Жамият | 12:23 / 26.07.2017
47070
8 дақиқада ўқилади

Миробод туманидаги қурилиш комиссия хулосасига кўра вақтинча тўхтатилди

Куни-кеча сайтимизда «Тошкент марказидаги қурилиш аҳолининг норозилигига сабаб бўлди. Воқеа қандай ечим топади?» сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада пойтахтимизнинг Миробод тумани Шароф Рашидов маҳалласида жойлашган Чимкент кўчаси 1-, 3-, 5-уй ҳамда Буюк Турон кўчаси 73-уйда яшовчи аҳолидан келиб тушган, улар яшаётган кўп қаватли уйлар ўртасида қурилаётган 3 қаватли савдо маркази қурилиши бўйича шикояти ёритилган эди.

Таҳририятимиз вакиллари мурожаат қилган аҳоли билан учрашишга борганида Миробод тумани ҳокими ўринбосари Алишер Набиев бошчилигидаги ишчи гуруҳ туман ҳокимининг 21 июлдаги фармойишига асосан ORDER MAX PROJECT МЧЖ томонидан олиб борилаётган қурилиш ишларининг нечоғлик тўғри расмийлаштирилганини ўрганиш учун келган экан.

Аввал эълон қилинган репортажда туман ҳокими ўринбосари А.Набиевнинг вазиятга баҳо беролмаслиги оқибатида, сайтимиз журналистлари билан масала юзасидан очиқ мулоқот қилиш ўрнига, уларни қўрслик билан ўз олдидан ҳайдаши туфайли фақат бир томоннинг — маҳалла фуқароларини фикрини эшитиш билан чекланиб, ерли аҳолининг ҳақли эътирозларни тасвирга олиб қайтишга мажбур бўлгандик.

Сайтимиз ходимлари кеча ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокими Ш.Пўлатов билан шахсан учрашди, ушбу қурилиш ҳақидаги керакли маълумотларни олишга муваффақ бўлинди ва масаладан хабардор бошқа томонлар билан ҳамкорликда, жумладан, «Фейсбук»даги халқ билан мулоқот гуруҳи маслаҳатчиси томонидан берилган маълумотлар асосида вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилдик.

Миробод туман ҳокими Шуҳрат Пўлатовнинг махсус мухбиримиз Х.Далиевга айтишича, ушбу қурилиш ишлари бошланганидан буён халқнинг эътирозлари туман маъмурияти томонидан эътиборга олинмоқда. 21 июль куни чиқарилган туман ҳокимининг фармойишида ҳаттоки маҳалла раиси ва маҳаллий фуқаролардан ҳам икки киши ишчи гуруҳ комиссияси аъзолари таркибига киритилган.

Мухбиримиз билан суҳбат қилар экан, туман ҳокими аҳолининг энг катта эътирозларидан бири — кесилган чинорлар ва бошқа дарахтлар ҳақидаги саволга жавобан экологларнинг рухсати олингани, дарахтлар учун товон пули тўланганини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Ушбу ҳудудда нима қурилмоқда ўзи? Келинг, аввало, шунга ойдинлик киритиб олайлик. 

Бизга берилган маълумотларга кўра, ORDER MAX PROJECT МЧЖ томонидан 6000 дан зиёд киши истиқомат қиладиган Шароф Рашидов номидаги маҳалла фуқаролар йиғини учун намунали маҳалла лойиҳаси асосида 2500 квадрат метр майдонда замонавий маҳалла гузари барпо этиб берилмоқда. Олинган айрим маълумотларга кўра, МЧЖ бунинг учун ўз ҳисобидан 2 млрд. 600 млн. сўм сарфлайди. Шунингдек, маҳалла аҳли иддао қилганидек, савдо ва маиший марказ эмас, гўёки ўқув маркази ва бизнес марказ барпо этилмоқда. 

Ҳокимнинг биз билан суҳбат давомида таъкидлашича, Миробод туманида ана шундай 10 маҳалла гузари барпо этилмоқда ва қурилиш ишларининг барчаси хусусий тадбиркорлар зиммасига юклатилган. Бунинг эвазига тадбиркорларга ўша ҳудудда қўшимча ер майдони ва ўз бизнесини юритиш учун иншоот қуришга рухсат берилмоқда. Жумладан, “Шароф Рашидов” маҳалласида ҳам давлат арбобининг 100 йиллигига бағишлаб барпо этилаётган намунали маҳалла гузарини юбилей тантаналаригача топширишга қарор қилинган. Қурилиш ишларининг туну-кун давом эттирилаётгани ҳам шу билан тушунтирилди, мақсад — маҳалла гузарини тез муддатларда битириб, фойдаланишга топшириш.

