Жаҳон | 16:00 / 11.05.2017
5399
2 дақиқада ўқилади

Туркия Wikipedia’га киришни тиклаши мумкин, бироқ унинг талаблари бор

Фото: РИА "Новости"

Туркия ҳукумати Wikipedia интернет-энциклопедиясига киришни қайта тиклашга тайёр. Бу ҳолат у ердан Туркиянинг терроризмни қўллаб-қувватлаши ҳақидаги ахборот олиб ташланса ва Wikipedia солиқлар тўласа рўй беради, дея маълум қилди мамлакат транспорт, кемачилик ва алоқа вазири Аҳмад Арслон пайшанба куни.

Аввалроқ Туркия ахборот технологиялари ва алоқа бўйича кенгаши тегишли қонун асосида 29 апрелдан wikipedia.org сайтига нисбатан маъмурий чоралар қўлланилаётгани ҳақида хабар берди. Туркияда бу қонун 5651-рақам остида бўлиб, у “Интернет соҳасини тартибга солиш ва бу соҳада амалга оширилган жиноятлар билан кураш тўғрисида” деб номланади.

Бундан аввал қонун мухолифат томонидан бир неча бора танқид қилинган. Улар фикрича, қонун нафақат сўз эркинлигини бузади, балки фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқини ҳам жиддий чеклайди.

"Туркияни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлат сифатида кўрсатиш мумкин эмас, бундай муносабат мамлакат ва унинг хориждаги ҳурматига катта зарар етказади. Wikipedia муҳаррирлари биз юборган матнларни сайтга қўйишмади, нотўғри ахборотни олиб ташлашмади. Шунинг учун унга киришни тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди. Айни кунда суд жараёни кетмоқда. Бироқ агарда Wikipedia хатоларни тўғирласа ва ҳақиқатга мос келувчи маълумотни жойлаштирса, биз чекловларни бекор қиламиз", - деган вазир NTV телеканали эфирида.

"Биз улар қонунчилик доирасида ҳаракат қилишини кутмоқдамиз. Суд идоралари талаби тўла бажарилишини истаймиз, ҳамда бу майдонча Туркияни ёмонлаш бўйича кампания сифатида фойдаланилмаслигини талаб қиламиз. Бундан ҳам муҳими, Туркияда уларнинг ваколатхонаси очилиши керак. Улар Туркиядаги фаолиятидан даромад олмоқда. Биз эса улар солиқ тўлашини хоҳлаймиз", - дея қўшимча қилиб ўтган Арслон.

Мавзуга оид