Япониянинг энг йирик ҳарбий кемаси АҚШ кемаларини қўриқлайди
Япония флотидаги энг катта, 28 та вертолётни таший оладиган "Идзумо" вертолёт ташувчи кемаси 1 май куни Йокосукадаги базадан ўзининг биринчи сафарига – Филиппин соҳиллари томон уч ойлик сафарга жўнади. У Филиппинга йўлда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Япон денгизига йўналаётган таъминловчи кемаларини ҳимоя қилиш операциясини бажаради. "Идзумо" АҚШ кемаларини Сикоку оролигача кузатиб боради. Бу ҳақда NHK япон телекомпанияси маълум қилди.
"Идзумо" кемасининг узунлиги 248 метрни, сув сиғимдорлиги 27 минг тоннани ташкил қилади. Кема сафари давомида Жануби-Шарқий Осиёнинг бир қатор давлатлари портларига ташриф буюриши режалаштирилган.
АҚШ таъминловчи кемалари "Карл Винсон" авиаташувчи кемаси бошчилигидаги кемалар гуруҳига ёнилғи қуйиш учун жалб қилинган. Эслатиб ўтамиз, "Карл Винсон" ва Франциянинг "Мистраль" туридаги вертолёт ташувчи кемаси апрель охирида Цусим бўғози орқали Япон денгизига кирганди.
Аввалроқ Шимолий Корея АҚШ сув ости кемасини йўқ қилиш билан таҳдид қилганди. Шимолий Корея матбуотида агар АҚШ иғвогарликлар уюштирса, Жанубий Кореянинг Пусан портида жойлашган АҚШнинг "Мичиган" атом сув ости кемасини ҳалокат кутаётгани ҳақида мақола пайдо бўлган. Мақолада "сув ости кемаси аянчли якун топиб, сув сиртига чиқа олмай, денгиз шарпасига айланиши" айтилганди.
2016 йилда Японияда мамлакат қуролли кучлари ваколатининг кенгайтирилиши ҳақидаги қонун кучга кирган. Япония ҳукумати Иккинчи жаҳон урушидан кейин илк маротаба мамлакат ҳарбийларига иттифоқдош давлатларни ҳимоя қилиш учун жанговар операцияларда иштирок этишга рухсат берган.
Мавзуга оид
18:17
Японияда одамларни ювинтирадиган кир машинаси ихтиро қилинди
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024