Таҳририятимизга мурожаат қилган маҳалла аҳлининг иддаосига кўра, савдо маркази болалар ўйнайдиган майдонча ва бузиб ташланган бассейн ўрнида қад ростлаши мўлжалланмоқда. Бироқ майдончанинг қурилиш ишлари бошлангунга қадар туширилган ва «Фейсбук»даги «Халқ билан мулоқот» гуруҳида жойлаштирилган суратлардан кўриниб турибдики, бу жой ободонлаштирилмаган, деярли қаровсиз аҳволда бўлган.

Гуруҳ маслаҳатчисининг билдиришича, ORDER MAX PROJECT МЧЖ раҳбари маҳалла биносини қуриш ва монтаж қилиш, мебель ва жиҳозлар билан таъминлашдан ташқари, учта замонавий болалар майдончаси ҳамда битта ахлат ва чиқиндиларни тўплаш жойини қуриш ишларига яна 1 млрд. сўмга яқин маблағини сарф қилишни ўз зиммасига олган.

Ҳокимлик рухсати билан қурилаётган объектлар давлатга қарашли ерда фуқароларнинг соғлиғи ва мулкига зарар етказмайдиган тарзда жойлаштирилган. Бироқ архитектура-қурилиш нормаларига риоя қилинаётганлигини яна бир бор текшириш учун мутахассислар ишчи гуруҳи вазиятни ўрганиб чиқишади, деган у. 
Гуруҳ маслаҳатчиси томонидан “Фейсбук”да жойлаштирилган постда 24 июль куни Kun.uz сайтида жойлаштирилган мақолада ушбу масала Президентнинг виртуал қабулхонаси томонидан ўрганилганлиги ҳамда аҳоли, виртуал қабулхона ходимлари, ҳоким ва маҳалла фаоллари иштирокида йиғилишлар ўтказилганлиги ҳақида аниқ маълумот берилмагани даъво қилинди. Лекин мухбир билан суҳбатда бўлган аҳоли вакиллари туман ҳокими икки марта келиб учрашиб кетганини маълум қилишгани кўрсатилди-ку?

Ҳа, тан олиш керак, ҳокимлик ва мутасадди идоралар маҳалла аҳлининг мурожаатларини жавобсиз қолдиргани йўқ. Юқорида таъкидланганидек, ҳокимлик фармойиши билан вазиятни ўрганиш учун ишчи гуруҳ тузилди, унга маҳалла вакиллари ҳам аъзо этиб киритилди.

Ниҳоят, можароли масала юзасидан экспертиза ўтказган ўша ишчи гуруҳнинг хулосаси ва улар тузган далолатнома, шунингдек, Тошкент шаҳар архитектура-қурилиш назорати давлат инспекциясининг хати қўлимизга келиб тушди:

Давлат инспекциясининг хатига кўра, қурилиш жараёни шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда олиб борилаётгани, яъни ШНК 2.07.0-03 талаблари қўпол равишда бузилган ҳолда, оралиқ масофалар сақланганлигига эътибор қилинмасдан, Тошкент шаҳар ахитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан дастлабки лойиҳа маъқуллангани маълум бўлган.

Туман ҳокими ўринбосари А.Набиев бошчилигидаги инспекция томонидан тузилган далолатномада ҳам бу эътироз ўз аксини топиб, шунингдек, ҳужжатда ушбу объект бўйича ишчи лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмагани ва келишилмагани ҳамда Тошкент шаҳар давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан рўйхатдан ўтиб, қурилиш ишларини бошлашга рухсатнома олмаганлиги маълум қилинди.

Масала юзасидан Тошкент шаҳар архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши томонидан келишилган ва маъқулланган лойиҳани шаҳарсозлик норма ва қоидалари асосида қайта кўриб чиқилиши таклифи берилди. Ушбу кенгаш «Замонавий маҳалла» маркази лойиҳасини қайта кўриб чиқиб, тасдиқлаб, маъқуллагунгача ишчи лойиҳа ҳужжатлари мутасадди ташкилотлардан тасдиқланиб, келишилган ҳолда Тошкент шаҳар давлат архитектура-қурилиш назорати инспекциясидан рўйхатдан ўтиб, қурилиш ишларини бошлашга рухсатнома олгунга қадар ORDER MAX PROJECT МЧЖ зиммасига қурилиш ишларини вақтинча тўхтатиш вазифаси юклатилмоқда.

Энди қурилиш ишлари давом эттириладими-йўқми, лойиҳа ўзгартирилса, мутахассислар томонидан ҳам қайд этилган аҳолининг ҳақли эътироз ва талаблари инобатга олинадими-йўқми, бу борада ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Шуниси аниқки, ҳозирча мурожаат қилган аҳолининг ҳақли талаби билан экспертиза ўтказилди ва маҳалла аҳлига ёқмаётган қурилиш ишлари тўхтатиб қўйилди. Масала қандай ечим топиши биз учун ҳам қизиқ, албатта. Кузатишда давом этамиз.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.
 

Мавзуга оид