Спорт | 00:39 / 25.08.2017
26965
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қирғизистон: ўйиннинг ёпиқ бўлишида айбдор ким?

Фото: Interfutbol.uz

Tribuna.Uz сайтида эълон қилинган «Қирғизистонга қарши ўйинга мухлисларни киритмаслик қарори ЎФФ томонидан қабул қилинган» мақоласида келтирилган ЎФФ ва ФИФА орасидаги ёзишмалардан англаш мумкинки, шу бугунгача жамоатчилик ўртасида энг асосий сабаб сифатида тахмин қилиб келинган версия — Самвел Бабаян томонидан терма жамоамиз тактикасини рақиблардан сир тутмоқчи бўлгани нотўғри бўлиб чиқмоқда. 

Зеро, ЎФФнинг ФИФАга йўллаган хатида ўйиннинг трансляцияси кўзда тутилгани ёзилган. (ЎФФ 8 август куни Қирғизистонга қарши машғулот-назорат ўйини ўтказиши ва ўйинда ўйинчи алмаштиришлар сони чекланмаслигини, бироқ у ТВда трансляция қилиниши ва чипта чиқарилиши мўлжалланаётганини хабар қилиб, ФИФАга хат ёзган)

Хўш, эртага бўлиб ўтадиган ўйинни биз кўра олмаётганимизнинг сабаби қаердан келиб чиқмоқда? Аслида бу ўйинни мухлисларга тақдим этишнинг иложи бор эдими? 

Вазиятга баҳо берсак, Терма жамоамиз ихтиёрида учта йўл бор эди:

1) Жамоалар 6 тагача ўйинчи алмаштиришга келишиб, уйинни «А» таснифга киритган ҳолда, чипта сотиш, ТВда кўрсатиш...

2) 6 тадан кўп алмаштиришга келишган ҳолда, ўйинга НАЗОРАТ-МАШҒУЛОТ мақомини бериш ва айнан шу ном билан чипта чиқариш ва сотиш, ТВда кўрсатиш. Бунинг учун фақат ФИФАга чипта ва ўйин борасида ТВдаги реклама мазмунини тақдим этиш керак бўларди, холос. 

3) 6 тадан кўп ўйинчи алмаштиришга келишиб, НАЗОРАТ уйин мақомини бериш. Мухлислар учун чипта ҳам чиқармаслик, ТВда ҳам кўрсатмаслик...

Кўриб турганингиздек, ЎФФ 3-йўлни танлаган.

Агар ўйиннинг «А» таснифдан НАЗОРАТ ЎЙИНИ мақомига ўтиб қолгани фақат 6 тадан кўп захирадан фойдаланиш ҳуқуқи туфайли бўлса, ўйинни кўролмаганимизга сабаб ЎФФнинг эринчоғлиги — улар чипта ва ТВ рекламаларни ФИФАга тақдим этишга эриниб, ёпиқ қилиб қўя қолишган. 

Ахир НАЗОРАТ ўйинининг очиқ бўлиши ва трансляция қилинишига бошқа тўсиқлар кўринмаяпти, тўғрими?

Шу ерда, «Йўқ, бу назорат ўйини, ТВда ҳам шунақа деб реклама қилиняпти, мана чиптада ҳам «назорат ўйини», деб ёзиляпти, мана нусхаси», деб жавоб берилса, фикримча, ФИФА рози бўларди.

Қайсидир маънода, ўйиннинг ёпиқ бўлишидан ЎФФ, жумладан, мураббийлар штаби манфаатдор бўлиш учун (масалан, тактикани яшириш) бу ҳолатга йўл қўйишган бўлса, нима ҳам дердик, ўша ажойиб тактика ва режанинг расмий ўйинларда иш беришига умид қилиб қоламиз.

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид