Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи Нишонбоевнинг ҳисоботи эълон қилинди
Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник С.А. Нишонбоевнинг “Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги фаолияти ҳақида”ги жорий йил 7 ойлик якунларига бағишланган ҳисоботи эълон қилинди.
Унда таъкидланишича, Тошкент вилояти ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимизда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, конституциявий тузумни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш йўналишларида муайян ишлар амалга оширилган.
Бунинг натижасида ўтган давр мобайнида:
– бевосита профилактика инспекторлари томонидан 462 та жиноят фош этилиб, 76 нафар қидирувдаги шахслар қўлга олинди;
– биргина маҳалла посбонлари томонидан 2 минг 712 та турли ҳуқуқбузарликлар аниқланди, уларнинг берган хабарларига асосан 140 та жиноят фош этилди;
– фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари томонидан 1 минг 951 та оила-турмуш доирасидаги можароли масалалар кўриб чиқилиб, 712 та оилалардаги нотинчликларга барҳам берилди ва 311 та оилалар ажралишдан сақлаб қолинди.
Вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизлар ўртасида жиноятлар сони 126 тадан 90 тага (28,6 фоизга), аёллар томонидан жиноятлар содир этиш кўрсаткичи эса ўтган йилга нисбатан 906 тадан 804 тага (11,3 фоизга) камайишига эришилган.
Жорий йил 1 август кунига қадар жиноят содир этиб қидирувда юрган шахслардан 732 киши ушланган.
Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи ҳисоботининг тўлиқ матни билан вилоят ички ишлар бошқармаси сайтида танишишингиз мумкин.