Спорт | 11:05 / 14.04.2017
49119
2 дақиқада ўқилади

«Пахтакор»да жиддий ўзгаришлар кутилмоқда

Ўзбекистоннинг энг номдор жамоаси, миллий чемпионатдаги энг совриндор жамоа бўлмиш Тошкентнинг «Пахтакор» клуби аввалги мавқеини тиклаши кутилмоқда. «Championat.asia» сайти хабарига кўра, жамоа стадиони 21 апрель куни «Локомотив»га қарши бўлиб ўтадиган ўйиндан кейиноқ ёпилиши мумкин. Стадионда реконструкция ишлари бошланиши режалаштирилган.

Бу режага ўзгартириш киритилса, «Пахтакор» стадиони биринчи давра якунига қадар клуб учун хизмат қилиб, иккинчи давра олдидан барибир ёпилади ва жамоа ўз ўйинларини бошқа стадионда ўтказишга киришади. Қурилишнинг қанча давом этиши ва унинг сметаси борасида аниқ маълумотлар йўқ.

Стадиондан ташқари «Пахтакор» клуби учун замонавий моддий-техник спорт базаси қуриш ҳам режалаштирилган. Бу лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади. Бунда шаҳар ҳокимияти йил бошиданоқ шу ишни режалаштирганмиди ёки режа клуб Алишер Усмонов қўлига ўтгани ҳақидаги миш-мишлардан кейин пайдо бўлганми — аниқ эмас.

Клуб яқин кунлар ичида янги маълумотларни тақдим этиши айтилган. Унда «Пахтакор»нинг аввалги мавқесини тиклаши борасида сўз бориши мумкин.

Бир неча кун олдин маҳаллий нашрларда россиялик миллиардер Алишер Усмонов «Пахтакор» акционерига айлангани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Жамоа кўп ўтмасдан ушбу хабарларни рад қилганди. Лекин раддияда Алишер Усмонов номи келтирилмаганди.

Маълумот учун, «Пахтакор» айни вақтда Олий Лига турнир жадвалида 5 турдан кейин 7 очко тўплаган ҳолда саккизинчи ўринда жойлашган. Жамоа ўтган мавсумда бешинчи ўринни эгаллаб, илк марта ОЧЛ йўлланмасидан қуруқ қолганди.

Мавзуга оид