Спорт | 09:20 / 16.07.2017
15944
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига янги раҳбар сайланди

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

15 июль куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон қиличбозлик федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди.

Унда ташкилий  масала кўрилди. Ўзбекистон қиличбозлик федерациясига сўнгги 10 ой давомида раҳбарлик қилган Адҳам Икромов мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, фуқаролар ижтимоий фаровонлигини таъминлаш ва яна бошқа кўплаб ташкилий ишлар бўйича иш ҳажми ниҳоятда катталиги ва шу боис вақт зиқлигини эътиборга олиб, ўз хоҳишига кўра федерация раиси лавозимини топширишга қарор қилди. Эслатиб ўтамиз, Адҳам Икромов шу йилнинг июнь ойида Савдо-саноат палатаси раиси этиб тайинланганди.

Қиличбозлик федерациясининг янги раҳбари этиб ҳозирда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўта муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга молик объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш дирекцияси раиси лавозимида ишлаб келаётган Рустам Шоабдураҳмонов сайланди. Шу пайтга қадар федерация раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳаммад Ҳумоюн Ибрагимов Бош котиб бўлди.

Рустам Шоабдураҳмонов аввал Макроиқтисодиёт ва статистика вазири, Тошкент шаҳар ҳокими лавозимларида фаолият юритган. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Мавзуга оид