Тошкентдаги энг сўлим 10 дам олиш маскани
Мана кунлар ҳам исиб, Ўзбекистонимиз янада гўзаллашиб бормоқда. Бундай кезларда кўнглимиз сокин, гўзал масканларга бориб дам олишни тусаб қолади. My Day "Сирли Ўзбекистон" жамоаси билан ҳамкорликда дам олиш кунларида ҳордиқ чиқариш учун энг мақбул бўлган масканлар рўйхатини тақдим этди.
1. Урунгач нефрит кўллари
Угам-Чотқол миллий парки ҳудуди ўзининг шаффоф кўллари ва сўлим дарахтлари билан ажойиб табиий манзара кашф қилади. Урунгач нефрит кўллари миллий паркнинг гавҳари ҳисобланади. Урунгачнинг қуйи ва юқори кўллари бўйлаб саёҳат қилар экансиз, тиниқ сувларда сузиш, тўғонгача сайр қилиш ва юқори кўл сувларида акс этувчи қоялар билан танишиш мумкин.
Шаҳаргача бўлган масофа: 150 километр
Саёҳат неча пулга тушади: агар сиз пойтахт такси хизматларидан фойдаланмоқчи бўлсангиз, бориш ва қайтиш тахминан 386 000 сўмга тушади.
2. Испай дараси
Испайсой Қорабулоқ постидан ўтганда жойлашган. Бу ерда Испай дарёсининг сувида завқ олиб чўмилиш мумкин. Маҳаллий аҳоли меҳмонхона уйларига жойлашиш, шунингдек шаршарагача отда сайр қилишни таклиф қилади.
Пскем тизмасидаги музликлар ва тоғ йўлларининг кўплиги бу ҳудудни тоғ туризми учун қулай қилади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 130 километр
Саёҳат қанчага тушади: тахминан 473 000 сўм. Бу суммага таксида бориб келиш, уй ижараси (100 000 сўм) ва отда сайр қилиш (8000 сўм) киради.
3. Мармар дарё дараси
Мармар дарёси - Белдирсой яқинида жойлашган машҳур дам олиш маскани. Белдирсойнинг осма дорига етмасдан чапга қайирилганда, бироз яёв юрилиб, Мармар дарёсининг биринчи катта шаршараси олдидан чиқилади. Шаршаранинг чап томонидан айланиб ўтиб, юқорига кўтарилганда, ажойиб дам олиш масканлари мавжуд. Сершовқин сой, яшил дарахтлар ва кўплаб сузиш ҳавзалари - Мармар дарёси ўз меҳмонларини шундай кутиб олади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 75 километр
Саёҳат қанчага тушади: бориш ва келиш - 186 000 сўм.
4. Паркентсой бўйлаб сайр
Бу Тошкентга энг яқин жойлашган ажойиб тош дарали манзарага эга кўркам маскан. Бу ерда “Кумушкон” дам олиш уйига жойлашиб, мазмунли ҳордиқ чиқариш мумкин. Булоқ, сой, қоялар – буларнинг ҳеч бири сизни бефарқ қолдирмайди. Оқим бўйлаб юқорига ҳаракатланиб, шаршаралар чеккасига бориб ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Шаҳаргача бўлган масофа: 50 километр
Саёҳат қачага тушади: тахминан 116 000 сўм. Бу суммага таксида бориш ва келиш киради.
5. Сўқоқда сайр
Ушбу маскан ўз ландшафтининг ноанъанавийлиги билан ажралиб туради. Бу ерда пайдо бўлган йўловчи ўзини худди Россиядагидек тасаввур қилиши мумкин. Сершох қарағайзор шаҳарда етишмайдиган салқин ҳаво билан таъминлайди. Бу ерда сайёҳ танлаши мумкин: метеостанциягача бориш ёки Шохқўрғон тоғига кўтарилиш. Шохқўрғондан тоғ тизмалари, Заркент ва Сўқоқ қишлоқларининг ажиб манзараси кишига ўзгача завқ бағишлайди. Тоғга яхши жисмоний тайёргарлик билан 1,5-2 соатда кўтарилиш мумкин. Бундан ташқари, маҳаллий кабоблар ҳам меҳмонларни бефарқ қолдирмайди.
Шаҳаргача бўлган масофа: 60 километр
Саёҳат қанчага тушади: таксида тахминан 144 000 сўмга бориб келиш мумкин.
