Фан-техника | 15:51 / 29.08.2017
8046
2 дақиқада ўқилади

Янги iOS чиққанидан сўнг 180 мингдан ортиқ илова ишлашдан тўхтайди

Фото: Getty Images/Sean Gallup

Сентябрь ойида тақдим этилиши кутилаётган iOS операцион тизимининг янги, 11-версияси 180 минг иловага тўғри келмайди. Бу Apple компаниясининг 32 битли процессор учун ёзилган софтни қўллаб-қувватлашдан тўлиқ воз кечиши билан боғлиқ. Business Insider шу ҳақида маълум қилди. 

Sensor Tower таҳлил компаниясининг ҳаммуассиси Оливер Йенинг сўзларига кўра, App Store'да 187 мингга яқин 32 битли дастурлар ёхуд барча "айфон" иловаларининг тахминан 8 фоизи жойлаштирилган. Эскирган софтнинг тўлиқ рўйхатини тузишнинг иложи йўқ, бироқ куз ойларидан янгиланган i-қурилмаларда видео ёзувчи YouTube Capture, iSpadez карта ўйини, Neo Nectaris ҳарбий стратегияси ва Infinity Blade слэшери каби дастурлар ишлашдан тўхтайди. 

iOS 11 томонидан қўллаб-қувватланмайдиган иловаларнинг аксарияти (38 619) - ўйинлар. "Айфон"даги қайси дастурлар 32 битли эканини билиш учун қурилма созламаларига кириб, "Асосийлари" - "Бу қурилма ҳақида"га ўтиш керак ва "Дастурлар" пунктини босиш керак. Агар барча иловалар 64 битли бўлса, уларгда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. 

Таъкидлаш жоизки, Apple 2013 йилдан буён, iPhone 5s смартфони релизидан кейин 64 битли дастурларни қўллаб-қувватлаб келади. 2015 йилнинг февралидан компания барча янги дастурлар 64 битли чипларга мувофиқ бўлишини талаб қилади. 

iOS 11 ОТнинг чиқиш санаси эълон қилинадиган Apple тақдимоти 12 сентябрда бўлиб ўтиши кутилмоқда. "Олма" компанияси навбатдаги тақдимотида уч смартфонни намойиш этади: iPhone 7s ва 7s Plus'нинг такомиллашган моделлари, шунингдек iPhone 8. Бундан ташқари LTE-тармоқларни қўллаб-қувватловчи Apple Watch "ақлли" соатларининг янги версияси ҳамда 4K контентли Apple TV янги авлод телеприставкаси намойиши кутилмоқда.

Мавзуга оид