Фан-техника | 14:30 / 03.07.2017
15061
4 дақиқада ўқилади

Хитойдаги энг оммабоп автомобиллар

Ер куррасининг энг йирик автобозорида одамлар қайси автомобилларни кўпроқ харид қилишмоқда?

Шу йилнинг бошидан буён Хитой автобозорида 24 та янги автомобиль сотувга чиқарилди. Бу ҳол мамлакатнинг энг кўп сотилаётган 10 автомобили рўйхатига ўз таъсирини ўтказа олдими? «Мотор» нашри 2017 йилнинг май ойи охирига Хитой автобозорида ишлар қай алфозда эканлигига аниқлик киритди.

10-ўрин — Volkswagen Sagitar

Европада Jetta номи билан танилган автомобилнинг ёши хитойликларни ҳам ташвишлантира бошлаганга ўхшайди. Автомобиль рейтингда 6-ўриндан 10-ўринга тушиб кетди (2016 йил майига нисбатан), бу ҳолатда савдо ҳажмининг пасайиши 17,7 фоизни ташкил этди ва 2016 йилги 143.043 тадан 2017 йилда 117.984 тага тушган.

9-ўрин — Volkswagen Jetta

Россияда Polo номи билан машҳур седан Хитойда кўҳнароқ Jetta номи остида сотилади. У бир йил муқаддам 7-ўринда эди. Моделнинг савдоси пасайган, бироқ Sagitar’га солиштирилганда жиддий эмас — бор-йўғи 10,3 фоизга. 2016 йилнинг дастлабки 5 ойида 140.758 та «Жетта» сотилган бўлса, бу йил ҳозирча 126.223 та сотилди.

8-ўрин — Volkswagen Tiguan

«Фолькс»лардан қай бирининг савдоси ўсяпти ўзи, деб сўрашингиз мумкин. Марҳамат, янги Tiguan’га реал қизиқишлар 37,3 фоизга ошган. Бир йилгина муқаддам у рўйхатда 17-ўринни эгаллаб турганди. Ўтган йили январь-майда 95.616 та «Тигуан» сотилган бўлса, бу йил сотув ҳажми 131.245 тага етган.

7-ўрин — Toyota Corolla

Corolla ҳам ўз кўрсаткичларини бирмунча яхшилади: ўтган йилнинг июни бошига у тўққизинчи ўринда эди, энди эса еттинчи. Бироқ, ўсиш у қадар катта эмас — бор-йўғи 0,7 фоиз. Ўтган йилнинг январидан майгача 135.853 та машина сотилган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 136.758.

6-ўрин — Nissan Sylphy

«Сентра» деб аташ мумкин бўлган модель — Nissan Sylphy ҳам яхши ўсиш кўрсаткичига эга бўлиб турибди. Моделга бўлган талаб 2016 йилнинг майи сўнгида 113.561 бўлган бўлса, бу йил — 147.055 тани ташкил этди ва Sylphy 13-ўриндан олтинчи ўринга чиқиб олди. 

5-ўрин — GAC Trumpchi GS4

Бир йил олдин сотилиш рўйхатида 12-ўринни эгаллаб турган Trumpchi GS4 кроссовери ҳам ўз натижаларини яхшилаб олди. Статистика ўсиш 19,8 фоиз бўлганини кўрсатмоқда: агар 2016 йилнинг дастлабки беш ойида 124.675 машина янги эгасини топган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич  149.388 тани ташкил этмоқда.

4-ўрин — Buick Excelle

Бу сотув рейтинги рекордчиси айнан шу модел бўлади, чунки унинг кўрсаткичлари икки ярим баробарга яхшиланган! Ўзининг +141,5 фоизи билан Excelle 32-ўриндан тўртинчи ўринга чиқиб олган. Натижалар ҳам шунга монанд: 2016 йилда 67.896 машина сотилган бўлса, 2017 йилнинг дастлабки беш ойида — 163.945 та.

3-ўрин — Haval H6

Учинчи ўринда бир йил муқаддам бўлганидек, ҳамон Haval H6 бормоқда ва унда пасайиш 5,6 фоизни ташкил этган. Натижада, 2016 йилда 202.706 Haval H6 сотилган, 2017 йилда эса 191.396 та.

2-ўрин — Volkswagen Lavida

Рейтингнинг «кумуш» совриндори ҳам ўзгаришсиз қолди, ва бу модел — Volkswagen Lavida бўлиб, унга дастлабки беш ойда 220.363 дона учун пул тўлашган. Бир йил муқаддам машина 9,6 фоизгина кўпроқ сотилган эди — 243.769 автомобиль.

1-ўрин — Wuling Hongguang

Биринчиликни Wuling Hongguang қўлдан бой бермади (ҳа, рейтингнинг кучли учлиги мутлақо ўзгаришсиз қолган). Шу йилнинг январидан май ойига қадар 226.510 та ана шундай машина сотилган, бироқ ўтган йилнинг дастлабки беш ойида натижалар яхшироқ эди — 252.357 дона. Бу эса 10,2 фоизга пасайишни билдиради.