Жаҳон | 19:31 / 14.04.2017
39493
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Афғонистонга ташлаган йирик бомба нимаси билан ўзига хос?

АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистонда ИШИДга қарши қўлланган энг катта ноядровий бомба GBU-43’нинг синови видеосини 13 апрелда твиттерда жойлаштирди. Бомба кластерли нишонлар, жумладан ер остида жойлашган бункерлар, туннелларга қарши айниқса самарали қурол ҳисобланади. Қачондир жангда қўлланган энг катта ноядровий бомба ИШИД жангарилари томонидан қўлланувчи ғорлар ва туннеллар тармоғи устидан ташланди. Пентагон вакили Адам Стампнинг маълум қилишича, бомба Покистон билан чегарадош Нангарҳор вилоятининг Ачин туманига МС-130 самолётидан ташланди. Бомбанинг оғирлиги  9797 кг ни ташкил қилади. 

Бу турдаги бомбани Ироқдаги уруш вақтида қўллаш режалаштирилган, бироқ иш бунгача бормаган. Reuters ахборот агентлигининг маълум қилишича, АҚШ бундай кучдаги бомбани жанговар шароитларда илк бор қўллади.

Хўш, ушбу бомба нима билан ўзига хос?

Норасмий номи "барча бомбаларнинг энаси" – МОАВ (Mother of all bombs) бўлган ушбу бомба фугас авиабомбаси саналиб, 2002-2003 йилларда АҚШда яратилган. Бомбанинг узунлиги 9,17 метрни, диаметри 102,9 см ни, оғирлиги 9,5 тоннани ташкил қилади. Бомба оғирлигининг 8,4 тоннаси Австралияда ишлаб чиқарилган Н-6 портловчи моддасига тўғри келади. Бу модда гексоген, тротил ва алюмин кукунидан иборат бўлиб, ушбу моддани тротилдан 1,35 марта кучлироқ қилади. Бомбанинг портлаш кучи тротил эвивалентида 11 тоннани, таъсир доираси 140 метрга яқинни ташкил қилади.  

Бомбада инерциал ва сунъий йўлдош навигацияси тизимларига эга KMU-593/B нишонга олиш тизими қўлланган. MOAB самолёт ичидаги платформага ўрнатилади. Платформа парашют ёрдамида тортилиб, самолёт орқасидаги люкдан ташланади. Сўнгра бомба тезликни йўқотмаслик учун платформа ва парашютдан ажралиб, мустақил равишда нишон томон йўналади.

Баъзи маълумотларга кўра, Россия ҳарбий-ҳаво кучлари ихтиёрида юқори кучдаги авиацион вакуум бомба (АВБПМ – Авиационная вакуумная бомба повышенной мощности) мавжуд бўлиб, у "барча бомбаларнинг отаси" деб ҳам аталади. Бу бомба дунёдаги энг кучли ноядровий жанговар снаряд ҳисобланади. MOABга нисбатан бу бомбанинг оғирлиги камроқни ташкил қилади, бироқ нанотехнологиялар қўлланиши ҳисобига 4 марта кучлироқдир ва бир вақтнинг ўзида МОАВдан 20 марта каттароқ майдонга шикаст етказиши мумкин. Махфийлик нуқтаи назаридан, ушбу бомбанинг кўп кўрсаткичлари номаълумлигича қолмоқда. 

Россия қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари Александр Рукшиннинг айтишича, Россия бомбасининг синовлари уни самарадорлик ва имкониятлар бўйича ядровий снарядга қиёслаш мумкинлигини кўрсатган. Шу билан бирга, бу бомба ядровий бомбадан фарқли ўлароқ, атроф-муҳитни ифлослантирмайди.

      
 

Мавзуга оид