Фан-техника | 14:48 / 20.05.2017
19653
3 дақиқада ўқилади

Харид қилгандан сўнг афсусга сабаб бўлган 7 автомобиль аксилрейтинги

Американинг истеъмолчилар иттифоқи Consumer Reports ҳайдовчилар харид қилганларидан сўнг афсус қилган автомобилларнинг «аксилрейтинг»ини эълон қилди. Сўровда 2014-2017 йилларда ишлаб чиқарилган автомобилларни харид қилган 300 минг киши иштирок этган. Қуйидаги 7 моделни ҳайдовчилар яна бир бор имкон берилганида ҳеч қачон харид қилмаган бўлишларини билдиришган. 

Jeep Compass

Compass «ихчам йўлтанламас»лар орасида аксилрейтинг етакчиси деб топилди. Автомобиль ноқулай ўриндиқлар, орқани кўришнинг ёмонлиги, ёмон динамика ва шовқинликнинг баландлиги сабаб шундай натижани қайд этмоқда. Сўралганларнинг атиги 42 фоизи йўлтанламасга ишонч билдирган. 

Nissan Pathfinder

Ўрта ҳажмли автомобиллар қаторидаги «олтин» мукофот Япония автомобилсозлик саноати вакили Pathfinder машинасига тегишли бўлди. Уни харид қилганларнинг аксарияти автомобиль харид қилишга арзимайди, деган фикрни билдирган. Pathfinder моделига хос мураккаб йўлларда ҳаракатланиш сифати, ишончсизлиги ва ёқилғини кўп сарфлаши шундоғам ёмон автомобилга нисбатан қарашни янада пасайтирган. 

Dodge Dart

Ихчам седанлар орасида яна бир «америкалик» машина ҳайдовчиларнинг ишончини оқлай олмаган. Харидорларга кўра, совутгичи талабга жавоб бермайди, ноқулай ўриндиқлар, секин тезлик олади ва кўплаб техник муаммолари бор. Албатта, таъкидлаш жоиз, у аллақачон ишлаб чиқаришдан олинган. 

Chrysler 200

200 лик Chrysler ҳам «Дарт» каби ишлаб чиқаришдан олинган. Таъкидланишича, ушбу икки модель учун "Фиат" компаниясининг Alfa Romeo Guilietta платформаси олинган. Унинг эгалари тор салондан, ускуналарнинг ўртача сифатли эканидан, 4 цилиндрли моторнинг кучсизлигидан ва ўта шовқинидан нолишган. 

Dodge Grand Caravan

Катта оилавий минивэн ўзининг анча арзон нархига қарамай, харидорлар ишончини қозона олмади. Уни сотиб олган америкалик ҳайдовчилар силтанувчи узатмалар қутиси, ноқулай иккинчи қатор, аудиотизимнинг сифатсизлиги ва салонга арзон материаллар билан ишлов берилганини таъкидлашган. 

Nissan Frontier

Nissan компаниясининг яна бир вакили. Ушбу пикап Европа ва бошқа давлатларда Navara номи билан яхши маълум. Транспорт воситаси деярли 2005 йилдан бери ўзгаришсиз ишлаб чиқарилади ва ўшандан бери пикаплар орасида энг қуйи ўринни эгаллаб келади. Унга нисбатан билдирилган норозиликлар сифатида  — шовқин даражаси юқорилиги, рул чамбараги гидрокучайтиргичининг ғаройиб ишлаши, қаттиқ ўриндиқлар ва қайрилиб олиш майдонининг катталиги кабиларни кўрсатиш мумкин. 

Acura ILX

Аксил рейтингнинг «энг юқори» ўрнида жуда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган ILX машинаси жойлашди. Тўғри, рейтингда Dodge Dart ва Chrysler 200 ҳам ундан сезиларли олдинда эмас. Седанни ёмон бошқарувга, сифатсиз бўёққа эга бўлган «Сивик» деб аташди. Тезлик олиши ҳам кўнгилдагидек бўлмаганига яраша арзон ҳам эмас, деб таъкидлашган америкалик мижозлар. 

Мавзуга оид