6. Гулкамсой
Катта Чимён атрофидаги ҳудуд кўплаб тасвирий зоналарга бўлинган. Агар сиз тирбанд шаҳардан дам олишни ихтиёр қилган бўлсангиз, Гулкамсой даралари дам олиш учун яна бир мақбул жой ҳисобланади. Сой атрофидаги соя-салқин жойлар, кичик сув тўсиқларини енгиб ўтиш, шаршара сизга унутилмас таассуротлар ва экстремал ҳис-туйғуларни тақдим этади. Ҳудуд қулай ёзги супалар билан жиҳозланган, бу ерда оилавий ҳордиқ чиқариш мумкин.
Шаҳаргача бўлган масофа: 110 километр
Саёҳат қанчага тушади: тахминан 334 000 сўмга. Бунинг ичига таксида бориш ва қайтиш ҳамда супа ижараси (50 000 сўм) киради.
7. Катта Чимён чўққисига кўтарилиш
Бу ерга бориш ғояси фаол ҳордиқ тарафдорларига мўлжалланган. Чимён – Ўзбекистоннинг тоғ туризми маркази. Қишда бу ерда чанғичиларни учратиш мумкин, ёзда эса - маҳаллий чўққини забт этиш учун келган кўплаб гуруҳларни.
Саёҳат баландликка ҳаракатланишдан иборат бўлади. 3000 метр баландликкача йўналиш нисбатан осон бўлади - аниқ йўл, кенг жой. Бироқ сўнгги 300 метр масофада йўлда қоялар учрайди, бу ерда гид кўрсатмаларига риоя қилиш зарур. Ўрта тайёргарлик кўрган киши учун 3309 метр баландликка кўтарилиш 6-8 соат вақтни олади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 80 километр
Саёҳат қанчага тушади: тахминан 200 000 сўмга. Бу суммага таксида бориш ва келиш киради.
8. Кумбел тоғи
Ўзбекистон тоғлари - қуёшли ўлканинг энг диққатга сазовор жойларидан. Чўққига чиқиш истагини билдираётганлар сони тобора ошиб бормоқда. Ортиқча қийинчилик туғдирмайдиган саёҳатсеварларни Белдирсойга, Кумбел тоғига таклиф қилиш мумкин. Унинг баландлиги - 2350 метр.
Йўлнинг бир қисмини осма дорда кесиб ўтиш мумкин. юқори станцияда тушиб, яна 40 дақиқа юриш керак бўлади. Тоғда метеорологик станция жойлашган. У ерга тушдан кейин қуёшнинг ботишини томоша қилишга чиққан киши гўзал манзаранинг гувоҳи бўлади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 75 километр
Саёҳат қанчага тушади: 198 000 сўмга. Суммага таксида бориш ва келиш ҳамда осма дор ҳаққи (12 000 сўм) киради.
9. Оқсоқ ота дараси
Бу ерда Ўзбекистон Миллий университетининг ёзги оромгоҳи жойлашган. Оқсоқ ота - 30 километрдан зиёд чуқурликка қараб кетувчи кенг дара. Бу масканда қоялар, соя-салқин ўрмонлар ва қарағайзорларни учратишингиз шубҳасиз. Шаҳарнинг шовқинидан кейин бу гўзал масканда бўлишни ким ҳам орзу қилмайди дейсиз?! Ушбу маскан ҳам сокин, ҳам фаол дам олиш тарафдорларига тўғри келади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 120 километр
Саёҳат қанчага тушади: тахминан 315 000 сўмга. Суммага таксида бориш ва келиш, шунингдек ов хўжалиги ҳудудига кирилганлик учун алоҳида тўлов (3000сўм) киради.
10. Белдирсой яйловлари
Тасаввур қилинг: ёзги қуёш тафтида тобланган ҳамда мусаффо тоғ ҳавоси билан тўйинган хушбўй майсалар... Оилавий ҳордиқ учун бундан яхшиси борми?! Белдирсой номини олган яйлов айнан сайёҳларбоп маскандир. Арчазорларни кезиб, сувнинг товушига қулоқ тутиш албатта олдинда кутаётган иш кунларига янги куч-қувват бахш этади.
Шаҳаргача бўлган масофа: 75 километр
Саёҳат қанчага тушади: тахминан 186 000 сўмга. Бу суммага таксида бориб келиш киради.
Мавзуга оид
09:10
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
23:32 / 13.11.2024
Флоренция «ҳаддан зиёд туризм»га қарши кураш бўйича янги чоралар қабул қилди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024