Спорт | 20:20 / 21.08.2017
20298
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик теннисчи мураббийига: «Аҳмоқона илжайишинг билан кўзимдан йўқол»

Жаҳоннинг 52-ракеткаси, қозоғистонлик теннисчи Юлия Путинцева якшанба куни Нью-Ҳейвендаги турнирда франциялик Ализе Корнега 0:6, 0:6 ҳисобларида ютқазди. У ўйин давомида ўз мураббийи Роман Кислянскийдан қаттиқ норози бўлган.

Ўзининг ҳиссиётга берилувчанлиги билан танилган 22 ёшли теннисчи қиз биринчи сет вақтида 0:3 ҳисобида ютқазаётган маҳали мураббийини кортга чақирган:

«...Ўзингнинг аҳмоқона видеонгни томоша қилиб ўтирибсан. Умуман, сен шунақа аҳмоқмисан? Мен тўпни ютиб олганимда бирон марта қарсак чалиб қўймадинг. Ўтириб олиб ўша видеонгни томоша қиласан. <...> Улар мен хато қилганимда рақибимни қўллаб-қувватлаб туришибди. Сен ундай қилмаяпсан. 

Сен нима қилаяпсан ўзи, нега бу ерга келдинг? (Унинг ўзи мураббийни чақирганди) Жонимга тегдинг. Аҳмоқона илжайишинг билан бу ердан йўқол», деган теннисчи.

Шундан сўнг мураббий «Барчаси тушунарли» дея кортдан чиқиб кета бошлайди.

Иккинчи сет вақтида Путинцева асабларини чидай олмасдан ракеткасини чимга қайта-қайта уриб синдириб ташлайди.

Баҳсдан кейин интервью берган Ализе Корне бу вазиятга ҳам тўхталган. У рақибаси ажойиб теннисчилиги, баъзида ҳиссиётга берилиб кетиши, ўзида ҳам бундай ҳолатлар бўлиб туришини айтиб ўтган.