Спорт | 19:20 / 24.07.2017
18633
3 дақиқада ўқилади

11 ёшли Жавоҳир Синдоров шахмат бўйича халқаро уста талабини бажарди

Ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг энг кучли 20 нафар шахматчисидан олти нафари ёшлар терма жамоаси аъзоларидир. 

Улар ўзбек шахматининг умиди, порлоқ келажаги, таъбир жоиз бўлса, олтин авлоди вакилларидир: Темур Қўйбоқаров (2468 рейтинг бали билан 7-ўринда, 2000 йили туғилган), Нодирбек Абдусатторов (2467, 8-, 2004), Нодирбек Ёқуббоев (2433, 10-, 2002), Жавоҳир Синдоров (2383, 17-, 2005), Шамсиддин Воҳидов (2383, 17-, 2002) ва Саидакбар Саидалиев (2373, 20-, 2001). Улар орасида энг ёши Жавоҳир Синдоров шу йил декабрь ойида 12 ёшни тўлдиради. 

Ўтган ойда пойтахтимиз мезбонлик қилган FIDEнинг 3.4-зонаси — Марказий Осиё чемпионатида 9 имкониятдан 6 очко жамғариб, 4-ўринни эгаллаган истеъдодли ёш шахматчимиз халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини учинчи маротаба бажарди.

Таъкидлаш жоизки, бу мамлакатимиз миқёсида рекорд натижа ҳисобланади. Таққослаш учун, ўзбекистонлик халқаро гроссмейстерлардан Тоҳир Воҳидов 30 (1993 йили), Михаил Салтаев 28 (1990), Саидали Йўлдошев 27 (1995), Алексей Барсов 26 (1992), Сергей Загребельный 25 (1990), Марат Жумаев 22 (1998) ёшида халқаро мастер (IM) унвонига сазовор бўлган. Нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё шахматчилари орасида биринчи бўлиб халқаро гроссмейстер даражасига эришган Георгий Аъзамов ҳам собиқ иттифоқ даврида, яъни, 1982 йили ушбу унвонга сазовор бўлганида 28 ёшда эди. 

Ёш шахматчиларимиз дунёнинг исталган бурчагида ташкил этилаётган нуфузли турнирларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида кўрсатаётган натижалар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда. 2012 йили Нодирбек Абдусатторов, 2015 йили Шамсиддин Воҳидов тенгқурлари ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Истеъдодли ёшларимиздан Темур Қўйбоқаров 16, Шамсиддин Воҳидов 14, Нодирбек Абдусатторов 12 ёшида халқаро тоифадаги спорт устаси унвонига сазовор бўлди. Энди улар сафига 11 ёшли Жавоҳир Синдоров ҳам қўшилди. 
                  
Ака-ука Жавоҳир, Исломбек ва Ҳумоюн Синдоровлар шахматда эришаётган натижалар бугун барчамизни қувонтирмоқда. Жавоҳир ва Исломбек мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатининг бир неча карра ғолибларидир. Энди 8 ёшни тўлдирган Ҳумоюн ҳам акалари изидан ғайрат билан бормоқда. 

Жавоҳир 2005 йил 8 декабрда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозир Сергели туманидаги 300-ИДУМ ўқувчиси. 

Жавоҳир айни дамда (1 июль ҳолатида) жаҳоннинг 12, 13 ва 14 ёшли энг кучли шахматчилари рейтингининг кучли ўнлигидан жой олиб турибди. Яъни, 14 ёшлилар рейтингида 9-, 13 ёшлилар ўртасида 7-ўринни банд этган, 12 ёшлилар орасида эса жаҳоннинг 2-рақамли шахматчиси ҳисобланади. У яқин келажакда янада баланд марраларни забт этиб, ўзбек шахматининг ҳақиқий жавоҳирига айланишига ишонамиз.

Ҳусан Нишонов

Мавзуга оид