Ўзбекистон | 17:29 / 12.08.2017
16135
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳарбий кинологлар халқаро танлов совриндорига айланишди

Ўзбекистонлик ҳарбий муҳандислар III Халқаро армия ўйинларининг “Хавфсиз маршрут” мусобақасида 3-ўрин эгаллаб, уйга қайтишди.

Мудофаа вазирлиги матбуот хизматининг Кун.uz’га хабар беришича, 12 август куни эрталаб мазкур мусобақанинг “Содиқ дўст” танлови иштирокчилари – Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг яна бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари медаллар билан уйга келишди.

АрМИ-2017 доирасида ўтказилган “Содиқ дўст” халқаро танловининг якуний натижаларига кўра, мамлакатимиз ҳарбий кинологлари учинчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлдилар. Унда россиялик ҳарбийлар ғолиб топилган бўлса, Беларусь ва Қозоғистон жамоалари иккинчи ўринни ўзаро бўлиб олишди.

Подполковник Саъдулла Вафоев раҳбарлигида ва жамоа сардори сержант Баҳодир Йўлдошев етакчилигида ватан ҳимоячилари танловнинг барча шартларида муваффақиятли иштирок этди. «Дог биатлон» деб номланган дастлабки босқичда ҳарбий кинологлар тўртинчи, “Ҳимоя хизмати” шартида эса бешинчи бўлиб маррага етиб келишди. 300 метрли тўсиқлар йўлагидан ўтиш шартида учинчи, «Дог биатлон эстафета» – финал баҳсида ҳарбийлар тўртинчи ўринни қўлга киритишди.    

Мудофаа вазирлиги марказий питомниги кинологлари – шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Шокир Жўраев, Жавлон Низомов, Нуриддин Ҳалилов, Ориф Чориев ва Нодир Эрдановлар ўзларининг хизмат итлари – Герой (4 ёш), Ҳамлет (4 ёш), Гранд аюр Драго (1,5 ёш), Гранд аюр Жус (1,5 ёш) ва Ден (5 ёш) билан маҳоратларини намойиш этишди. Таъкидлаш жоизки, танловда иштирок этган баъзи хизмат итлари учун мазкур мусобақа биринчиси бўлди. Аммо бу ҳолат умумий натижага ўз таъсирини ўтказмади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 29 июлидан 12 августга қадар Россия, Беларусь, Озарбойжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22 та полигонида учинчи халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтди. Унда Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидан келган 28 мамлакатнинг 150 дан зиёд жамоаси ўзаро куч синашди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари мазкур мусобақаларда биринчи марта иштирок этди. “Қўшин разведкаси аълочилари”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Содиқ дўст”, “Хавфсиз маршрут”, “Йўл патрули”, “Мерганлик марраси”, “Қуролсоз уста”, “Мусаффо осмон” каби 8та танловларда иштирокчи, “Танк биатлони”, “Ҳарбий-тиббий эстафета”, “Дала ошхонаси”, “Осмон калити”, “Автобронетанк техникаси устаси”, “Ҳарбий ралли”, “Муҳандислик формуласи”, “Рембат”, “Ҳамдўстлик жангчиси”, “Артиллерия устаси”, “УУА (учувчисиз учиш аппаратлари) экипажлари мусобақаси”, “Суворов шиддати”, “Хавфсиз муҳит”, “Десантчилар взводи”, “Авиадартс” каби 15 та мусобақаларда эса кузатувчи сифатида қатнашди. 

12 август эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида Халқаро армия ўйинларидан навбатдаги ютуқлар билан қайтиб келган ҳарбий хизматчиларни тантанали кутиб олишга бағишланган маросимда мамлакат Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, танлов иштирокчиларининг яқинлари ва ҳамкасблари қатнашди.

 

Мавзуга оид