Ўзбекистон | 21:35 / 05.07.2017
35334
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи расмий рўйхатдан ўтказилди

Куни кеча давлат раҳбари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV Қурултойида ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш таклифини илгари сурди. Ушбу таклиф мамлакат ёшлари томонидан зўр иштиёқ билан кутиб олинди.

Фото:  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Шу муносабат билан, ўтказилган мазкур Қурултойда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқини ташкил этиш бўйича таклиф қўллаб-қувватланди.

Адлия вазирлигига тақдим қилинган ҳужжатларга мувофиқ асосий мақсади ёшларни мамлакатда амалга оширилаётган демократик, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, жамиятда тинчлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторига кириши жараёнларига жалб қилиш ҳамда ёш авлоднинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, йигит-қизларнинг маънавий ва касбий савиясини юксалтириш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашишдан иборат бўлган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи нодавлат нотижорат ташкилот сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу ҳақда Кун.uz манбаси хабар бермоқда.

Фото:  Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов раҳбарлигида 2017 йил 5 июлда ўтказилган йиғилишда Адлия вазири М.Икромов томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи раиси Қ.Қуранбоевга Иттифоқнинг вазирликдан давлат рўйхатидан ўтказилган гувоҳномаси топширилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари асосида олиб боради ва мамлакат қонунчилигида назарда тутилган юридик шахсларнинг барча ҳуқуқ ва эркинликларига эга бўлади.

Мавзуга оид