Жаҳон | 17:32 / 26.05.2017
15035
2 дақиқада ўқилади

Саҳродаги теракт: Мисрда ўнлаб зиёратчилар ҳужум қурбонига айланди

Мисрда христиан зиёратчиларнинг икки автобуси портлатилиши оқибатида камида 26 киши ҳалок бўлиб, 26 киши жароҳатланди. Жароҳатланганларнинг кўпчилиги оғир аҳволда қолмоқда. Баъзи манбаларга кўра, қурбонлар сони 35 нафарга етган. қурбонлар орасида болалар ҳам бор.

Бугун, 26 май кунининг биринчи ярмида Ал-Минья вилояти ҳудудида Муқаддас Самуил монастирига йўл олган христиан-коптларга икки йўлтанламас автомобилда бўлган камида 10 жангари ҳужум қилган. Бу ҳужум Мисрда камчиликни ташкил қилувчи коптларга қилинган навбатдаги йирик ҳужум бўлди. Автобуслардан бирида 40 нафар бола бўлган, иккинчисида ёши катталар жойлашганди.

Ҳозирча бу ҳужум учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олмади.

Айни вақтда ҳодиса ҳудуди ўраб олинган, ҳужум қилувчилар қидирилмоқда.

Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий ушбу ҳодиса туфайли мамлакат миллий хавфсизлик хизматининг шошилинч йиғилишини чақирди.

Мисрда 9 миллионга яқин христиан яшайди. Уларнинг аксари копт маҳзабида. Бу тоифа охирги вақтларда кўп марта ҳужумга йўлиқмоқда.

9 апрель куни коптларда серияли ҳужумлар уюштирилганди. Ўшанда Тантдаги Муқаддас Георгий ва Александриядаги Муқаддас Марк черковларига худкуш террорчилар ҳужумлар қилганди. Оқибатда 40дан ортиқ киши ҳалок бўлиб, 100дан ортиқ киши жароҳатланганди. Бу ҳужум учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган.

2016 йилнинг декабрида эса Қоҳирадаги коптлар соборида портлаш рўй берган, ҳужум оқибатида 22 киши ҳалок бўлиб, 57 киши жароҳатланганди.

Мавзуга оид