Ўзбекистон | 17:12 / 29.08.2017
75857
10 дақиқада ўқилади

Журналист хотиралари: Ислом Каримов қандай инсон эди?

Таниқли журналист Муҳаммаджон Обидов Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовни хотирлади.

Ислом ака ўзгалар фикрини қадрлар эди.

Оламнинг ишлари ғалат. Кечагина тасаввур ҳам қилиш мумкин бўлмаган гаплар бугуннинг ҳақиқатига айланса-я!

«Америка овози»нинг сиёсатдон журналисти Навбаҳор Имомова билан бир кун мириқиб суҳбатлашдим, ҳатто «дардлашдик». Президентлар Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев портретига чизгилар изладик. Одамлар тақдири, журналист қисмати ва албатта сўз эркинлиги мезонлари хусусида баҳслашдик. 

Бугун бир пайтлар Ўзбекистон телевидениеси раҳбари бўлиб ишлаган, ҳозирда Америкада яшаётган Жаҳонгир Маматов билан фейсбук «тили»да бўлсада, самимий ҳол сўрашдик. Жаҳонгир яхши ният билан Ўзбекистонда учрашишимизни тилади. Ҳеч бир мавзуда баҳслашмасак ҳам бир-биримизни тушунгандек бўлдик. 

Паҳлавон билан BBC мухбирлик бўлими очилиши, ўзбек телевидениесида хориж хабарлари лойиҳаси ҳақида фикр алмашдик. 

Буни қарангки, яқиндагина биз гўё баррикаданинг икки томонида тургандек ҳис қилардик ўзимизни. 

Кечагина вилоят ҳокими телевидениега интервью бериши мумкин бўлмаган воқеа деб қаралар эди. ХПК туфайли журналист Фарғона вилоятининг билимдон, лекин тезоброқ (у афғончи бўлгани ва сариқдан келгани учунми, жаҳли тез чиқади) ҳокими Шуҳрат Ғаниевни роса бир соат тўғридан-тўғри эфирда саволларга тутди, «терлатди». 

Рўзадорлар учун ташкил этилган ифторликда вилоят ҳокимидан тортиб барча куч ишлатар тизим (шу жумладан МХХ ҳам) раҳбарлари қўлларини кўксига қўйиб, намозхонларни Фарғонадаги энг ҳашаматли, Ислом Каримов номидаги санъат саройига таклиф қилдилар ва у ерда азон чақирилиб, саф тортиб шом намози адо этилди...

Замон бунча тез ўзгармаса-а?!

Бугун Лола Каримова (Тиллаева) дугонаси номидан Ислом ака ҳаётининг сўнгги соатлари ҳақида хотира эълон қилибди. Уни кўпчилик ўқиди. Буюк инсонлар ҳақидаги хотиралар шубҳали эмас, фақат ва фақат воқелик ҳақиқатига асосланган бўлиши лозим, деб ҳисоблайман. Ишонаманки, ҳали шундай хотиралар албатта ёзилади, эълон қилинади.

Шу кунларда Ислом Каримов вафотига бир йил тўлмоқда. Менга тақдир илтифот кўрсатиб, бу улуғ зот ёнида бир неча йил давомида телемухбир сифатида ҳамроҳ бўлиш насиб этган. Билмадим, яна қайси мухбирнинг исмини айтиб чақирган, лекин Ислом ака ҳар доим «Муҳаммаджон, ...» дея саволга, суҳбатга тутар эди мени. Биринчи марта шундай бўлгандаёқ Президентнинг менга бўлган самимий, ишончли муносабати унинг атрофидаги Давлат маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарларига ёқмаганини сезганман. Аниқроғи «сездиришган». Ҳали пахта, ғалла далаларида, қурилиш майдонида, саноат корхонасида бўладими, Ислом ака бир-бир атрофидагилар орасидан мени кўз қараши билан излаб топар ва яна исмимни айтиб мурожаат қиларди (Бу лаҳзалар ўнлаб видеотасмаларда сақланиб қолган). Бу унутилмас учрашувлар, суҳбатлар, тарихий воқеалар ҳақидаги сатрларни чоп этиш вақти ҳам келиб қолар... Лекин мен шундай қутлуғ кунларда бу инсондаги ўзгалар фикрини тинглаш, агар таклиф асосли бўлса, унга қулоқ тутиш фазилати ҳақида ўз ҳаётимда кўрганларимни ўртоқлашмоқчиман. 

Ислом Каримов хориж радиолари, айрим «ҳуқуқ ҳимоячилари» тасвирлагандек асло худбин раҳбар эмасди. Тўғри, қабул қилган қарорини муҳокама этишларини ёқтирмас эди. Лекин унгача сизни тинглаш, фикр айтсангиз уни муҳокама қилишга хайрихоҳлиги бўлган. 

