Жамият | 16:06 / 17.04.2017
62644
3 дақиқада ўқилади

Келин уйига юк машиналари карвонида келишди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида кузатилган ғаройиб ҳодиса ҳақида хабар кенг муҳокамага сабаб бўлди. Аммо, афсуски, бу бирор завод очилиши ёки шунга ўхшаш воқелик ёхуд уйсизлар, боқувчисини йўқотганлар учун ёзилган катта дастурхон ё бўлмаса ёрдамга муҳтожларга кўрсатилган кенг кўламли беминнат кўмак хусусида эмас.

Facebook ижтимоий тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида Тошкентда келинболани олиб кетиш учун куёвбола 10та оғир юк машинасидан иборат кортежда келгани ҳақида пост пайдо бўлди. 

"Тантана пуфаклари ва тасмалар билан жило берилган 10та Mercedes Geländewagen ва 10та оғир юк машинасига нима дейсиз? Бугун Юнусобод шундай томошага гувоҳ бўлди, жуда завқланди, кортеж паровози гудокларидан келаётган унутилмас мусиқа ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Менга жуда ёқди", — деб таъкидлайди хабарни жойлаштирган интернет фойдаланувчиси. 

Бироқ, фойдаланувчилар орасида куёвни олифтагарчилик учун койиганлар, куёвнинг бунинг учун шунча пулни қаёқдан олганига қизиққанлар ҳам бўлди. 

"Нима учун бизнинг одамлар мана шунақа томошаларга устаси фаранг? Кимга қарама пул йўқ, иш йўқлигидан, маош камлигидан нолийди. Дабдабали тўйларни ташкиллаштиришга пулни қаердан олишади?", — деб ёзади изоҳ қолдирганлардан бири.

"Бу каби “мода” урф бўлишидан Худо асрасин. Бизда битта тўйга битта хонадоннинг пули кетади", — деб таъкидлайди бошқа бири. 

Хабар муаллифига кўра, куёвжўра узоқ масофаларга қатновчи ҳайдовчи бўлгани учун келинни олиб кетишга шундай автокарвонда келишга қарор қилган. 

"Гап йўқ, тасанно, куёв бола!!! Куёвнинг жўраларига ҳам гап йўқ — қўллаб-қувватлаганлари учун! Супер ташаббус! Ҳақиқий биродарлик мана шундай бўпти!", — дейди яна бир фойдаланувчи. 

Шу ўринда кичик мулоҳаза. Ўзбекистон ҳукумати томонидан тўй-тантаналарни ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш хусусида бир неча қарор-у фармонлар қабул қилинганига қарамай, шу каби исрофгарчиликларнинг ҳамон кузатилаётгани, айниқса, бу борада ким ўзарлик тобора авж олаётгани жамиятдаги ачинарли ҳолатдир. Бу борада, амалий чоралар қўлламаётган ёки қўллай олмаётган маҳаллий ҳокимиятлар органлари масъулияти қаерда қолди? 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили қирғизистонлик ёш жуфтлик, шоҳона тўй ўтказиш учун жамғарилган маблағларини ёрдамга муҳтож оилалар фарзандларига мактаб буюмлари олиб бериш учун сарфлагани ҳақида хабар қилинган эди. 

Мавзуга оид