Ўзбекистон | 19:51 / 10.07.2017
12527
7 дақиқада ўқилади

Таклиф: Меҳнат муҳожирларининг ижтимоий муҳофазасини ташкил этиш лозим

Президентимизнинг 2017 йил 24 май куни имзоланган «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини зўр қизиқиш билан ўқиб чиқдим ва ушбу ҳужжатнинг 5-банди менда баъзи бир таклифларни уйғотди. 

Кейинги вақтларда оммавий ахборот воситаларида, республикамиз учун аҳамиятли бўлган бир муаммо кўтарилаятики, бунга бефарқ бўлмаган фуқаро сифатида ўз фикримни баён этишни жоиз, деб билдим. 

Бу — Ўзбекистон фуқароларнинг чет давлатларда ишлаб келишига доир масала. Биринчи президентимиз И.Каримов «Бизнинг энг катта бойлигимиз бу — меҳнаткаш халқимиздир» деган эди. Албатта, юртимизда меҳнат қилиб, бойлигимизга бойлик қўшиб, юртимизни фаровон қилиб, оиласи даврасида улар билан бирга бахтли яшашни ҳамма орзу қилади. Шундай яшаётганлар аҳолининг аксариятини ташкил этмоқда ҳам. 

Лекин тақдир тақозоси билан етарли билим ололмаган, билим олса-да, ўзига мос иш топа олмаган ватандошларимиз ҳам бор. Бундай фуқаролар ҳар қандай давлатда топилади. Аммо бизнинг юртдошларимиз «давлат берса ейман», дея қўл қовуштириб ўтирадиганлардан эмас. Улар ўзларидаги ўша меҳнаткашлик хусусиятларини моддий бойликка айлантириш учун изланадилар. Бирор ерда меҳнат қилиб кўпроқ даромад топиш мумкинлигини билсалар, шу ишни қилишга интиладилар. 

Бундай жойлар эса кўпроқ иқтисодиёти нисбатан ривожланган, лекин қўл кучи етишмайдиган чет мамлакатлардир. Тарихда ўзбек уста ва меъморлари шарқ ва ғарбнинг жуда кўп давлатларига бориб, ишлаб катта-катта иншоотлар қургани, бу қурилишларга ўзбек ишчиларни жалб этгани ҳақида мисоллар жуда кўп. Баъзи мамлакатлар чет элларга жангариларни жўнатади, айримлари оғуфурушларни жўнатади, яна бирлари ўғриларни, гадойларни жўнатади, Ўзбекистондан эса яратувчи, меҳнаткаш одамлар бориб, ҳалол пул топиб келади. 

Чет элга бориб даромад топиб келаётган кўпгина ёшлар у ерлардаги ҳаётни, одамлар орасидаги муносабатларни кўриб, ҳаётий тажрибалари ортиб келмоқда. Бу ерда қолган ёшлар эса улардан келаётган даромадни, ўзгаришларни кўриб, чет элга бориб ишлаб келишга иштиёқманд бўлмоқда. 

Ҳукуматимиз тамонидан ишга жойлаштириш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Лекин аҳоли сонини ўсиш суръати юқори бўлган мамлакатимизда барчани юз фоиз иш билан таъминлашнинг имкони йўқ. Корея, Япония мамлакатларига бориш учун юз минглаб ёшларни ҳужжат топшириши бундан далолат беради. Лекин квоталарнинг озлиги, имтиҳонлардан фақат бир неча минг фуқаро ўтгани, улар ҳам уч йиллаб таклиф келишини кутиши лозимлиги, ҳужжат топширишга улгурмаган яна неча юз минг одамлар борлиги бу масалага янада жиддийроқ ва кенгроқ қарашни тақозо этади. 

Масалани ман этиш билан ҳал этиб бўлмайди, албатта. Унинг ечимини топиш керак. Меҳнат вазирлигидаги рўй берган сўнгги ўзгаришлар ҳукуматимиз томонидан бу ишга ҳам эътибор кучайганини билдиради. 

Ташқардан келаётган валютадаги маблағлар қанчалиги, улар иқтисодимизга қанча фойда келтириши, булар хақида, албатта, иқтисодчи олимларимиз ўз фикрини айтар. Мен эса тезроқ ишлашни хоҳлаётган; юртига, оиласига тезроқ маблағ олиб келишни истаётганлар ҳақида айтмоқчиман. 

