Абдулазиз Комилов валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштиришни таклиф қилди
Олий Мажлис Сенатининг 27 май куни бўлиб ўтган навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳисобот берди. Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) сайтида вазирнинг Сенатдаги нутқи матни тўлиқ ҳолда келтирилган.
Вазир инвестицияларни жалб қилиш бўйича ишларни мувофиқлаштиришда бошқа вазирлик ва идоралар билан «тизимли муаммолар» борлигидан норозилик билдириб ўтган.
«Ташқи ишлар вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ишларни мувофиқлаштириш билан алоқадор тизимли аҳамиятга молик бўлган қатор муаммоларга дуч келмоқда. Улар орасида қуйидаги ҳолларни алоҳида қайд этишни истар эдим:
Биринчи, сармоялар жалб этиш масалалари юзасидан вазирлик ва идоралар ўртасидаги вазифаларда аниқ ва қатъий тақсимот мавжуд эмас.
Иккинчи, хорижий ваколатхоналаримиздан келиб тушадиган чет эллик шерикларнинг таклифлари вазирлик ва идоралар томонидан кўриб чиқилиши асоссиз равишда чўзилиши.
Кўпгина ташаббуслар Ўзбекистон учун яққол фойдали эканлиги кўриниб турган бўлса-да, улар лозим даражада қўллаб-қувватланмайди ёки инкор этилади. Одоб-аҳлоқ нуқтаи назаридан, хорижлик шерикларнинг мурожаатларига муносабат билдирмаслик мумкин эмас — ҳатто уларнинг таклифлари бизда қизиқиш уйғотмаса ҳам.
Учинчи, лойиҳа ҳужжатлари, уларнинг техник-иқтисодий асосланганлиги ва сармоявий таклифларнинг пухта тайёрланмаслиги. Ўзбекистон тармоқ идоралари ва компанияларининг сармоявий лойиҳалари ҳамда таклифларининг сифатини кўпгина хорижлик экспертлар «бўш» ёки «халқаро андозаларга жавоб бермайди» деб баҳолашади. Уларда маркетинг тадқиқотлари натижалари, таклиф этилаётган лойиҳалар истиқболлиги асосланиши, уларнинг афзаллиги ва иқтисодий самарадорлигига доир маълумотлар бўлмайди – умум қабул қилинган оддий талаблар – почта манзили, телефон ва факс рақами, электрон почта манзилини ёзишни-ку айтмай қўя қолайлик. Мутлақо кўрсатилмайди», деган вазир.
Унинг айтишича, валюта конвертацияси ва инвесторлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси чет эллик бизнесменларни Ўзбекистондан қочирмоқда. Иқтисодиётга хорижий маблағларни жалб этишда давом этиб келаётган паст кўрсаткичнинг сабабларини аниқлаш мақсадида ТИВ Ўзбекистонда ишлаш тажрибасига эга хорижий сармоядорлар, бизнесменлар ва молия ташкилотларининг экспертлари ўртасида сўровнома ўтказган. Улар Ўзбекистонга сармоя оқимини тўхтатиб қўяётган қатор омил ва шароитларнинг баъзилари сифатида қуйидагиларни санаб ўтган:
валюта конвертацияси ва фойдани репатриация қилиш;
банк-кредит тизимининг такомиллашмаганлиги;
сармоядорлар ҳуқуқларининг заиф ҳимояси ва етарли даражада самарали бўлмаган суд тизими;
маъмурий-бюрократик тўсиқлар (кўплаб хорижий компаниялар ўз фаолиятини амалга ошириш учун лицензия ва рухсат олиш тартиб-қоидаларидан норози);
паст инвестиция рейтинги.
Комиловнинг маълум қилишича, вазирлик мазкур муаммоларини ўрганиб, «Инвестиция муҳитини янада такомиллаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларига хорижий сармоя ҳамда замонавий технологиялар жалб этилишини рағбатлантириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар давлат дастури» лойиҳасини ишлаб чиққан ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон раҳбариятига киритган.
Абдулазиз Комилов давлат бюджети ва унинг бажарилиши кўрсаткичларини мунтазам эълон қилиш ҳамда валюта бозорини либераллаштиришни таклиф қилган.
