Жаҳон | 09:15 / 24.05.2017
6951
7 дақиқада ўқилади

Нима учун ЖССТ бош директори этиб африкалик сайланди?

Фото: EPA/VALENTIN FLAURAUD

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг янги бош директори этиб Эфиопия соғлиқни сақлаш вазирлиги собиқ раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус сайланди. Бу қарор сешанба куни, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Женевадаги 70-сессиясида қабул қилинди.

ЖССТ раҳбарлигини эгаллаган илк африкалик

ЖССТга илк бор Африка давлати вакили раҳбар бўлди. У беш йил давомида ташкилотни бошқаради. Ташкилот мақсади эса “барчани энг юқори соғлиқни сақлаш даражаси билан таъминлаш”. Тедрос Аданом Гебреисусга қадар ташкилотни канадалик, бразилиялик, даниялик, япониялик, норвегиялик, жанубий кореялик, швециялик ва хитойлик бошқарган.

Тедрос Аданом Гебреисус Эритрея пойтахти ва Лондонда таҳсил олган, “Жамоат соғлиғини сақлаш” мутахассислиги бўйича фан доктори унвонига эга. 2005-2012 йилларда Эфиопия соғлиқни сақлаш вазири бўлган, 2016 йилга қадар эса ушбу давлат ТИВ раҳбари сифатида ишлаган.

У сайланганидан сўнг чиқиш қилиб, барчага миннатдорлик билдирди ҳамда бош директор лавозими учун кураш олиб борган рақобатчилари билан ишлашда давом этишини айтди. "Дунёга барча уч киши керак, шунинг учун биз биргаликда ишлаймиз", - деди у. Гебреисуснинг таъкидлашича, дунё гўзаллиги ва унинг хилма-хиллигини ҳурмат қилиш жуда муҳим.

"Кишилар уларни ўқитишларини исташмайди, улар ўзларини тинглашларини хоҳлашади", - дея қўшимча қилиб ўтди у. У келажакдаги асосий устувор вазифаси сифатида “барча давлатларни максимал даражада самарали соғлиқни сақлаш тизими билан қамраб олиш”ни эътироф этди.

Бош директор – ЖССТдаги энг катта маъмурий ва техник лавозимга эга шахсдир. У ташкилотнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги халқаро фаолиятини назорат қилади. Амалдаги сайловларга эътибор жуда катта бўлди, сабаби ЖССТ раҳбари роли анъанавий равишда анча юқори баҳоланади. Унинг хатти-ҳаракатларига жаҳон соғлиқни сақлаш соҳаси олдида турган кўплаб чақириқлар билан кураш натижадорлиги боғлиқдир.

Буни ЖССТни ўтган 10 йил давомида бошқарган Маргарет Чэнь ҳам исботлаб берди. Бу вақт давомида Эбола вируси туфайли пайдо бўлган касаллик, Зика безгаги ва бошқа қатор хавфли хасталиклар оммавий равишда тарқалди. Уларни тезкорлик билан бартараф этиш учун куч ва маблағларни сафарбар қилиш лозим бўлди.

Бошқа номзодлар

ЖССТ делегатлари илк бор уч номзоддан бирини бош директорликка танлашди. Тедрос Аданом Гебреисусдан ташқари рўйхатда британиялик Дэвид Набарро ва покистонлик Санья Ништар ҳам бор эди. Аввалига номзодлар сони олтита эди, бироқ ЖССТ Ижро қўмитаси аъзолари билан суҳбатдан сўнг уларнинг сони уч нафарга қисқарди.

Набарро Оксфорд университетини тамомлаган; репродуктив эндокринология соҳасидаги мутахассис саналади; 1998 йилдан бери Лондон шифокорлар Қироллик коллежининг ҳақиқий аъзоси. 1999 йилдан бери БМТ ва ЖССТда турли лавозимларда ишлаб келади, 2016 йилдан БМТ бош котибининг барқарор тараққиёт соҳасидаги махсус маслаҳатчиси.

Ништар 1963 йилда Пешоварда туғилган, Хайберг тиббиёт коллежини тамомлаган, 2002 йилда Лондон Қиролли коллежида тиббиёт доктори унвонини олди, 2005 йилдан бери Лондон шифокорлар Қироллик коллежининг ҳақиқий аъзоси. 2013 йилда Покистон ҳукуматида федерал вазир лавозимини эгаллаган, ЖССТ ишчи гуруҳлари ва комиссияларда катта тажрибага эга.

