Спорт | 21:25 / 28.04.2017
38315
9 дақиқада ўқилади

Одил Аҳмедов билан суҳбатни ўқиб ёки “об ҳаво ноқулай келганлиги сабабли”

Футбол мухлиси Ўзбекистон терма жамоаси кўрсатаётган ўйинлар бўйича мулоҳазаларини билдирди.

«Сурияга қарши тошлоқ майдонда ўйнагандик». Аҳмедов терма жамоа ва Хитойдаги қийинчиликлар ҳақида

Трибуна.уз’нинг “Инстаграм” саҳифасида миллий терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг журналист саволларига берган жавобини ўқиб, ҳайрон қолдим. Мақола остига ўз фикрларимни қолдирдим, не ажабки, маълум вақтдан сўнг мен қолдирган шарҳлар ўчириб ташланибди. Ҳайрон қолдим ва ўша ерда қолдирган мухтасар фикрларимни кенгайтириб, яна сизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдим. 

Эътиборимни биринчи бўлиб тортган нарса Одил Аҳмедов Сурия билан бўлган ўйинда тошлоқ майдонда ўйнашгани ва ҳавони ноқулай эканлигини “баҳона” қилгани. 

Юқорида айтиб ўтилган суҳбатда билдирилган фикрлар, кимсан Одил Аҳмедовга умуман ярашмаганлигини нафақат мен, балки кўп сонли мухлислар эътироф этишди. МТЖ сардорига ҳурматимни изҳор қилган ҳолда ўз қарашларим билан ўртоқлашсам. 

Кези келганда айтиб ўтиш жоиз, мен ва мен каби жуда кўпчилик мухлислар фарзандларимиз Аҳмедов каби машҳур, омадли, қобилиятли, меҳнатсевар ва ватанпарвар (Сурия билан бўлган ўйин ва журналист билан бўлган суҳбат бундан мустасно) бўлишини орзу қиламиз. Одил Аҳмедов даражасига етиш юзлаб, минглаб ва миллионлаб ёшлар ва ота-оналарнинг орзуси. 

Зотан, шундай мавқега эга бўлган жамоа сардори ўзига ярашадиган гапларни гапирса обрўсига обрў, ҳурматига ҳурмат қўшилади. 

Биз мухлислар ҳам жуда яхши тушунамизки, ҳар қандай кучли жамоа ҳам маълум ўйинларда мағлубиятга учраб туради, бунга тарихдан мисоллар кўп, узоққа бормасдан “Барселона” клубининг Европа чемпионлар лигасидаги кутилмаган натижалари-ю, Бразилияни жаҳон чемпионатидаги аҳволини келтириш етарли. Ёки Англия Примьер-лигасида чемпион жамоа ўз майдонида аутсайдер жамоага мағлубиятга учраб туриши ўта оддий ҳол. 

Бинобарин, Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилия ҳам, “Барселона” ҳам эмас. Бу бизнинг терма жамоа ва ҳар қандай ҳолатда ҳам биз МТЖни севамиз ва қўллаб-қуватлаймиз, шахсий фикрларимга савол бера олиш имкониятидаман. 

Демак бошладик: стадион 

Одил Аҳмедовнинг айтишича, стадион тошлоқ ва нотекис бўлган. Ана ўша аламли ва кутилмаган мағлубиятни бевосита стадиондан кузатиш бахтига муяссар бўлган кам сонли мухлислардан бири сифатида ва Малайзияда 7 йилдан бери яшашимни ҳисобга олиб, аниқ айта оламанки, сардоримизнинг бу жавоблари ўзларига умуман ярашмапти. 

Ҳаммамизга маълум, Суриядаги сиёсий нотинчлик туфайли ушбу терма жамоа уй ўйинларини Малайзияда ўтказаяпти. Агар адашмасам Малайзия томони Суриядан ўйинлар учун умуман ҳақ олмаяпти ёки минимал миқдорда оляпти, ёрдам тариқасида. Сабаби — агар ҳукуматлар ёки футбол федерациялари келишуви дунё стандартлари даражасида бўлганда ва Сурия томони халқаро стандартлар бўйича ижара ҳақи тўлаганида ўйинлар Малайзиядаги энг яхши стадионлардан бирида бўлган бўлар эди: "Букит Жалил Нэйшнл Стэйдиюм", "Шаҳ Алам Стэйдиюм", "Стэйдиюм Мердека" каби.

Аслида Малайзия томони ану шу стадионлардан бирини берса ҳам кўп нарса йўқотмас эди, энди буниси бизга боғлиқ бўлмаган масала. 

Билишимча, Сурия аввалги ўйинлардан бирини Серембан ("Туанку Абдурраҳман Стэйдиюм") шаҳридаги маҳаллий стадионда ўтказди. 15 ноябрда бўлиб ўтган ўйин ҳақиқатдан жуда ноқулай об-ҳаво шароитида ўтди. Ўйин вақтида жуда кучли ёмғир ёғди (Малайзияда бу нормал ҳолат) ва стадионни сифати ҳам яхши эмаслигидан кам сонли мухлислар “лой жанги”га гувоҳ бўлишди. Қизиқувчилар Youtube’дан қидириб кўришса бўлади. Ўйин дуранг натижа билан тугади ва бу биз учун айни муддао эди. 