Президентимиз Ш.Мирзиёев вақт кутиб турмаслиги, биз яшаётган давр шиддатли ўзгаришлар даври эканлиги ҳақида мудом эслатиб туради. Шунинг учун юз минглаб одамларни «яна қачон ҳужжат қабул қилади», «қачон имтиҳон топширамиз», «қачон биз ҳам ватанга маблағ олиб келамиз», деб кутиб туриши бу вақт билан ҳамоҳанг юриш эмас асло. 

Аҳоли ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан уч минг, беш минг, ҳатто ўн минглаб фуқароларни четга ишга жойлаши мумкин, лекин юз минглаб эмас. Чунки вазирликни шунча одамни ишга жўнатиши учун ресурси (ходимлар сони, ташкил этиш учун маблағи, моддий техникаси, вақти, нафақат Кореядан, балки бошқа мамлакатлардан ишчи ўринларига квоталар топиб келиш учун имкониятлари ва ҳ.к.) етмайди.

Лекин вазирлик ушбу ишни монопол равишда эмас, лекин назоратни ҳам йўқотмасдан амалга ошириши мумкин. Бунинг учун албатта Олий Мажлисга шу масалага тегишли янги қонунлар ёки ўзгартиришлар киритиш таклифи билан чиқиши керак. 

Бунда чет эл тажрибаларидан фойдаланиш керак. Яъни хусусий ишга жойлаштириш секторини ташкил этиш ва ривожлантириш. Албатта, бу секторнинг ишини вазирлик тегишли лицензиялар ва рухсатномалар орқали назорат қилади ва бошқаради. 

Хусусий корхоналар орқали чет элга ишга юборишнинг бир қанча афзалликлари бор: 

1. Четга чиққан фуқарони назорат қилиш, унинг ҳар хил ноқонуний ташкилотларга қўшилиб кетмаслигини таъминлаш корхона зиммасига юклатилади;

2. Корхона дунё бўйича иш ўринлари излаб топади, квоталар ажратади, шартнома тузади ва ишчи етказиб беради;

3. Фукаролар ўртасидан керакли ишчини танлаб олади, унга ўша давлат қонун-қоидалари ва ички тартиблари, тили, касб ҳақида зарур билим беради;

4. Ишчини қонуний ҳимоясини, медицина суғуртасини, келажакдаги нафақасини таъминлаш учун зарур ҳужжатлар юритади;

5. Ишчи меҳнат жойи тайин бўлгач, ишга кириб дастлабки маошини олгунча, унга йўлкира, оиласи ҳаражати ва бошланғич бошқа сарф-харжлар учун унга кредит бериб туради;

6. Корхона (фирма, агентлик) ишга жойлагани учун олган даромадидан давлатга белгиланган тартибдаги солиқ ва тўловларни тўлайди.

Баъзи мамлакатларда корхоналар ишчиларни фақат ишга жойлаштириш агентликлари орқали қабул қилишини назарда тутсак, ҳозирги вақтда буни нақадар долзарблигини англаймиз. 

Агар шу ишлар амалга ошса, меҳнат муҳожирларини «қул» қилиб сотишларга, ҳар хил экстремистик оқимларга кириб кетишларга, ўзбек миллатини чет элларда ҳимоясиз, ночор ҳолатда юришларга чек қўйилган бўлармиди... 

Ҳозирда бутун дунёда мамлакат иқтисодиётига фойда келтирадиган, қонуний амалиётлар татбиқ этилмоқда. Валюта ишлаш учун нафақат моддий балки номоддий маҳсулотлар экспорти ҳам ривожланмоқда, кимдир интеллектул мулк экспорти билан, кимдир технология экспорти билан, бизда эса меҳнатдан қочмайдиган халқимиз бор. 

Тўп билан чумчуқ отмасдан, ушбу меҳнатни Ватанимиз миллий бойлигини янада кўпайтиришга сарфлаш вақти келди. Зеро, юртимизга четдан келаётган ҳар бир цент валюта мамлакатимиз қудратини оширишга, иқтисодиётимизни юксалтиришга хизмат қилади. 

Мирзажон Раззоқов, 
Шаҳрихон.

Мавзуга оид