Жаҳон | 14:23 / 04.05.2017
24674
2 дақиқада ўқилади

Исфаҳондаги Нақши Жаҳонда ер ости туннеллари топилди

Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги Нақши Жаҳон ансамблидан ўрин олган Имом масжидида олиб борилган қазиш ишлари давомида тадқиқотчилар қадимги ер ости туннелларига дуч келишди.

Фото: tabnak.ir

Эроннинг Исфаҳондаги миллий мерос, ҳунармандчилик ва туризмни ташкиллаштириш бўлинмаси раҳбари Фаридун Аллоҳиёрийнинг айтишича, яқинда тарихий Имом масжидида ўтказилган қазиш ишлари давомида тўрт метр чуқурликда туннелларга дуч келинган. Бир пайтлар бу тунеллардан сув оққан экан, деб хабар беради Financial Tribune нашри.

Археологлар узунлиги 12 метр ва 34 метр бўлган иккита кенг туннелга, шунингдек, масжиднинг мураккаб конструкциясига мос қилиб қурилган бошқа кичик туннелларга дуч келишган.

Фото: tabnak.ir

Аллоҳиёрийнинг сўзларига кўра, туннелларнинг очилиши Сафавийлар сулоласи ҳукмронлик қилган вақтда (1501–1736) бунёд этилган Нақши Жаҳон майдони остида мураккаб конструкция беркиниб ётганидан далолат беради.

«Агар зарурият туғилса топилмани ҳужжатлаштириб, сақлаб қўйиш учун тунеллар синчиклаб ўрганилмоқда», — деди Исфаҳондаги маданий мерос ташкилоти раҳбари.

Имом масжиди Исфаҳоннинг бош майдони — Нақши Жаҳонда жойлашган. У XVII асрда барпо этилган ва ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мерослари объектлари рўйхатига киритилган.

Фото: tabnak.ir

Шоҳ масжиди номи билан ҳам машҳур бўлган Имом масжиди — Эрондаги машҳур меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади ва 20 мингталик риёл банкноталарида ҳам тасвирланган. Уни қуриш 1611 йилда бошланган ва 18 йил ўтиб тугалланган.

Ўзининг ҳашамдор ташқи кўриниши — етти рангдан фойдаланган кошинлар, каллиграфик битиклар туфайли бу масжид Эроннинг энг машҳур осори атиқаларидан бири ҳисобланади ва мамлакатга ташриф буюрган сайёҳларнинг объективига албатта тушади.

Мавзуга оид