«Ташқи ишлар вазирлиги ва хорижий ваколатхоналарнинг сармоя ва замонавий технологиялар жалб этиш соҳасидаги фаолиятини яхшилаш, шунингдек, мамлакатнинг сармоявий салоҳиятини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни қабул қилишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаган бўлардик:
1) Биз томонимиздан алоқадор вазирлик ва идоралар билан бирга ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг 2017 – 2021-йиллардаги ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолияти Стратегиясини тасдиқлаш.
2) Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари тузилмасини оптималлаштириш ва танқидий таҳлил қилган ҳолда хорижий ваколатхоналар штат жадвалини қайта кўриб чиқиш;
Элчихоналар фаолиятида иқтисодий йўналишни мустаҳкамлаш лозим бўлган муҳим давлатлар рўйхатини аниқлаштириш ва шу билан бирга, зарур бўлганда қўшимча савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи штатини киритиш;
3) Ташқи ишлар вазирлиги аппаратида Вазирлик ҳузурида халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари билан шуғулланадиган мустақил бўлинма ташкил этиш. Бу борада ишлар бошлаб юборилган;
4) халқаро иқтисодчи-мутахассисларни тайёрлашнинг асосларини тубдан қайта кўриб чиқиш, бунда, энг аввало, ушбу соҳага тегишли ўқув юртларининг, шу жумладан, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратиш;
5) дунё тажрибаси асосида лойиҳалашга оид таклифларни тайёрлашнинг ягона стандартларини ишлаб чиқиш. Инвестиция лойиҳалари ҳамда корхона ва объектларни хусусийлаштириш борасидаги таклифларни сифатли тайёрлаш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқишга Ғарб давлатларининг етакчи консалтинг компанияларини фаол жалб қилиш;
6) валюта бозори ва банк-молия тизимини либераллаштириш, сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш бўйича қонунчиликни такомиллаштириш борасидаги ишларни давом эттириш;
7) халқаро рейтинг агентликлари ва тадқиқот ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш. Очиқ манбаларда сармоядор учун инвестициявий фаолиятини амалга оширишда зарур бўлган иқтисодий маълумотларни, жумладан, давлат буджети ва унинг бажарилиши, пул-кредит сиёсати, ташқи савдо кўрсаткичлари ва бошқа ахборотларни мунтазам эълон қилинишини таъминлаш.
Абдулазиз Комилов Сенатдаги нутқи якунида Ташқи ишлар вазирлигининг «инвестиция жалб қилишдан ташқари» асосий вазифаларини санаб ўтди. ТИВ раҳбари ўз нутқи давомида ўтган 9 ой давомида айнан инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш вазифаларидаги сусткашликлар учун 7 элчи вазифасидан озод этилгани, йил бошидан бери вазирнинг уч ўринбосари ва икки нафар бошқарма бошлиғи қатъий ҳайфсан олганини маълум қилди.
Комиловнинг таъкидлашича, ТИВ мажбуриятлари доирасига «Ўзбекистонга инвестиция ва илғор технологияларни жалб қилишдан ташқари»:
халқаро майдонда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва илгари суриш,
йирик мамлакатлар ва минтақалардаги таъсир доираси кучли давлатлар билан ҳар томонлама тенглик тамойилига мос, барқарор ва истиқболга эга бўлган алоқаларни ўрнатиш,
минтақавий хавфсизликни таъминлаш,
Ўзбекистон атрофида фаровонлик ва барқарорлик ҳудудини шакллантириш,
халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш,
хорижий давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш,
трансчегаравий дарёлар манбаларидан оқилона ва адолатли фойдаланишнинг таъминланишини тартибга солиш,
давлат чегараларининг делимитация ва демаркацияси масалаларини ҳал қилиш,
қўшни давлатлар билан конструктив ва дўстона алоқаларни йўлга қўйиш каби вазифалар ҳам киради.
«Ифодали қилиб айтганда, Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаси – бу мамлакатнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини унинг яқин атрофида ҳам, узоқда ҳам таъминлашдан иборатдир. Шунга қарамай, ТИВ раҳбари вазирлик ва Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналари «ўз олдига қўйилган сиёсий-дипломатик фаолият билан бирга, савдо-иқтисодий ва сармоявий устувор вазифаларни ҳам ўз вақтида ва самарали бажариш учун бор куч-ғайратини ишга солади», — деган Абдулазиз Комилов.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024