Спорт | 10:24 / 12.05.2017
32789
5 дақиқада ўқилади

«Реал»нинг янги танлови. «Янги Неймар» ким?

Охирги ҳафталарда «Реал» бразилиялик янги истеъдод Винисиус Жуниорни трансфер қилиш учун 61 миллион евро бермоқчилиги ҳақида хабарлар тарқалди.

У ким?

«У ҳали 19 ёшда, клуб эса унинг трансфери учун 32 млн евро берди. Кўп эмасми?». Хосеп Гвардиола жилмайиб жавоб қайтарганди: «Мен билмайман. Аммо бир неча йилдан кейин у жуда қиммат туради».

Гап Габриэл Жезус ҳақида, ҳозирда Манчестерда Серхио Агуэронинг ўрнини олиб қўйган бразилиялик бошқа футболчи ҳақида кетмоқда. Замонавий футболда шундай қоида юзага келган – ким ёш юлдузни тезроқ қўлга киритмоқчи бўлса, каттагина маблағни инвестиция қилиши керак.

Ҳозирда Испанияда ушбу ёш футболчининг Мадридга келиши мавзуси муҳокамалар марказида. «Фламенго» аъзоси ҳисобланадиган Винисиус Жуниор тиббий кўрикдан ўтган, дастлабки келишувга эришилган.

«Реал» бразилиялик янги истеъдод учун 61 миллион евро бермоқчи

Барчаси одатдагидек кўринади – гранд клублар одатда Жанубий Америкада ёш иқтидорларни излаб, уларни Европага олиб кетишади. Аммо бу ерда бошқачароқ. «Реал» «Фламенго»нинг бадал пули 30 миллион евро бўлган 16 ёшли футболчиси учун 45 млн евро тўламоқда, яна агентга ва футболчига 8 миллион евродан. У ҳали асосий жамоада битта ҳам ўйин ўтказмаган!

Бундай катта маблағга Жуниор учун ов қишдаёқ бошлангани туфайли юзага келди. Унга «Челси», «Манчестер Юнайтед» ва «Барселона» каби жамоалар томонидан жиддий қизиқишлар бор ва улар ҳам трансфер учун шартномада кўрсатилган маблағни сарфлашга тайёр эди. Ушбу футболчини «янги Неймар» дея атай бошлашганди.

«Реал» ёш футболчи учун космик сумма таклиф этиб, барча рақибларни йўлдан олишга қарор қилди. Қизиқ томони Винисиус Мадридда 2018 йилга борибгина пайдо бўлиши мумкин, у ўшанда 18 ёшга тўлади. У «Кастилья»да эмас, биратўла асосий жамоада ўйнай бошлайди.

Унинг алоҳида жиҳати нима?

Винисиуснинг таланти ҳақида кўплар шу йил қишида ўтказилган 17 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати вақтида билиб олишди. Унинг Парагвай ҳимоячиларини истаган кўйига солганини трибуналарда олқишлашди.

Жуниорга «Фламенго»нинг ёшлар жамоасидаги устози бу трансфердан ҳайратга тушгани йўқ: «У бошидан дадил футболчи эди. Бошқа болалар, жамоадошлари уни Робиньо деб атаб, ҳазиллашганча ундан автограф сўрашарди».

«16 ёшли ўсмир «Реал»да ўйнашга тайёр дейиш аҳмоқлик бўларди, аммо унда ростдан ҳам катта талант бор ва у буни ўз даражасида намойиш этмоқда», — дейди «Фламенго» мураббийи Зе Рикардо.

Винисиуснинг салоҳияти катта таассурот қолдиради.

Жуниор – чап қанотда ҳаракатланувчи классик ҳужумчи. У ҳамиша дарвозага зарба бериш ҳақида ўйлайди. Унинг дриблинги ўзига хос – ўсмир футболчилар орасида унга тенг келадигани йўқ. Ҳатто Бразилияда ҳам.

Бу тарих қандай давом этади, кейинроқ билиб оламиз. Ҳозирча Винисиус «Фламенго» тизимида ривожланишда давом этади. «Реал» кимга эга бўлади — янги Эдегоргами ёки ўз Неймарига – айтиш қийин, буни вақт кўрсатади. Факт шундаки, катта клублар ёш футболчилар учун катта пулларни аяшмаяпти. Ҳатто улар ҳали катта футболда ўзларини кўрсатмаган бўлишса-да. Брендни ривожлантириш – футболономиканинг бир қисмига айланган, буни эса Мадриддагилар жуда яхши тушунишади.

Неймар «янги Неймар»ни «Барселона»га ўтишга кўндира олмаган
 

Мавзуга оид