Эфирдаги чиқишидан кейин Paynet асосчисига Солиқ қўмитаси раҳбари қўнғироқ қилди
Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев Paynet компанияси асосчиси Ботир Арифжановга қўнғироқ қилиши унинг учун кутилмаган ҳодисага айланган.
«Менга кутилмаганда қўнғироқ қилишди. Менга эрталаб Ботир Парпиев телефон қилди ва уни мен пресс-клубда билдирган таклифлар қизиқтириб қолгани ҳақида гапирди. Биз бироз фискал сиёсати ҳақида гаплашдик, шундан кейин у мени бу таклифларимни ўз ўринбосари билан учрашувда муҳокама этишга таклиф қилди», – дея ёзган Арифжанов 28 июль куни Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида «Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва амалга ошириш механизми» мавзусида учрашув ўтказилганди. Анжуманда солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш, солиқ тўловчиларга яратилган қулайлик ва имтиёзлар, давлат солиқ хизмати органлари тизимини ислоҳ этишнинг муҳим йўналишлари муҳокама қилинганди.
Ботир Арифжановнинг тан олишича, у Ботир Парпиев билан суҳбатдан кейин «бизда ҳаммаси яхши ва барчаси режа бўйича кетмоқда» қабилида фикрлайдиган навбатдаги амалдор билан зерикарли учрашувга тайёрланган.
Тез орада у Парпиевнинг ўринбосари билан учрашган. «Биз қора бозор, даромадларни яшириш ва солиқдан қочиш ҳолатлари туфайли иқтисодиётда юзага келган муаммоларни очиқ муҳокама қилдик. Айтишни истардимки, у ердагилар муаммолар ҳақида билишади ва уларни ҳал этиш учун ҳамкорликка тайёрлар», – дея қайд этган Арифжанов.
Унинг ёзишича, Солиқ қўмитаси қошида етакчи тадбиркорлар, маслаҳатчилар ва Молия вазирлиги мутахассислари иштирокида маслаҳатчи кенгаш тузиш борасида келишувга эришилган.
Эслатма: Ботир Арифжанов 2010 йилда Paynet бошқарувидан кетган ва айни вақтда компанияга алоқадор эмас.
Мавзуга оид
10:00 / 21.11.2024
Paynet АЖ БМТнинг Орол тубини кўкаламзорлаштириш дастурида иштирок этмоқда
17:00 / 03.08.2024
Paynet: тез ва комиссиясиз нақд пул ечиб олиш мумкин
10:00 / 13.06.2024
Paynet виртуал карталари ва Visa ўртасида ўтказмалар йўлга қўйилди
17:00 / 23.05.2024