Жамият | 23:55 / 22.06.2017
28655
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекконцерт» хонандаларнинг Youtube’даги бачкана клипларини олдирмоқда

Интернетдаги айрим оммавий ахборот воситаларида 1 июлдан бошлаб ўзбекистонлик хонандалар клипларини Youтube видеопорталига жойлаштириш учун ҳам «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси қошида ташкил этилган бадиий кенгаш рухсатини олиши керак бўлади, мазмунидаги хабарлар тарқалди.

Кун.уз таҳририяти ушбу хабарнинг ҳаққонийлигини аниқлаш мақсадида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси (аввалги «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси) қошидаги Концерт-томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаҳҳоров билан боғланди ва у кишидан қуйидаги жавоблар олинди:

— Кейинги пайтларда хонандалар ўртасида жуда бачкана клиплар яратиш ҳолатлари кузатилмоқда. Азамат ака (Ҳайдаров) иш бошлаганидан сўнг, уларга таклиф билан чиқдик ва улар буни маъқуллашди: биз икки йилдан буён телевидение билан ҳамкорликда санъаткорлар борасида ягона бадиий кенгаш ташкил қилиш учун ҳаракат қилиб келмоқдамиз.

Биз барибир «Ўзбекконцерт» қошида бадиий кенгаш ташкил қилдик. Бадиий кенгашга клипмейкер ва шу соҳада шуҳрат қозонган шахсларнинг кўпчилиги аъзо бўлган. Мақсадимизга кўра, ким қандай нима мақсадда клип чиқарётганидан, қайси вилоятда хизмат кўрсатаётганидан қатъи назар, агар у биздан лицензия олган бўлса, ишлаган клипини бизга юборади. Клип бадиий кенгаш тасдиғидан ўтганидан сўнг, унга телевидениеда айлантиришга рухсат берилади.

Масалан, яқинда Қиличбек Мадалиевнинг Youtube’да жойлаштирилган клипларидан бирини олдириб ташладик.

Санъаткорларимиз ҳам клип олишда озмунча харажат қилмайди, албатта. Телевидениенинг ўз бадиий кенгашидан ўтаётган клипларни ҳам кўриб турибмиз. 

— Тушунарли. Энди яна бир савол: мисол учун, мен клип олдим, «Ўзбекконцерт» бадиий кенгашига тақдим этдим, клип маъқулланди. Менга бу ҳақида бирор ҳужжат берилса керак. Мен ўша ҳужжат билан телевидение эшигидан бемалол кираманми ёки уларнинг бадиий кенгаши хулосасини ҳам кутаманми?

— Йўқ, телевидение ҳеч қандай ҳужжат талаб қилмайди. Биз тасдиқлаган клип телевидениенинг ҳар қандай талабларига жавоб беради, деяпман. Яна битта нарсага эътиборингизни қаратмоқчиман: бизнинг тасдиғимиздан ўтмаган килипни телевидение қўя олмайди. Қўйган тақдирда ҳам, биз уни олдириб ташлашга энди ҳақлимиз. 

— Бу вазият санъаткорларнинг эркин ижод қилишига тўсқинлик бўлиб қолмайдими?

— Йўқ, бу аксарият санъаткорларнинг ўзларига ҳам маъқул келди. Бунинг яна бир плюс тарафи бор. Масалан, айтайлик, Отабек Муталхўжаевнинг «Бомбей» қўшиғига ишланган клипни олдириб ташладик. Хонанда ўша клипни суратга олиш учун Ҳиндистонга борган, съёмка учун пул сарфлаган. Албатта, бу таассуфли. Энди хонандалар клипмейкерлар билан келишиб, ҳали клип суратга олинмасдан туриб, режиссёр билан клип сценарийсини бизга тақдим этади, ўша ерда клип моҳияти ва фикрлар ўрганилади, ана ўшандан кейин бемалол клип олиб, тарқатилаверади. 

Бу асло санъатга, ижодга тўсқинлик эмас, бу — санъатни бачканаликдан ҳимоялаш, назорат қилиш. Бошқа давлатлар тажрибасини, масалан, Туркиядаги вазиятни ўрганганимизда улар бутун маданият вазирлигидан рухсат олишини аниқладик. Бу ерда яратилган қўшиқни назорати ҳам бўлади. Ахир назорат бўлиши керак-ку?!

Хўп, телевидениедаги вазиятни тушунса бўлади, лекин нимага Youtube’дан ҳам клиплар олдирилмоқда, деган саволлар ҳам янграмоқда. Чунки телевидениени фақат Ўзбекистон кўради, Youtube’ни эса бутун дунё кўради. Бутун дунё кўриб, ўзбек санъатига баҳо беради. Ўзбек санъати жуда бой тарихга эга. Бутун жаҳон халқалари мусиқа санъати ичида ўз обрўси ва нуфузига эга бўлган халқмиз. Бир санъаткор бачкана клип чиқарса, у Youtube’да машҳурлашса, бу санъатимиз нуфузига доғ бўлмайдими? 

Хуллас, клип суратга оладиган хонанда бадиий кенгаш тасдиғидан ўтгач, ўз клипларини телевидениедами, Youtube’дами — фарқи йўқ, айлантираверади. Бунга тўсиқ йўқ, — деди Одилжон Абдуқаҳҳоров.

Мавзуга оид