Жамият | 19:00 / 23.08.2017
17030
5 дақиқада ўқилади

Болангизни зомби «қути»даги тузоқдан асранг

Боланинг ривожланиб бориши жуда мураккаб ва узоқ жараёнда юз берадиган ижтимоий ҳодиса ҳисобланади. Психологларнинг айтишича, улғайиб ўсаётган болакайнинг ҳар бир ножўя ҳаракати учун жазолаш ва баланд овозда чўчитиб қўйиш ярамайди. Балки, қилган хатосини тезкорлик билан тузатишни, ўзида масъулият ҳиссини пайдо қилишга кўмаклашиш лозим. Бунда ота-она намуна кўрсатиб берса, у балоғат ёшида ҳар бир иши ва сўзи учун фақат ўзи жавобгар эканлигини унутмайди. Шунга қарамай, соғлиғига зиён етиш мумкин бўлган ҳолатда, масалан иссиқ сувни ушламоқчи бўлса, унга танбеҳ бериб, жазолаш керак. Бу билан келгусида иссиқ сувга яқинлашган бола, аввал бу билан нима юз берганини эслайди, табиийки, иссиқ сувдан қочишга ҳаракат қилади.

Демак, янги навниҳол каби юксакликка интилган болакайнинг ҳар томонлама соғлом ўсиши жуда кўп атрофдаги омилларга боғлиқ. Эътибор қилганмисиз, хонанинг бурчагида турган телевизор қаршисидаги 4-5 ёшлар атрофидаги болакай ундан қандай эҳтирос олиб, қизиқиш билан томоша қилади?! Айниқса, у мультфильм бўлса!

Боланинг табиат ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириб, илк одатлар, инсоний қадриятлардан сабоқ бериши кўзда тутилган бир неча мультфильмларни томоша қилган боланинг оғзидан беихтиёр «мен ҳам ҳаммага яхшилик қиламан» деган сўзларни эшитиб қолишингиз мумкин. Аммо масаланинг сўл тарафида бошқа манзара пайдо бўлмоқда. Яхшиси уни аниқ мисоллар билан таҳлил қилиб чиқсак.

Мультфильм қаҳрамонлари бой луғат бойлигига эга эмас, балки «сохта» сўзлардан кўп фойдаланади

Сариқ ва қувноқ миньионлар ёдингиздами? Уларнинг ажабтовур тили, аслида испан, рус, инглиз, итальян ва бир нечта жаҳонда кенг тарқалган сўзларнинг «гулдастаси», боланинг нутқига салбий таъсир ўтказади. Уларга талқин қилиш билан ҳар қандай психик дискоординация юз бериши мумкин ҳамда нутқ ривожланишида муайян тил қоидалари муҳим эмас, деган тушунча пайдо бўлади.

Педагог Андерсон ва Негги ўтказган тадқиқотларга кўра, бошлағич синф ўқувчилари йилига 3000тагача янги сўзни ўзлаштиради. Янги сўзларни ўзлаштириб, уни ўз нутқида эркин ифода этишлик кўрсаткичи болани келгуси даврда илм олишга рағбатлантиради ва бу ҳолатни осонлаштиради.

Мультфильм қаҳрамонлари айрим ҳолларда жинсий мансубликни чалкаштириб юборади

Яқин-яқин давргача жуда кўплаб мульт образларни яратишда жинсий мансублик (аёл ёки эркак) аниқ ажралиб турадиган даражада тасвирланар эди. Вақт ўтгани сайин бу тасвир ўзгариб, ўғил боланинг эркак кишига мойиллиги, «аёлнинг эркакка айланишида тўсиқ йўқ» ёки унинг аксини тарғиб қилиш бошланади.

Янги талқинда ишлаб чиқарилган «Соҳибжамол ва махлуқ» картинасидаги Гастонга ҳамроҳлик қилиб юрган садоқатли дўсти айни юқоридаги фикрни тасдиқлайди. Ундан ташқари, кичик миньионларнинг ҳам жинси номаълум қилиб, фақат кийим билан фарқланадиган тарзда акс эттирилади. Ногаҳон боланинг фикрида кийим ва ҳаракатларгина жинснинг фарқини билдириб туради, деб ўйлаши мумкин.

Беҳаё саҳналар юксак инсоний туйғу сифатида тарғиб қилинади

Давлат телеканалларидан бирида қуйидаги мультфильмга кўзим тушиб қолди. Алҳазар, ўйлаб қоламанки, бу катталар учун ишлаб чиқарилган мультфильм картинаси эмасми? Лекин бундан лавҳа болажонлар севиб томоша қилаётган «Болажон»да нима қиляпти? Масаланинг моҳиятига яхши тушунган бўлсангиз, беҳаё қилиқларни кўриб, кўзи «пишган» болакай, ундан баттар ҳолатни ҳам нормал қабул қилади.

Кичкинтой севган қаҳрамон унинг учун идеал шахс, балки бу вақтинча юз берар, аммо бола айнан супер-қаҳрамоннинг ҳаракатларидан илҳомланиб иш юритади. Гарчи бу вазият вақтлар ўтиши билан унутилишга маҳкум этилса ҳам, «онг остидаги онг» ёхуд онгчада бу «ажиб» манзара гавдаланаверади. Ва бу мия томонидан ҳақиқат сифатида қабул қилинади, беҳаёлик эмас!

Юқорида келтирилган аргументлар мультфильм аслида боланинг фақат руҳий ва маънавий соғлиғига зиён етказишини исботлайди. Унинг жисмоний ва ақлий ривожланишига қанчалик путур етказиши ҳақида тўхталиб ўтирмоқчи эмасман, шунчаки хона бурчагида турган телевизор қаршисида болакайнинг қандай ахборотларни қабул қилишига эътиборли бўлинг. Ҳаттоки, бу мультфильм давлат марказий каналларидан бирида эфирга узатилса-да, сезгирликни йўқотманг.

Мавзуга оид