Сервер Жепаров: «Барчаси жуда оддий – қолган ўйинларда ғалаба қозонишимиз керак»
Ўзбекистон миллий терма жамоаси ярим ҳимоячиси Сервер Жепаров Эронга қарши ўйин олдидан Осиё футбол конфедерацияси расмий сайтига интервью берди. Суҳбат чоғида Осиёнинг икки карра энг яхши футболчиси ЖЧга чиқиш истаги бор эканини яширмаган.
«Барчаси жуда оддий – биз саралаш босқичидаги қолган уч ўйинда ғалаба қозонишимиз керак, ўшанда плей-офф босқичида ўйнамаймиз ва жаҳон чемпионатига автоматик равишда йўл оламиз. Сўнгги 8 йил давомида, айниқса, бундан аввалги саралаш босқичида кучли таркиб билан ҳаракат қилдик. Бу мен ўйнаган энг кучли авлод эди», – дея Жепаровнинг сўзларини келтирган ЎФФ матбуот хизмати.
Сервер Жепаров 34 ёшида ЖЧ–2018 мусобақасига чиқиш орқали мамлакат қаҳрамони бўлиш истаги ҳақида ҳам сўзлаган.
«Ғалаба қозониш нафақат мен учун, балки Ўзбекистон аҳолиси учун мотивация бўларди. Чунки мамлакат термаси жаҳон чемпионатида иштирок этмаган. 34 ёшимда ЖЧ–2018 турнирига йўл олиб, мамлакат қаҳрамонига айланишни хоҳлардим», – деган футболчи.
Жепаров Ўзбекистон термаси 2014 йилги мундиалга чиқишга жуда яқин боргани ва қўлдан бой берилган имкониятдан кейин кетиш ҳақида ўйлаганини айтиб ўтди.
«Биз яхши ўйнаган эдик ва ЖЧ–2014 турнирига чиқиш учун битта гол камлик қилганди. Бундан афсусда эдик. Жанубий Корея термаси Эронга мағлуб бўлганини эшитгач, қўлдан бой берилган барча имкониятлардан афсусга тушгандик. Мен термадан кетишни ва умуман футбол кўрмасликни истагандим», – деб эслаган Сервер Жепаров.
Маълумот учун, Эрон ЖЧ–2018 саралаш босқичида 7та ўйин ўтказиб, 5та ғалаба ва 2та дуранг қайд этди. Карлуш Кейруш шогирдлари бирорта ҳам ўйинда гол ўтказиб юбормаган. Шунга қарамай, Сервер Жепаров эртанги ўйин олдидан ижойиб кайфиятда эканини айтди. У Ўзбекистон 2012 йили Теҳронда Эронни мағлубиятга учратишга муваффақ бўлганини келтирган.
«Исталган жамоа билан ўйнай олишимиз бизга ишонч беради, ҳатто сафар ўйинларида ҳам. Биз гуруҳдаги энг кучли рақибни мағлубиятга учратиш имкониятига ишонамиз ва айнан шу нарса бизда ишонч туғдиради. Рақибни мағлубиятга учратиш учун 100 фоиз, ҳатто 120 фоиз кучимизни беришимиз керак бўлади. Барча 11 футболчи бир жамоа бўлиб ўйнаши талаб қилинади», – дейди Жепаров.
Мавзуга оид
10:05
ЕИ Россия учун баллистика туфайли Эронга қарши санкциялар тайёрлади
20:37 / 15.11.2024
Исроил Эрондаги махфий ядро лабораториясини йўқ қилди — ОАВ
00:51 / 15.11.2024
Пизишкиён: Эрон ядро қуролини яратмайди
14:15 / 06.11.2024