Жаҳон | 12:35 / 13.07.2017
28989
5 дақиқада ўқилади

Исёнларда тобланган миллат иродаси

Ҳар бир давлат, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, албатта жиддий синовларни бошдан кечиради. Айнан мана шу синовлар ортидан тарих яралади, ким аслида кимлиги намоён бўлади, мамлакат ҳаётида туб бурилиш ясалади.

Бизнинг яқин ўтмишимизда ҳам ана шундай даврлар муҳрланиб улгурди. 16 февраль... Наманган воқеалари...

Булар тарихан қадимий, аммо давлатчилик нуқтаи назаридан ҳали ёш бўлган республикамиз, миллатимиз учун имтиҳон онлари бўлган. Зеро айнан мана шундай имтиҳонлар халқни жипсликка ундайди, хатоларни қайтармасликка ўргатади.

2016 йил 15 июлда Туркия ҳам ана шундай жиддий синовни бошдан кечирди: узоқ йил пайт пойлаган кучлар тўсатдан очиқ ҳужумга ўтдилар, кўчаларни танклар эгаллади, қирувчи самолётлар оташ уруғини соча бошладилар, ҳавода қон ҳиди анқиди!

Фото: AP

Вазият шу даражада шиддат билан ривожлана бордики, давлат тўнтаришига уриниш аниқ натижалар бера бошлади: исёнчилар муҳим объектларни қўлга киритдилар, зирҳли техника, ҳарбий ҳаво кучлари, артиллерия эгалланди. Давлат раҳбарларига тажовуз қилинди, парламентга бомба ёғдирилди, айрим оммавий ахборот воситалари исёнчилар қўлига ўтди. Автомат ўқлари тун бағрини чақмоқдек тилиб, ҳазрати инсон кўксига қадалди, ота сергак тортди, она фарёд урди, фарзанд нигоҳида саросима бўй кўрсатди...

Фото: Sedat Suna / EPA

Ортга йўл йўқ эди. Бутун бир давлат тақдири ҳал бўлаётган паллада ҳар бир онгли инсон ўзининг аниқ позициясини белгилаб олиши, шу ватанга қай йўл билан нафи тегиши мумкинлигини аниқлаши лозим. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ватандошларига мурожаатида шу мазмундаги сўзлар бор эди: «Халқимни мамлакат ҳимояси учун майдонларга чиқишга даъват этаман. Миллат иродаси синаладиган пайт келди!»

Фото: Kun.uz

Ана шунда бутун бир миллат, халқ жипслашди. Одамлар худди тўкилаётган муқаддас қон рамзидек алвон байроқларга бурканиб отилиб чиқдилар. Ўз тинчини юрт эртасидан азиз билмаган, хавф қаршисида биқиниб олмаган, жонини таваккалга рўбарў қилган юз минглаб инсон улкан қалқонга айланиб ватан кўксини ҳимоя қилишга отланди. Кимдир шиддат билан келаётган танк тагига ўзини ташлаб йўл тўсди, яна кимдир милтиқ қўндоғини кафти билан беркитди. 

Ҳатто ҳукмрон партияга, давлат раҳбариятига мухолифатда бўлганлар ҳам бу сафга қўшилдилар. Бу ҳолат ҳам ўрнак бўлгулик: чунки юритилаётган сиёсатдан норози бўлиш, ҳукумат ишини ёқламаслик мумкин. Аммо қон кечиб қўлга киритиладиган иқтидордан воз кечиш лозим.

Фото: Bulent Kilic / Agence France Press

Албатта, Туркиянинг ички ишига биз якуний баҳо бера олмаймиз. Бу шиддатли воқеалар таҳлили ҳали узоқ давом этади, холис ва нохолис фикрлар айтилади, тергов ва жазо жараёни тугашига ҳам анча бор. Аммо жабрланган ва яраланган, бундан буёнги ҳаёти буткул ўзгача кечадиган 2200 нафар одамга ким тасалли бера олади? Ўққа учган, танклар остида мажақланиб жон берган 250 нафардан ортиқ инсонни ҳаётга қайтара оладиган борми?! Миллат тарихига қонли сатрларда ёзилган бу кунларни энди унутиб бўладими?

Фото: Turnay Berkin / Reuters

Тўғри, Туркия ҳам биз каби мустақил давлат, ўз сиёсатини ўзи белгилайди. Аммо мана шундай вазиятларда ўргансак ва ўрнак бўлсак арзигулик умумийликлар бор. Юқорида айтилганидек энди оёққа тураётган давлатимиз, ўзлигини англаётган халқимиз бу каби синовлардан ўтган. Юртбошимиз оловли нуқталарга шахсан ўзи бориб ҳамма масаланинг ечимини топган, ватандошларимиз тунда хотиржам бўлишлари, тонгни хуш кайфиятда кутиб олишлари учун барча ишларни қилган. 

Аммо ҳануз ҳаммани ҳам бу муаззам заминга хайрли кўз билан қараяпти, деб бўлмайди! Албатта, бугун тинчлигимиз барқарор, эртамиздан улкан умидларимиз бор, юртни қўриқлашга бевосита масъул ўғлонларимиз қудрати етарли. Лекин ана шундай онларда ҳар қандай гиналарни, майда-чуйдалиги дарҳол сезилиб қоладиган муаммоларни унутиб, тинчликни, давлат яхлитлигини ҳимоя қилишимиз зурур. 

Фото: Elif Ozturk / Anadolu

Тузумни куч билан ағдаришга уринишнинг ҳар қандай кўринишининг олдини олишимиз, қонли йўлларни топтаб ҳокимият тепасига келувчиларнинг қуролига қарши вужудимизни қалқонга айлантиришга тайёр туришимиз шарт! 

Фото: Cumhurbaskanligi

Зеро бу Ватан фақат тинчликка, фаровонликка муносиб!
     
Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид