Ўзбекистон | 15:59 / 09.05.2017
17734
4 дақиқада ўқилади

«Биз ҳамиша уруш фахрийлари олдида қарздормиз» — Шавкат Мирзиёев

9 май Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган президент иштирокидаги асосий тадбирлар Тошкент вилояти Зангиота туман ҳудудида жойлашган академик Маҳмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик ИТИ ҳудудида бўлиб ўтди. Байрам дастури «Ўзбекистон» телеканалида жонли эфирда намойиш этилди.

Институт ҳудудида Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари учун дастурхон ёзилиб, байрам дастури ташкил этилди. Байрамга президент Шавкат Мирзиёев ҳам ташриф буюрди ва уруш қатнашчиларини табриклади.

Президент 9 май куни Ўзбекистонда биринчи президент Ислом Каримов ташаббуси билан Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланишини эслатиб ўтди.

«Бу кунда ҳаммамиз жанг майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимиз муқаддас хотираси олдида бош эгиб, уларнинг руҳи поклари олдида ҳурмат бажо келтирамиз. Биз ҳамиша улар билан фахрланамиз», — деди ўз нутқида президент.

«Жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, шунингдек фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. 

Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Шубҳасизки, бу даҳшатли уруш бутун инсоният қатори бизнинг халқимизга мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келган», — дея қайд этган давлат раҳбари.

«Ўзбекистондаги ҳар бир хонадонда фашизм устидан қозонилган ғалаба бизга қанчалик қимматга тушганини ва бизнинг халқ бу ғалабага қандай ҳисса қўшганини яхши эслашади. Юзлаб ўзбекистонликлар қаҳрамонликлари учун ҳарбий орденлар ва медаллар билан тақдирланишган. Уруш йилларида туну кун тиним билмасдан фронтга ҳарбий техника, ўқ-дори, ускуналар, дори-дармон воситалри ҳамда озиқ-овқат етказиб бериб турган фронт чизиғи ортида қаҳрамонлик кўрсатган кишиларни ҳам фахр билан эслаймиз», — дея қайд этган у.

«Ўта оғир ва машаққатли йилларда халқимизнинг олижаноблик, бағрикенглик ва инсонпарварлик фазилатлари яққол намоён бўлди. Бу Ўзбекистон жанглар кетаётган ҳудудлардан бир миллионга яқин кишини қабул қилганида кўринганди. Халқимиз кексалар, аёллар ва болаларга бошпана бериб, улар билан охирги нони бўлагини бўлишишган. Уруш йиллари бизнинг халқимиз қанчалар буюк қалбга эга эканини кўрсатган», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Қадрли фахрийлар, биз ҳамиша ўзимизни сизнинг олдингизда қарздор сезамиз. Биз ёнимизда юрган кекса авлод вакилларига, уруш ва меҳнат фахрийларига эътибор ва ғамхўрликни кучайтирамиз», — деди давлат раҳбари.

«Мўътабар оталаримиз, меҳрибон оналаримиз бошимиздаги тожимиз эканини унутмаслигимиз керак. Бу ғанимат дунёда уларни қанча қадрласак, икки дунёда ҳам асло кам бўлмаймиз. Агар мендан қайси оила энг бахтли деб сўрашса, мен ҳеч иккиланмасдан, кексалари бош бўлиб, иззат-ҳурматда ҳаёт кечираётган оила деб жавоб қайтарган бўлардим», дея фикрларини якунлаган президент.

Байрам дастури доирасида Иккинчи жаҳон урушида фойдаланилган ҳарбий техникалар ва қурол-аслаҳаларнинг кўргазмаси ташкил этилган.

Мавзуга оид