Сайловлар номзодларнинг дастурлари тақдимоти билан бошланди. Сўнгра ёпиқ режимда овоз бериш жараёни ўтказилди, бунга тўрт соат вақт талаб этилди. Сайланиш учун овозларнинг учдан икки қисмини олиш лозим эди. Якунда бир неча раунддан сўнг Аданом Гебреисус ғалаба қозонди.

"Қулоқ тутамиз..."

Янги бош директорни ЖССТнинг турли минтақалар вакиллари илиқ кутиб олишди. Хусусан, Жазоир вакилининг таъкидлашича, аъзо давлатлар ЖССТдан “соғлиқни сақлаш ва молияларни бошқариш соҳасида етакчи позицияларни эгаллаш”га имкон берувчи аниқ хатти-ҳаракатни кутмоқда, бу ресурсларни ошириш ва фавқулодда вазиятлар билан курашда ёрдам беради. "Юқумли ва юқумли бўлмаган касалликлардан азият чекувчи олис ҳудудларга алоҳида эътибор қаратиш лозим", - дея таъкидлаб ўтди жазоирлик делегат.

Америка давлатлари номидан чиққан Эквадор вакили эса, камситишнинг барча кўринишлари билан курашга кўпроқ аҳамият бериш кераклигини қайд этди. Дунёдаги барча эҳтиёжманд болаларни дори-дармонлар билан таъминлаш керак, дея таъкидлаб ўтган у.

Шарқий Ўрта Ер денгизи давлатлари номидан чиқиш қилган Марокаш делегати, янги бош директор саъй-ҳаракатлари бу минтақада соғлиқни сақлаш масаласига кўмак кўрсатишга қаратилишига умид билдирди. Унинг сўзларига кўра, алоҳида эътибор ташхис ва профилактикага қаратилиши, ҳамда ЖССТ минтақавий бюросини мустаҳкамлаш лозим.

Европа минтақасидан чиқиш қилган Туркия вакили ташкилот янги раҳбарининг профессионаллигини таъкидлаб ўтди. "Биз сизнинг фикрингизга ҳар доим ҳам қўшилмаймиз, бироқ сизга қулоқ тутамиз", - деди у. Делегатнинг эслатишича, хавфли касалликлар тарқалишига жавобан самарали жавоб дастурларини ишлаб чиқиш ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги узоқ муддатли вазифаларга эътибор қаратиш лозим.

Индонезия вакили Жанубий-Осиё минтақаси давлатлари номидан чиқиш қилар экан, сессия иштирокчилари эътиборини ривожланган ва ривожланаётган давлатлар соғлиқни сақлаш хизматлари даражаси ўртасидаги фарққа қаратди. Унинг сўзларига кўра, бу муаммо барқарор ривожланиш Мақсадларини амалга ошириш йўлида ғовдир.

Тинч океанининг Ғарбий қисми давлатлари номидан эса япониялик делегат чиқиш қилди. У Тедрос Аданом Гебреисус "бу лавозимни ҳалол йўл билан эгаллаганини" таъкидлаб ўтди. Барқарор ривожланиш Мақсадлари ва дунёда соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга эътибор қаратиш лозим, деди у.

Фахрий президент

Июнь охирида ЖССТ раҳбари лавозимидаги 10 йиллик фаолиятини якунлайдиган Маргарет Чэнь ЖССТ Фахрий бош директори лавозимига лойиқ топилди. Делегатлар томонидан қабул қилинган резолюцияда айтилишича, "Маргарет Чэнга 2007-2017 йилларда ЖССТни жуда мураккаб даврда, яхши даражада бошқаргани учун чуқур миннатдорлик билдирилади". Унинг ташкилот самарадорлиги ва ошкоралигини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари алоҳида қайд этилди.

Келажакдаги режалар

22 май куни бошланган ва 31 майга қадар давом этадиган ушбу сессия давомида, қатор резолюциялар қабул қилинади, соғлиқни сақлаш соҳасидаги долзарб вазифалар бўйича келишувлар ва глобал режалар имзоланади. Ўз ечимини кутаётган долзарб вазифалар орасида: юқумли бўлмаган касалликлар профилактикаси, вакциналар етишмовчилиги, микробларга қарши препаратларга бардошлилик билан кураш, кадр ресурсларини ривожлантириш, аёллар, ўсмирлар соғлиғи муаммолари, жамоат соғлиғини сақлаш ва бошқалар бор.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ЖССТ янги бош директори билан

Мавзуга оид