Фан-техника | 01:01 / 21.08.2017
11217
2 дақиқада ўқилади

Илон Маск БМТдан жанговор роботларни тақиқлашни талаб қилмоқда

Фото: Popular Science

Tesla раҳбари Илон Маск ва DeepMind компанияси асосчиси Мустафо Сулаймон автоном қуролни ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланишни тақиқлаш зарурлиги тўғрисидаги хатни имзолашди. Бирлашган миллатлар ташкилоти (БМТ)га йўлланган мактуб шунингдек дунёнинг 26 мамлакатидаги 114 нафар мутахассис томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. 

Мактуб муаллифлари жанговор роботларнинг яратилиши "учинчи қурол инқилоби"ни келтириб чиқаришидан огоҳлантиришди ва уни ядровий қурол ихтиросига қиёслашди. 

"Шундай қилинса, мисли кўрилмаган кўламдаги ҳарбий амалиётлар бошланади, бу инсон англаб етишга улгурмайдиган даражада тезкорлик билан ривожланиши мумкин. Янги турдаги қурол террорчи ёки диктаторлар, шунингдек тақиқланган мақсадларда қўллаши мумкин бўлган хакерлар қўлига тушиши мумкин", - дейилади БМТга йўлланган мактубда. 

The Guardian нашрида таъкидланишича, 21 август куни Мельбурнда Сунъий интеллектни қўллаш масалаларига бағишланган халқаро конференция (IJCAI) бўлиб ўтади. У ерда БМТ вакиллари ҳам қатнашишади. Мактуб муаллифлари ташкилотдан автоном қуролни кимёвий қуроллар қаторида тақиқлашни сўрашди. 

Таъкидлаш жоизки, Илон Маск бунга қадар ҳам жанговор роботларга қарши чиққан. 2015 йилда у Стивен Ҳоакинг билан бирга БМТга автоном қуролни тақиқлаш талаб қилинган мактубни йўллаган. 2017 йилнинг 25 июлида эса сунъий интеллектнинг салоҳиятли  хавфи борасида Марк Цукерберг билан баҳслашди. 

Мавзуга оид