Жамият | 12:30 / 10.07.2017
6602
5 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг қарийб 29 фоизи сифатли ичимлик суви таъминотидан қониқмайди

Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда натижадорлигини баҳолаш йўлга қўйилди. Бунда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган ҳаётбахш мезонга таянилмоқда. Шуни қайд этиш керакки, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига баҳо беришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари қандай ҳимоя қилинаётгани, уларга давлат хизматлари кўрсатишнинг сифати ва очиқлиги энг асосий мезон бўлмоқда.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, фуқаролар томонидан давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятига берилган баҳо ижобий томонга ўзгариб, уларнинг иш самарадорлиги ошиб бормоқда. Масалан, жорий йилнинг I чорагида респондентларнинг 47,1 фоизи ижобий фикр билдирган бўлса, II чоракда бундай хулосадаги фуқаролар сони 48,8 фоизни ташкил қилди. Эътиборли жиҳати, Хоразм, Бухоро, Жиззах, Наманган, Андижон вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикасида долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари иши даражаси ҳамда самарадорлигидан фуқароларнинг қониқиш даражаси юқори бўлди (50 фоиздан юқори).  Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида эса бу мамлакат бўйича ўртача кўрсаткичдан паст, яъни 38 фоиздан камни ташкил этди.

Маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги улар олдида турган долзарб вазифаларни бажаришда фаолият самарадорлигининг асосий кўрсаткичи, фуқаролар ҳамда ижро органлари ўртасида доимий алоқани амалга оширишнинг муҳим қисми ҳисобланади. Респондентларнинг қарийб 49,2 фоизи фикрича, “жойлардаги ижро ҳокимияти органлари фаолияти ҳақидаги ахборот очиқ ва ундан фойдаланиш мумкин”. Мазкур миқдор сўнгги уч ойда 9,5 фоиз ўсган. Бундан ташқари, сўровнинг ҳар учинчи иштирокчиси наздида “ахборот ҳамма учун ҳам очиқ эмас ва ундан барча фуқаро фойдалана олмайди”.

Тадқиқот жараёнида мамлакатнинг аксарият аҳолисига дахлдор энг долзарб муаммолар аниқланди. Булар — иқтисодий муаммолар (иш ҳақи даражаси, коммунал хизматлар ва кенг истеъмол товарларининг нархлари ва тарифлари, ишга жойлашиш); ижтимоий муаммолар (уй-жой билан таъминланиш ва унинг сифати, тиббиёт муассасаларининг иши, оилавий низолар); ижтимоий инфратузилма муаммолари (коммунал хизматлар таъминотининг сифати, экология, транспорт); қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш (инсон ҳуқуқлари, коррупция, порахўрлик ҳамда тамагирлик). 

Умуман олганда, мониторинг натижалари кўрсатишича, фуқароларнинг кўплаб муаммолар кескинлиги ва долзарблигига доир жавобларида ижобий ўзгаришлар кузатилади. Респондентлар назарида, давлат бошқаруви органлари фаолияти турли ижтимоий гуруҳларнинг аниқ муаммолари ва реал эҳтиёжларига йўналтирилган бўлиши зарур. Идоралараро тарқоқликнинг бартараф қилиниши муҳимдир. 

Сўровда қатнашганларнинг 85,8 фоизи тадбиркорлик фаолияти ҳамда кичик бизнес соҳасида ижобий ўзгаришлар юз берди, деб ҳисоблайди. Бунга кўра, уларнинг вилояти, шаҳри, туманида ўз бизнесини очиши ва умуман, тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Кейинги пайтларда фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, пенсионерлар, ногиронлар, фахрийлар ҳамда аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлашни таъминлаш бўйича вазият яхшиланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоялаш бўйича ишлари фаоллашди, оилавий поликлиникалар томонидан аҳолига ўз вақтида, сифатли тиббий хизмат кўрсатилаяпти.

Ҳар иккинчи респондент “совуқ сув кун давомида барқарор таъминланмоқда”, деб жавоб берган. Фуқароларнинг 46,6 фоизи фикрича, яшаш жойларида чиқиндилар узлуксиз ташиб кетилади. Ҳар учинчи иштирокчи иссиқ сув ёки электр қуввати билан барқарор таъминланганидан қониқиш ҳосил қилади. Респондентларнинг қарийб 70 фоизи марказий иситиш тармоғидан фойдаланмаслигини, ҳар учинчи иштирокчи иссиқ сув ва табиий газдан фойдаланиш имконига эга эмаслигини маълум қилган. Уларнинг 28,6 фоизи сув таъминотига уланмаган, аҳолининг 27,8 фоизи фикрича, чиқиндиларни ташиб кетиш ташкил этилмаган.

Тадқиқот натижаларига кўра, иштирокчиларнинг 87,3 фоизи шахсий хавфсизлиги, саломатлиги, шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланганлигидан тўла даражада қониқади. 86,6 фоизи жамоат жойларида тартиб ва қонунийлик таъминланганлигини юқори баҳолайди.  Сўралганларнинг 76,7 фоизи эса жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятидан розилигини билдирдилар. 

Респондентларнинг 83,1 фоизи учун бозорларимиздаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва кенг истеъмол товарлари турлари мақбул. Жамоат транспорти фаолияти жонланди.

Шу билан бирга, ҳар учинчи респондент мавжуд ишга жойлашиш имкониятларидан қониқмасдан, ўзи яшаётган вилоят, шаҳар ёки туманда “етарлича янги меҳнат ўринлари яратилмаяпти ва муносиб ҳақ тўланадиган барқарор иш жойи топиш қийин”, деб жавоб берди. Сўровда қатнашган фуқароларнинг 28,6 фоизи сифатли ичимлик суви таъминотидан қониқмайди.

Мавзуга оид