Ўзбекистон | 09:39 / 04.07.2017
6726
3 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳокими ва Сеул мэри ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди

Корея Республикаси пойтахти Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистоннинг турли ташкилотларида учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Тошкент шаҳри ҳокими Раҳмонбек Усмонов билан мулоқот чоғида Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Меҳмонларга Тошкент шаҳрида транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини модернизация қилиш, саноат ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Пак Вон Сун Тошкент шаҳри билан кенг қамровли, тизимли ва узоқ муддатли ҳамкорлик қилиш тарафдори эканини таъкидлади. Тошкентни 2030 йилгача ривожлантириш бўйича режаларни юқори баҳолаб, бу борадаги ишларда Жанубий Кореянинг шаҳарсозлик, транспорт, ахборот технологиялари, сервис ва бошқа соҳалардаги тажрибаси, ноу-хаулари билан қатнашиш ниятини билдирди.

Тошкент ва Сеул шаҳри бизнес вакилларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, кичик бизнес соҳасига инвестициялар жалб этиш, тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри алоқаларини йўлга қўйишга келишиб олинди.

Бундан ташқари, халқаро ҳамкорлик марказида шаҳар жамоат транспортини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Жанубий Корея конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбирда икки мамлакатнинг транспорт ва транспорт коммуникациялари, шаҳар инфратузилмаси, ахборот технологиялари каби соҳаларга оид вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари вакиллари иштирок этди. Унда Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди. Мазкур форум мамлакатлар ўртасида шаҳар инфратузилмаси, транспорт ва АКТ соҳаларидаги алоқаларни янада фаоллаштиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Форумда меҳмонларга Тошкент шаҳрида транспорт ва коммуникациялар соҳасини ривожлантириш, замонавий уй-жойлар барпо этиш, инфратузилма, коммунал ва ижтимоий соҳаларни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан Сеул шаҳар мэрияси ўртасида ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида баённома, Тошкент ва Сеул шаҳарлари ўртасида АКТ соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Англашув меморандуми имзоланди.

Бундан ташқари, Сеул мэри корейс диаспорасидан ўзбек халқига миннатдорлик ёдгорлиги очилишида иштирок этди.

Мавзуга оид