Жаҳон | 09:30 / 23.05.2017
59704
3 дақиқада ўқилади

Манчестерда теракт. Қонли ҳодиса бўйича барча маълумотлар

Фото: Reuters

22 май оқшомида Манчестер шаҳридаги Manchester Arena ёпиқ стадионида портлаш рўй берди. Бу вақтда америкалик хонанда Ариана Гранденинг концерти бўлаётганди. Полиция маълумотларига кўра, ҳодиса оқибатида камида 19 киши ҳалок бўлган, 59 киши жароҳатланган.

Жабрланувчилар яқин шифохоналарга олиб борилган, баъзи кишиларга стадионнинг ўзида тиббий ёрдам кўрсатилган. BBC News хабарига кўра, кўпчиликда мих санчилиши туфайли жароҳатлар қайд этилган.

Портлаш ҳақидаги ахборот маҳаллий вақт билан соат 22:35 да (Тошкент вақти билан 02:35 да) келиб тушди. Ҳодисага оид видеолар тарқалган.

Ҳозирча портлаш қандай содир этилгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодисани террорчилик акти сифатида кўриб чиқмоқда. Америкадаги нашрлар портлаш террорчи худкуш томонидан содир этилгани ҳақида маълум қилди.

Стадион жойлашган Cathedral Garden тумани аҳолисига уйлардан чиқмаслик сўралди, ҳудудда полициячилар навбатчилик қилмоқда.

Манчестердаги портлашга оид илк видеолар тарқалди

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Манчестердаги ҳодисани «қўрқинчли террористик акт» дея баҳолади ва қурбонларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди.

Дунёдаги кўплаб мамлакатлар раҳбарлари бу терактни қораламоқда.

Ариана Гранде бу ҳодиса бўйича чиқиш қилди, у твиттерида бу ҳодисадан кейин «қалби сингани» ҳақида ёзди.

«Қалбим синди. Бу ҳодиса учун афсусдаман, бу афсусимни сўз билан ифодалаб бера олмайман», деди у.

Ироқдаги Akhbaar нашри маълумотига кўра, теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олди.

Полиция маълумотига кўра, портлаш стадион фойесида юз берган, Manchester Arena маъмурияти эса ҳодиса «иншоотдан ташқарида, жамоат жойида» юз берганини таъкидламоқда. Портлашдан кейин шаҳарнинг асосий темирйўл бекатларидан бири, арена яқинидаги Manchester Victoria бекати ёпилган.

Manchester Arena асосан концертлар ўтказиш учун мўлжалланган. Унинг ҳудудида икки хоккей клуби ва бир баскетбол жамоаси ҳам жойлашган.

Полиция Манчестердаги портлашга оид янги маълумотларни берди

 

 

Мавзуга оид