ўқилади

Лотин ёзувига ўтиш жараёни қаерда қандай кечди?

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев қозоқ ёзувининг лотин алифбосига ўтиши тўғрисида эълон қилганидан сўнг бу мавзу қозоғистонликлар орасида катта муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур ислоҳотнинг тарафдорлари ҳам, бунга қарши бўлаётганлар ҳам талайгина. Nur.kz қўшни мамлакатларнинг лотин ёзувига ўтиши қандай кечганига оид мақоласини тақдим этди.

ФОТО: ВИКИПЕДИЯ

Ўзбекистон

"Биринчи навбатда лотин ёзувига ўтишнинг ўзбек тажрибаси ёдга тушади. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, ўзбеклар ўтмишда турли ёзувлардан фойдаланишган. Социалистик инқилобга қадар Ўзбекистон ҳудудида араб ёзуви қўлланган, бироқ 1920-йиллардаёқ тилшунослар ва бошқа мутахассислар лотин ёзувига ўтишни тарғиб қила бошлашган. 1926 йилда Бакуда бўлиб ўтган I туркийлар съездида туркий халқлар лотин алифбоси - яналифни қабул қилишган.

ФОТО: ВИКИПЕДИЯ

Бироқ 1939 йилда совет ҳукуматининг мустаҳкамланиш чораси сифатида кирилл ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини ишлаб чиқиш комиссияси тузилган. СССР тарқалганидан кейин, 1993 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов  "Лотин графикасига асосланган ўзбек алифбосини киритиш тўғрисида"ги қонунни имзолаган.

Дастлаб янги алифбога ўтиш 2000 йилга бориб якунланиши режалаштирилган эди, бироз вақт ўтгач унинг муддати 2005 йилгача узайтирилди, кейин эса - 2010 йилга. Бироқ 2015 йилга келиб ҳам Ўзбекистонда лотин ёзувига ўтиш жараёни тўлиқ тугалланмади: таълим соҳаси ва қисман иш юритиш лотин ёзувига ўтказилган, лекин газета ва журналлар кирилл ёзувида чиқишда давом этмоқда, 70 фоизга яқин адабиёт кирилл ёзувида чоп этилади. Реклама, телевидение ҳамда интернет тармоқларида ҳам кирилл, ҳам лотин ёзувидан фойдаланилади. Шундай экан, Ўзбекистонда кириллдан лотин ёзувига ўтиш жараёни ҳали ўз ниҳоясига етмаган", - дейилади нашрда.

ФОТО: UZREPORT.UZ

Туркманистон

Туркманистонда ҳам ёзув учун араб алифбоси қўлланган. Афғонистон, Ироқ ва Эрон туркманлари аввалгидек араб ёзувига асосланган хатдан фойдаланишади.

Инқилобдан кейин мутахассислар лотин ёзувини тарғиб қила бошлашган, бироқ 30-йиллар охирида бутун СССРда ёзувларни кириллаштириш жараёнига старт берилганди. 1939 йилнинг январида Ашхобод ўқитувчилари туркман ёзувини кириллчага ўтказиш ташаббуси билан чиқишган. Шу тариқа Тил ва адабиёт илмий-тадқиқот институтига янги алифбо тузиш лойиҳасини тузиш вазифаси топширилган. 1940 йилнинг апрелида алифбо лойиҳаси чоп этилган.

СССР парчалангандан сўнг, 1990-йиллар бошида Туркманистонда лотин ёзувига ўтиш масаласи кўтарилган. Лотин ёзуви асосидаги янги алифбо киритилган, бироқ 90-йилларда алифбо икки марта ўзгарди, бу эса таълим сифатига таъсир кўрсатди.

Туркманистонда кирилл ёзувидан лотинга ўтиш анча қатъий ва кескин кечгани учун бундай бурилиш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатди. Масалан, биринчи синф ўқувчилари янги лотин ёзувини ўрганишган, аммо кейинги йилдаёқ кириллчани ўрганишга мажбур бўлишган, зеро 2-синф ўқувчиларининг янги ёзувдаги дарсликлари тайёр бўлмаган. Ислоҳот йўлга қўйилганидан кейин 5-6 йил давомида шундай вазият кузатилган.

Озарбойжон

Озарбойжон тилида уч расмий алифбо тизими мавжуд: Озарбойжонда - лотин, Эронда - араб, Россияда - кирилл ёзуви. 1922 йилга қадар озарбойжонлар қўшимча белгиларга эга бўлган араб хатидан фойдаланишган.

ФОТО: INSTITUTE FOR WAR AND PEACE REPORTING

XIX аср ўрталарида озарбойжонлар араб ёзувидан лотинга ўтиш масаласини кўтаришган. Бироқ бу фақат 1922 йилда рўй берган, 1925 йилда эса лотин алифбоси араб алифбосига параллель равишда расмий кучга кирган.

Бироқ 1939 йилнинг май ойида кирилл ёзувига ўтиш муҳокамаси бошланди ва шу йилнинг охиридаёқ ўтиш жараёнига старт берилди.

Мустақиллик қўлга киритилгач, 1992 йилдан бошлаб лотин алифбосига босқичма-босқич ўтила бошланди ва 2001 йилда бу жараён ниҳоясига етди.

Болтиқ бўйи республикаларига келсак, улар 1904 йилдан бошлаб лотин алифбосини қўллай бошлашди ва кирилл ёзуви тарғиботи муваффақиятли якун топмади. Ҳатто совет даврида ҳам Болтиқ бўйи республикаларида лотин ёзувидан фойдаланилган.

 ФОТО: INSTITUTE FOR WAR AND PEACE REPORTING

Туркия

Лотин ёзувига ўтишда Туркия энг ёрқин мисол бўла олади. Турклар 1928 йилдаёқ лотин алифбосига расман ўтишган. Янги ёзувга тўлиқ ўтиш учун 30 йил керак бўлган. Ахир турклар ҳам 1928 йилга қадар, барча туркий халқлар каби, араб алифбосидан фойдаланишган. Ислоҳотлар Отатурк раҳбарлиги остида ўтган.

ФОТО: INSTITUTE FOR WAR AND PEACE REPORTING

Консерватив ва диний рақиблар араб ёзувидан чекинишга қаршилик қилишган. Улар лотин ёзувининг қабул қилиниши Туркиянинг катта ислом оламидан узилишга ва анъанавий қадриятларнинг ўзгаришига олиб келади, деб ҳисоблашган.

Шунда альтернатив вариант сифатида араб алифбоси таклиф этилган, фақат турк тилига хос баъзи товушларни ифодалаш учун қўшимча ҳарфлар киритилган.

Бироқ Туркия лотин ёзувига ўтишни муваффақиятли якунлади ва бугун у бу масалада туркий халқлар учун ижобий намуна бўла олади.

Мавзуга оид