АҚШ судларининг ажабтовур қарорлари
Қўшма Штатларда мижозларнинг ҳуқуқлари қаттиқ ҳимояланади. Судлар уларни шу даражада эъзозлашадики, айрим қарорлар орқали бутун дунёга кулгу бўлсаларда, мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилаверишади.
АҚШда Стелла Либек мукофоти жорий қилинган. Бу мукофот мутлақо ноҳақ бўла туриб, судни ўз фикрига ишонтирган ва ютиб чиққан инсонларга берилади. 81 ёшли Стелла Либек кунлардан бир куни «Макдональдс»га киради ва қайноқ қаҳва буюради. Хонимнинг қўллари қалтираб, стаканни тўкиб юборади. Бундан ғазабланган кампиршо шартта бундай “беъмани” ташкилотни судга беради ва роса 2.9 миллион доллар товон ундириш билан биргаликда тарихга ўз исмини муҳрлаб ҳам қўяди. Камига унинг номига мукофот ҳам жорий қилинади. Қуйида Либекнинг издошлари бўлган мукофот соҳиблари билан таништирамиз.
2000 йилда Оклаҳома ситилик жаноб Мерв Гражинский янги «Виннебаго» сотиб олади («Виннебаго» автобусни эслатувчи 10 метрли ғилдирак устидаги хонадон-автомобиль). Шодликдан ичига сиғмаган Гражинский шартта машинани миниб саёҳатга йўл олди. Машина-уй унга шунчалар ёқдики йўл давомида 115 км/соат тезликка чиқди ва рулни қўйиб юбориб, кофе дамлаш учун орқадаги хонага кирди. Кофе ичишга улгурмасидан машина йўлдан чиқиб кетди ва дарахтга урилиб, абжағи чиқди. Аламдан ичига сиғмаётган Гражинский автомобиль қўлланмасини ўқиб чиқди ва қилган иши нотўғри эканлигини кўрсатувчи бирор банд ёки огоҳлантириш топа олмаганидан кейин компанияни судга берди. Суд даъвогарга 1.75 миллион доллар товон ундириш ва бунинг устига янги «Виннебаго» автомобили ҳам бериш бўйича қарор чиқариб берди.
1997 йилнинг декабрида Эмбер Карсон исмли соҳибжамол қиз ўз йигити билан Ланкастер шаҳридаги ресторанлардан бирида ажойиб кеча ўтказаётганди. Нимадир бўлди-ю жаҳлга минган Эмбер йигити устига стакандаги ичимликни сепиб юборди. Йигит чап бериб қолди ва ичимлик полга тўкилди. Бундан баттар асабийлашган қиз шарт туриб чиқиб кетмоқчи бўлди ва ўзи сепган ичимлик устида сирпаниб йиқилиб тушиб, озроқ лат еди. Суд ресторан жабр кўрган мижозга 113.5 минг доллар товон тўлаши кераклиги тўғрисида қарор чиқарди.
1998 йилнинг июнида Лос-Анжелесда яшовчи 19 ёшли Карл Трумэн «Хонда Аккорд» машинаси ғилдирагини ўғирлаётганида бундан бехабар машина эгаси автомобилни юргизди ва ўғрининг қўлини босиб кетди. Суд машина эгасига 74 минг доллар тўлаш ва даволаш ҳаражатларини ҳам қоплаш мажбуриятини юклади.
Делаверлик Кара Уолтон тунги клубга тўлаши лозим бўлган 3.5 доллардан қочиб, дераза орқали жуфтакни ростламоқчи бўлганида йиқилиб тушди ва иккита тишини синдириб олди. Суд ҳукмига кўра тунги клуб стоматолог ҳаражатлари билан бирга 12 000 доллар тўлайдиган бўлди.
Қўшнисининг гаражига ўғирликка тушган Терренс Диксон эҳтиётсизлик туфайли қамалиб қолди ва эгалари келгунча бир неча кун гараж ичида итлар овқатини еб кун кечирди. Уни полиция олиб кетганида шошилмай судга даъво аризаси ёзди ва қўшниларидан 500 минг доллар ундириб олди!
2000 йилнинг январида остинлик Катлин Робертсон мебель дўконида айланиб юрганида югуриб юрган болакай урилиб кетиши натижасида оёғидан лат еди. Суд дўкон мижозга 780 минг доллар товон тўлаши бўйича қарор чиқарди. Фақат арзимаган бир жиҳатни ҳам ҳисобга олиш лозим – урилиб кетган болакай Катлиннинг ўғли эди.
Мавзуга оид
16:15
Путин Россиянинг янгиланган ядровий доктринасини тасдиқлади
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024