Энди Сурия - Ўзбекистон ўйинига қайтсак.

Аслида, бу ўйин ҳам айнан Серембан шаҳрида бўлиши керак эди, ўйин чиптаси бунга гувоҳлик беради (ўғлим эсдалик учун сақлаб қўйди). 

Адашмасам аввалги ўйинни кўрган мутахассислар майдон сифатидан қаноат ҳосил қилишмаган ва Малайзия футбол иттифоқидан бошқа сифатлироқ стадион беришни сўрашган. Не ажабки, ўйин Куала Лумпур шаҳрида ва атрофида жойлашган энг сифатли стадионлар қолиб, пойтахтдан 100 км чақирим узоқда жойлашган тарихий шаҳар Мелакка ("Ҳанг Жебат Стэйдиюм") кўчирилган. 

40 минг томошабинга мўлжалланган стадионнинг ВИП секторидан ўйинни томоша қилган мухлис сифатида шуни айтишим мумкинки, ўша кунги мағлубиятда на стадион чимининг сифати, на об-ҳавонинг таъсири бўлди.

Шунчаки, МТЖ аъзоларида шижоат, иштиёқ, ғайрат, яратувчанлик, ватанпарварлик, жамоавий ўйин ва тактика (унинг-ку умуман бўлганига шубҳам бор), етишмади. 

Аксинча, Сурия терма жамоаси анча мазмунли ўйин намойиш қилди ва ҳақли (биз учун аламли) ғалабага эришди. 

Гоҳида инсон ўз камчилигини ва рақиб устунлигини тан олишни ҳам билиши керак, ўзига ярашмайдиган баҳона қидирмасдан. Яна бир қизиқ ҳолат, агар бизнинг жамоа тошлоқ стадионда ўйнаган бўлса, нима, Сурия юмшоқ, гиламли стадионда гол урдими? 

Об-ҳаво

Биламиз, Жанубий Шарқий Осиё давлатлари об-ҳавоси бизнинг жаннатмонанд ўлкамиз ҳавосига ёки Туркия сўлим гўшаларига асло тенглаша олмайди. У ерда тўп тепиш анча мураккаб. Лекин инсоф билан айтганда 23 март кунги об-ҳаво Малайзия шароитида бўлиши мумкин бўлган энг зўр ҳаводир ва бундан ортиғини кутиб бўлмайди. 

Осиё давлатларида об-ҳаво ноқулай, намлик юқори, дим, лекин шу ерда ҳам спорт мусобақалари ўтказилади, минглаб ёшлар спорт билан шуғулланади ва қайсидир даражада муваффақиятга эришиб келишмоқда. 

“Жоҳор Дарул Тазим жамоаси” Осиё футбол конфедерацияси кубогини 2015 йилда қўлга киритди. Бизнинг МТЖ битта ўйинни шундай шариотда ўтказган бўлса, улар мавсум давомида шу ерда ўйнаб, шу ютуққа эришишди. Фикри ожизимча, бу омил мағлубият учун асос бўла олмайди. 

Раҳматли қизиқчимиз Ҳожибой Тожибоев деҳқонлар ҳақидаги ҳажвиясида айтганидек, натижа ёмон бўлса “об-ҳаво ноқулай келганлиги сабабли...”, дея баҳона топиш Одил Аҳмедовдек ўйинчи даражасига умуман мос эмас. 

Тактика 

Бу ҳақида яхшиси мутахассислар бош қотиришсин, лекин оддий мухлис сифатида айтишим мумкинки, 23 март куни ўйинчилар ҳам мураббийлар ҳам ўйинга тайёр эмас эдилар. 

Сабабларини ҳам қидириш ниятим йўқ, балки билмасман. Мақола танқидий характерга ҳам эга эмас, шу сабаб воқеа тафсилотларини ўрганиш, таҳлил қилиш ва ечим топишни масъул инсонларга қолдирамиз. Мухлислар номидан шуни айтишим мумкинки, шу ишнинг этагини тутгандан кейин, бола-чақа шу меҳнат билан боқилгандан кейин, рўзғор тўп тепиш орқасидан бут бўлгандан кейин, чин дилдан ўйнаш керак-да, баҳона қилмасдан. 

Ватан шаъни ва миллат ғурури учун 90 дақиқа “тошлоқ” майдонда, иссиқ ҳавода тўп тепиб бера олишмаса нима қилишади МТЖ либосини кийиб?! Бу биргина Одил Аҳмедовга эмас, барча ўйинчиларга тегишли. 

Яна қайтариб айтаман, Одил Аҳмедовни ўйинчи сифатида, МТЖ сардори сифатида ва инсон сифатида жуда ҳурмат қиламан. Ўйлайманки, у ҳали мазмунли ўйинлари билан мухлисларни кўп хурсанд қилади ва бундан-да юқори мавқега эришади. 

Юқорида оддий жонкуяр мухлис сифатида шахсий фикрларимни билдирдим ва, албатта, шахсий қарашларим кимгадир маъқул бўлмаслиги мумкин. Фикрлар хилма-хиллиги тараққиёт сари етакласа не ажаб. 

Ҳурмат билан, 

Малайзиядан Икром Рихсибоев. 

Мавзуга оид