Жаҳон | 11:30 / 14.04.2017
26121
2 дақиқада ўқилади

Пхеньян АҚШ зарбасини «қучоқ очиб» кутиб олиш ниятида эмаслигини билдирди

Фото: ria.ru

КХДР ташқи ишлар вазири ўринбосари Хан Сон Рёлнинг баёнот беришича, Пхеньян маъмурияти АҚШ қачон зарба берар экан, дея кутиш ниятида эмас. Унинг Associated Press агентлигига берган интервьюсида айтишича, Корея ярим оролидаги вазият «боши берк кўчага кириб қолган».

Хан Сон Рёль АҚШни фитналардан тийилиб туришга чақириб, агар Вашингтон урушни танласа, Пхеньян бунга тайёрлигини билдирди. «Агар АҚШ саёз ўйланган ҳарбий ҳаракатлар билан келса, Шимолий Кореянинг хавфни бартараф этувчи зарбасига дуч келади. Бизда кучли ядро воситаси бор», — деб эслатган дипломат.

Навбатдаги олтинчи ядро синови қачон амалга оширилишига доир саволга жавоб берган вазир ўринбосарининг қайд этишича, бу масала олий қўмондолик ихтиёридадир. «Портлаш раҳбарият бунга зарурат топган вақтда амалга оширилади», - деган Хан Сон Рёль.

Аввалроқ, NBC News телеканали Америка разведкасидаги бир неча юқори лавозимли мулозимларга таянган ҳолда, КХДРнинг ядро синови ўтказиши аниқ бўлса, АҚШ Шимолий Корея ҳарбий иншоотларига олдиндан зарбалар беришга тайёрлиги ҳақида хабар берган эди. 

Мавзуга оид