Жаҳон | 00:24 / 14.06.2017
4332
2 дақиқада ўқилади

Бангладешда кучли ёмғирлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 130 нафардан ошди

Фото: AFP

Охирги кунларда Бангладеш жануби-ғарбида давом этаётган кучли ёмғирлар ва унинг оқибатида содир бўлган кўчкилардан ҳалок бўлганлар сони 134 нафарга етди. Бу ҳақда AFP ахборот агентлиги маҳаллий ҳукуматга иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ 77 нафар одам ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Ахборот агентлиги маълумотларига кўра, табиий офатга учраган туманларда қутқарув ишлари амалга оширилиб, маҳаллий аҳоли уйларидан эвакуация қилинмоқда. Ҳукумат қурбонлар сони ошишидан хавотир билдирмоқда. Ҳозирда қутқарувчилар офат домида қолган бориш қийин бўлган ҳудудларга етиб боришга ҳаракат қилишмоқда.

Кучли ёмғирлар 12 июнь тонгда Бангладешнинг жануби-шарқий қисмида бошланган. Ёмон об-ҳаводан кўпроқ Рангамати ва Бандарбан округлари жабр чеккан. Офатдан жабр чеккан ҳудудларда телефон алоқаси ишламаяпти, транспорт ҳаракати издан чиққан.

Рангамати маъмурияти вакили Мазурал Маннон бу округнинг ўзида 98 киши ҳалок бўлганини маълум қилган.

Таъкидланишича, ҳалок бўлганлардан аксарияти табиий офат қандай зарба беришидан бехабар осойишта уйқуда бўлганлар.

Бангладешда муссон ёмғирлар мавсуми июндан сентябргача давом этади. Бунда жалали ёмғирлар оқибатида келиб чиқадиган кўчкилар кўпинча ўнлаб одамларнинг ҳаётини олиб кетади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид