Жамият | 15:03 / 24.04.2017
25439
3 дақиқада ўқилади

UNICEF томонидан Ўзбекистонда болаларни эмлаш ҳафталиги бошланди

UNICEF томонидан Ўзбекистонда 24-30 апрель кунлари болаларни эмлаш ҳафталиги бўлиб ўтади. Бу ҳақда UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси Кун.uz’га хабар бермоқда.

Сўнгги йигирма йил давомида UNICEF’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мамлакат болаларини олдини олиш мумкин бўлган касалликларга қарши эмлаш қамровини янада кенгайтириш ва юқори кўрсаткични доимий равишда таъминлаш борасида Ҳукуматга кўмак бериб келмоқда. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) хабар беришича, 2015 йилда беш ёшга етмаган 1.5 миллиондан зиёд бола пневмония, диарея ва қизамиқдан вафот этган. 

Эмлаш ҳамда болаларнинг муносиб тиббий ёрдам олишларини таъминлаш орқали ушбу касалликларнинг олдини олиш мумкин.

Хабардорликни ошириш ва эмлашга бўлган талабни кўпайтириш мақсадида, ҳар йили апрель ойининг сўнгги ҳафтаси Жаҳон эмлаш ҳафталиги сифатида нишонланади. 2017 йилнинг ахборот кампанияси «Вакциналар фойда беради» шиори остида ўтказилади. (#VaccinesWork).

Режали эмлаш – бирламчи самарали тиббий-санитария ёрдамининг асосидир. У ҳар бир бола учун умрининг энг дастлабки онлариданоқ саломат ҳаёт кечириш имкониятини беради. Кўпгина касалликлар, жумладан, бўғма, гепатит Б, қизамиқ, кўк йўтал, пневмония, бачадон бўйни саратони, полиомиелит, ротавирус диареяси, қизилча ва қоқшолга қарши эмлаш изтироблар, ногиронлик ва ўлимнинг олдини олиш имконини беради. 

Бугунги кунда эмлашнинг эришган сўзсиз ютуқларига ҳеч ким эътироз билдира олмайди:
• Ер сайёрасида чечак касаллиги бутунлай йўқ қилинди;
• Европа, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасидаги мамлакатларда полиомиелит бартараф этилган ва қизамиқ инфекцияси назорат остига олинган;
• Дунёда болаларнинг қоқшол, бўғма, кўк йўтал, қизилча, менингит ва гепатит Б билан касалланиши сезиларли даражада камайган;
• Ҳар йили 750 мингдан ортиқ бола ногиронликдан омон қолмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, миллий ва халқаро ҳамкор ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатда бошқариб бўладиган инфекцияларга қарши эмлашнинг юқори қамровига эришиш ҳамда ижобий эпидемиологик вазият яратилди. Сўнгги ўн йилликда режали профилактика мақсадидаги эмлаш қамрови 98 99фоизни ташкил этди.

Менингит, бактеремия, ўрта отит, синусит ва бронхит каби, жиддий инфекцияларнинг олдини олиш учун 2015 йилда Ўзбекистонда янги пневмококк вакцинаси жорий этилди.

Мавзуга оид