Жамият | 14:34 / 27.07.2017
10647
3 дақиқада ўқилади

Ургут туманида 3100 нафар гиёҳванд рўйхатга олинган

Ургут тумани Чеп маҳалласида яшовчи 1968 йилда туғилган фуқаро Шоиста Сувонова, 1984 йилда туғилган фуқаро Ҳакимхон Ғозиев ва 1984 йилда туғилган Тожикистон Республикаси фуқароси Иброҳим Ҳайдаров томонидан ноқонуний равишда гиёҳванд моддаларини Ўзбекистон худудига олиб кириш жинояти содир этилган. 

Ушбу жиноий гуруҳ ўзаро тил бириктирган ҳолда 9.5 кг. миқдордаги опий гиёҳвандлик моддасини 30 минг АҚШ доллари эвазига сотишаётганда ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида ўтказилган судда жиноятчилар ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини тан олишиб, ўз айбларига тўлиқ иқрор бўлишди.

Содир этилган жиноят иши юзасидан Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди томонидан айбдорларга нисбатан тегишли тартибда суд ҳукми эълон қилинди. Суд ҳукмига кўра судланувчи Шоиста Сувонова Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида 11 йил 6 ойга, Ҳакимхон Ғозиев 14 йил 6 ойга, Иброҳим Ҳайдаров 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. 

Афсуски, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятнинг жазоси оғир бўлсада Ургут туманида гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар ҳамон учраб турибди. Мана шундай жиноятлар олдини олиш мақсадида Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят ва Ургут туман суди, туман прокуратураси иштирокида фуқаролар билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда сўнгги пайтларда туманда гиёҳвандлик билан боғлик жиноятлар тўғрисида маълумот бериб ўтилди. Хусусан, 2017 йил 6 ойи давомида туманда 267та жиноят содир этилган бўлиб, шундан 18та жиноят иши гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқдир. Бугунги кунда туманда 3100 нафар гиёҳванд рўйхатга олинган бўлиб, 38 нафар ОИТС касаллигига чалинган фуқаролар аниқланган. ОИТС касаллиги билан оғриган беморларнинг 22 нафари айнан гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш орқали мазкур касалликни юқтирган. Ачинарли жиҳати шундаки, 11та оилада 11 нафар фарзандга ОИТС касаллиги юққан бўлиб, тумандаги марказий шифохонада 4 нафар чақалоқ айнан шу касаллик билан туғилган.

Тадбирда гиёҳвандлик тушунчаси, унинг салбий оқибатлари аҳолига кенг тушунтирилиб, мазкур жиноятни олдини олиш бўйича барча бирдек огоҳ бўлиши, бу борада маҳаллаларда, таълим муассасаларида ва айниқса ёшлар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш лозимлиги тушунтириб ўтилди. 

Фарҳод НОРБЎТАЕВ,
журналист

Мавзуга оид