Жамият | 12:58 / 08.07.2017
55889
4 дақиқада ўқилади

Ҳамёнбоп ва унутилмас саёҳат: Иссиқкўлга бориш учун 7та сабаб

4 июль куни "Ўзбекистон ҳаво йўллари" "Тошкент-Иссиқкўл-Тошкент" йўналишида илк рейсни амалга оширгани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, Иссиқкўл айнан нимаси билан бошқа жойлардан ажралиб туради? Нега айнан Иссиқкўлга бориш керак? У ерга бормоқчи бўлган сайёҳ айнан нималарни билиши керак?

Қуйида “қайси жойга борсам экан?”, дея ўйланиб ўтирган инсонлар учун керакли маслаҳатларни берамиз.

1. Қулай маршрут

Иссиқкўлга бориш учун муҳим сабаблардан бири – унга боришнинг осонлиги ҳамда визасиз режимнинг мавжудлигидир. Бироз кўпроқ вақт олса-да, Ўзбекистондан Иссиқкўлга автобусда ҳам бориш мумкин – бунга 15-16 соат вақт кетади. Бу бироз ноқулайлик туғдирса ҳам, ортиқча харажатдан сақлаб қолади.

Агар ҳамёнингиз кўтарса, у ерга “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси йўлга қўйган мавсумий чартер рейсларда бориш ҳам мумкин. Самолёт Иссиқкўлга ҳафтанинг сешанба куни парвозини амалга оширади. Унинг нархи 280 АҚШ доллари.

2. Маҳаллий тилни билиш шарт эмас

Қирғизистон аҳолиси билан саёҳат учун асосий бўлган мавзулар (харид амалга ошириш, такси гаплашиш, манзилни сўраш ва ҳоказо) да ўзбек тилида ҳам мулоқот қилиш мумкин.

Шунингдек, Иссиқкўл атрофидаги аҳолининг деярли 90 фоизи рус тилида гаплаша олади ва бу рус тилини биладиган сайёҳ учун жуда қулай.

3. Гўзал манзараларга бой табиат

Иссиқкўл сувнинг тиниқлиги борасида Байкал кўлидан кейин, 2-ўринда туради. Ҳудуд нафақат кўл билан, балки тоғ ва дарахтлари билан ҳам эътиборга лойиқ.

Кемада қилинган саёҳат ҳам кўлнинг гўзаллигидан баҳраманд бўлишингизда ёрдам беради. 

4. Ҳам саёҳат, ҳам даволаниш

Иссиқкўлга борар экансиз, нафақат табиатнинг гўзаллигидан баҳраманд бўласиз, балки “қайноқ булоқлар” ёрдамида даволанишингиз ҳам мумкин.

Суви шўр бўлган кўл атрофида ўзингизга маъқул келган санаториялардан бири танлаб, саёҳат ва даволанишни бирлаштиришингиз мумкин.

5. Қимматми? Арзонидан топамиз

Майдони 6236 км² келадиган кўл атрофида ҳали ўзлаштирилмаган ҳудудлар кўп бўлса-да, ҳудудда пансионатлар етарлича топилади. Улар таклиф этаётган хизматига қараб кунига 15 доллардан 400 долларгача (ундан юқори нархларни ҳам учратиш мумкин) топилади.

Деярли барча пансионатлар кунлик тўлов ичида 3 маҳал овқат ҳам беради.

6. Ёмғир бошланди... Унда бошқа жойларни томоша қилиб туринг

Ёз ўртасида ҳам Иссиқкўл атрофида салқин ҳаво ҳукм суради. Иссиқни севадиган сайёҳлар тунда иситгич кўмагига муҳтож бўлишлари мумкин. Сабаби кечаси ҳарорат +10- +15 даража илиқ бўлади. Ҳудудда ёз фаслида ҳам ёмғир тез-тез кузатилиб туради.

Бундай вақтларда саёҳатдан унумли фойдаланиш учун Чингиз Айтматов номидаги “Руҳ Ордо” маданий марказига ташриф буюришингиз мумкин. Бу ерда ёзувчи ижодидан ташқари, тарих ҳақидаги қизиқарли маълумотларни олишингиз мумкин.

Шунингдек, иккинчи халқаро кўчманчилар ўйинларига бағишлаб очилган отчопарга ҳам ташриф буюрсангиз афсусланмайсиз.

7. Юқоридан яна-да гўзалроқ

“Золотые пески” деб номланган пляжга ташриф буюрсангиз, албатта чархпалак аттракционида учинг.

Баландлиги 70 метр бўлган бу аттракционда амалга оширилган 17 дақиқалик саёҳат бир умр хотирангизда муҳрланиб қолиши шубҳасиз.

Мавзуга оид