Ўзбекистон | 12:00 / 13.06.2017
6767
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов БМТ раҳбари билан музокаралар бўйича маълумот берди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари тўғрисида интервью берди. 

Вазирнинг «Ўзбекистон» телеканалига берган интервьюси Ўзбекистон ТИВ расмий сайтига жойлаштирилган. Комилов интервьюсида Гутерриш ва президент ўртасида ўтказилган музокараларда бир қатор долзарб масалалар кўтарилганини маълум қилган.

«Биринчидан, минтақадаги вазият, Афғонистон, хавфсизлик муаммолари. Иккинчидан, минтақавий ҳамкорлик, учинчидан, сув масалалари бўйича ҳамкорликни кўриб чиқишди. Тўртинчидан, Бирлашган миллатлар ташкилоти экология масалалари, айниқса, Оролбўйидаги масалаларни ҳал қилишда қандай ёрдам бериши мумкинлигини», — дейди Абдулазиз Комилов.

Унинг айтишича, томонлар сув масаласига катта эътибор қаратган.

БМТ бош котиби учрашувда ташкилот томонидан минтақадаги вазият юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берган: ташкилот иккита жиддий конвенция тайёрлаган — Амударё ва Сирдарё бўйича конвенциялар.

«Жаноб Гуттериш Қозоғистонда ҳам шу масалани кўтарди. Қирғизистон ва Тожикистонга борганида ҳам шу масалани кўтаради. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти номидан.

Ушбу иккита конвенцияни амалга оширишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шу давлатлар билан бирга ишлашга тайёр. Бу жуда катта ютуқ, бу жуда яхши қадам. Нега деганда бу муаммолар, 20—25 йилдан буён кун тартибида бор, аммо қандайдир силжиш, қандайдир ижобий натижага эга бўлганимиз йўқ. Агар буни охиригача олиб бориб ҳал қилсак, бу жуда катта ютуқ бўлади», — дейди Абдулазиз Комилов.

Мавзуга оид