Жаҳон | 09:03 / 26.07.2017
3953
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла мухолифати 48 соатлик иш ташлашни бошламоқчи

Фото: AFP

Венесуэлада 26 июлда мухолифат томондан эълон қилинган фуқаролик иш ташлаши бошланади ва 48 соат давом этиши керак.

Тадбирнинг "Демократик бирдамлик давра столи" мухолиф блокидан ташкилотчилари тадбир 30 июлга режалаштирилган миллий таъсис йиғинига сайловларга бағишланганини айтишган. Икки кунлик иш ташлашдан кейин, 28 июлга "Каракас штурми" акцияси ўтказилиши белгиланган. Бу акция давомида мухолифат мамлакатнинг турли қисмларидаги одамларни пойтахтга йўл олиб, йиғин чақиртирилишини талаб қилишга чорламоқчи. Ҳукумат томондан жавоб бўлмаган тақдирда мухолифат 29 ва 30 июлга норозиликлар ўтказишга ваъда бермоқда.

Таъсис йиғини конституция ислоҳотини тайёрлаш билан шуғулланиши керак. Унинг лойиҳасини умуммиллий референдумга олиб чиқиш кутилмоқда. Мухолифатнинг фикрича, бунда гап конституция бузилиши ҳақида кетмоқда, йиғинни чақиртириш қарори эса референдумда қабул қилиниши керак.

25 июлда Венесуэла ишчилари конфедерациясининг Ансоатеги штатидаги бош котиби Мануэль Кирос ташкилот мухолифат иш ташлашига қўшилишини маълум қилган. 

Апрель бошидан Венесуэлада олий суднинг мухолиф миллий ассамблея ҳокимиятини жиддий чеклаш қароридан кейин оммавий норозилик тадбирлари ўтмоқда. Ушбу қарор бекор қилинган, бироқ мухолифат тарафдорлари суд аъзоларини истеъфога кетказиш ва муддатдан аввалги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқдалар. Энди улар таъсис йиғини чақиртирилишига ҳам қарши чиқмоқдалар. Охирги маълумотларга кўра, норозиликлар давомида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 100 кишини ташкил қилган.

Мавзуга оид