Жамият | 15:37 / 20.06.2017
32923
2 дақиқада ўқилади

Хусусий тиббий клиникалар машинаси нега жаримага тортилмоқда?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХ Бош бошқармаси Тошкент шаҳрида жорий этилган “Йўл ҳаракатини бошқаришнинг компьютерлаштирилган тизими” томонидан қайд этилган ва содир этилган қоидабузарликлар учун қонунчиликда белгиланган муддатларда жарималарни тўлашдан бўйин товлаётган корхона ва ташкилотлар рўйхатини тақдим этди.

Рўйхатда кўпроқ хусусий тиббий клиникалар номи келтирилган. Хўш, хусусий тиббий клиникалар транспорт воситаси махсус транспортлар сирасига кирмайдими? 

Кун.uz ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ ЙҲХ Бош бошқармасидаги манба билан боғланди.

Бошқармадаги манбанинг айтишича, хусусий тиббий клиникалар ўзларига тегишли транспорт воситаларини чақириқ вақтида қоидабузарликка йўл қўйилганлиги ҳақида маълумот тақдим этсалар, жаримага тортиш тўғрисидаги қарор бекор қилинади.

Маълум қилинишича, тез тиббий ёрдам хизматининг транспорт воситаларидан фойдаланиш учун масъул ходимлари ҳозирда ушбу ҳолат бўйича ЙҲХга бориб, тегишли чақириқ давомида қоидабузарликка йўл қўйилгани ҳақида маълумотларни тақдим этмоқда.

Айтилишича, хусусий тиббий клиникалар маъмурияти билан суҳбат ўтказилган. “Лекин, улар ҳали маълумот тақдим этмадилар”, - дейди ЙҲХ Бош бошқармасидаги манба.

Бундан ташқари, маълум қилинишича, компьютерлаштирилган тизим автоматик бўлиб, у исталган ҳар қандай машина қоидабузарликни амалга оширганини қайд этиб бораверади. “Агарда, хусусий тиббий клиникалар бизга келиб, қоидабузарликка йўл қўйилган вақтда чақириққа кетаётганини исботлаб берса, жаримага тортиш тўғрисидаги қарор бекор қилинади. Сабаби чақириқ ҳақида барибир махсус дафтарларга қайд киритилади. Шундай ҳужжатларни олиб келиб, исботлаб берса, бўлди”, - дейди манба.

Айтилишича, бу борада тегишли ҳужжатларни Миробод туманидаги Водил кўчасида жойлашган 3-диагностика тармоғи биносидаги маъмурий-амалиёт бўлимига тақдим этиш лозим.

Мавзуга оид