Жамият | 12:00 / 24.07.2017
15172
3 дақиқада ўқилади

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг янги китоби нашрдан чиқди

Тошкент шаҳри, Шайҳонтоҳур туман бош имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли қаламига мансуб “Инсон манфаатлари – ислом таълимотининг олий мезони” рисоласи (“Мовароуннаҳр” нашриёти, Т. 2017 йил) нашрдан чиқди. 

Ушбу китоб “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”га бағишланиб, унда инсонга манфаат етказиш ва унинг фойдалари тўғрисида сўз боради. Муаллиф бир кишига манфаат етказиш нақадар улуғ ва савобли иш эканига Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан ҳужжат-далиллар келтиради. Шунингдек, рисолада инсон манфаатига муносабат масаласини ёритиб бериш учун жоҳилият даври билан ислом даврини бир-бирига қиёслаб таҳлил қилинади.

Жоҳилият даврида худбинлик ва нафспарастлик устунлик қилган бўлса, ислом дини келганидан кейин бу нурли таълимотда халқпарварлик ва инсонга ғамхўрлик юксак мақомга кўтарилгани рисолада шундай тушунтирилган: “Пайғамбаримиз саҳобалари у зотдан ўрнак олиб уйларида бирон нарсани олиб туришни ўйламасдилар. Иложи борича муҳтож ва қийналган кишини кўрганда унга ёрдам беришга шошилардилар. Агар ўзида бўлмаса, қарз кўтариб бўлса ҳам, уни хурсанд қилиб қайтаришга ҳаракат қилганлар. Али ибн Ҳасан Муҳаммад ибн Усома ибн Зайд бетоб бўлиб ётганида ҳузурига кирди. У йиғлай бошлади. Али ибн Ҳасан: “Нима бўлди?”, деб сўради. У: “Менинг қарзим бор”, деди. Али ибн Ҳасан: “Қарзинг қанча?”, деди. У: “Ўн беш минг динор ёки ўн минг динор атрофида”, деди. Али ибн Ҳасан: “Ҳаммасини мен тўлайман”, деди.  

Мазкур рисола билан танишган киши инсонга манфаат етказишнинг ажр-савоблари улуғлиги ва охиратда ҳам ундан насибадор бўлишини ҳужжат-далиллар билан исботлаб берган. Мазкур рисола инсонга манфаат етказиш нақадар улуғ ва шарафли амал эканини билишда катта аҳамият касб этади.

Мавзуга оид