Эсимда. Шоҳимардонни сел олиб катта фожиа рўй берди. Воқеликнинг эртасига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, икки кундан сўнг Президент Шоҳимардонга келдилар. Мен ҳар галгидек уларга ҳамроҳлик қилардим. Жуда таранг воқеалар ҳам рўй берди, ўша куни. Бу бошқа мавзу.

Президент қайтадиган самолётда мен ҳам бор эдим. Ҳали самолёт кўтарилмай туриб, Ислом Каримов мени хонасига (самолётнинг олд қисмида шундай махсус жой бор) чақиртирди. Кейин ортимдан Президентнинг матбуот котиби кириб келди. Президентни ҳеч қачон бу аҳволда кўрмаган эдим. Юрагимни қўрқув босди.

- Ўтир,- деди у жаҳл билан. – Шоҳимардонда шундай фожиа рўй берибди-ю менга бу ҳақда ўз вақтида айтишмади. Мен Президент бўла туриб 114 нафар фуқаро ҳалок бўлса-да, мамлакатда мотам эълон қилмасдан бу ерга икки кун ўтиб келдим!

Ислом Каримов олдидаги журнал столига ғазаб билан бир мушт урганди, стол синди. 

- Уларнинг-ку ҳали баҳосини бераман, сен-чи, сен нега ўз вақтида хабар бермадинг?!

Мен, аксинча ўзимга келдим. Қўрқув тарк этди. 

- Шоҳимардонни сел олган тунда соат иккиларда воқеа жойига етиб келдим. Лекин тасвирга туширишни тақиқладилар. Бош вазирнинг биринчи ўринбосари етиб келсин, у рухсат бергандан сўнг тасвирга оласан, дедилар. 

- Ким айтди?!
- ...
- Сендан сўраяпман, ким айтди?!

Мен жавобдан қочдим.

- Шунга қарамай яширинча тасвирга туширдим. Лекин ахборотни юборишга қўймадилар. Бош вазир ўринбосари эса эртасига келди, чунки ўша куни у сиз билан Самарқандга борган экан...

Шундай дейишимни биламан, Президент яна бир бор столни муштлади. Энди у бутунлай синиб тушди. 

- Атрофимдагилар хақиқатни гапирмаса, сен вақтида телевизорда кўрсатмасанг, мен ҳақиқий аҳволни қандай билай, гапир!!!

Ҳали-ҳали ўша воқеани эслаб, Ислом акага қанчалар қийин бўлганига такрор ва такрор иқрор бўламан. 

Биз ўшанда Ислом ака билан узоқ суҳбатлашдик. Бир пайт менга қараб:

- Ие, нега тек ўтирибсан, ёзиб қўй бу гапларнинг ҳаммасини. Вақтлар келар, ўшанда эълон қиласан, одамлар билсин, Шоҳимардон учун Президент қанчалар изтиробда колганини, атрофидагилар унга хиёнат қилганини, ёз, ёз.

Ён дафтарим самолётдаёқ тўлаёзди. Самолёт Тошкентга қўнди, чамаси 15 дақиқа ўтди ҳамки, изтиробли суҳбат тугамасди. 

- Мен кимга ишонай? Қобилжон саккиз ойдаёқ қочиб кетди (Бош вазир ўринбосари бўлиб ишлаган Қобилжон Обидовни назарда тутарди президент). Фарғона вилояти ҳокими Мўминовни ... тавсияси билан қўйгандик. Ишончни оқламади, - деди Президент. Кейин менга бироз тикилиб турди-ю,

- Сен айт, Фарғонага кимни ҳоким қилиб қўйсак, иш юради?
Мен индамадим. Ислом ака такрор сўради.
- Сендан сўраяпман, ким Фарғонага ҳоким бўлса шу вилоятни эплайди?
Мен яна индамай туравердим. Қолаверса, матбуот котиби оёғимни босиб қўйди. Бу «гапирма» дегани эди. 
- Ие, сен Фарғонани биласан деб сўраяпман, нега жим турибсан?

Бу гал сабрим чидамади. Вилоятдаги вазият, раҳбар кадрлар ҳақида ўзим билган ва тўғри деб ҳисоблаган фикрларни очиқ-ойдин тўкиб солдим. Ва охирида:
- Менимча, Алишер Отабоев сизнинг талабингизга жавоб берадиган раҳбар бўла олади, дедим.

Матбуот котиби бу гал оёғимни қаттиқроқ босди. Оғриқдан панжаларим зирқираб кетди.
Президент бир оз ўйланиб қолдида, ўрнидан туриб йўлакка чиқар экан:
- Кўрамиз, - деб қўйди.

Трапдан тушдик. Ислом ака машинасига ўтираётиб, яна мени олдига чақирди. 
- Фарғонага қайтиб борасанда, Жўрабековдан интервью оласан. Энди халққа ҳаммасини ўзи тушунтириб берсин!

Мен яна тазйиқ ва сўроқ-савол остида қолдим.
- Сен кимсанки, Президентга маслаҳатчилик қиласан! - дейишарди дағдаға билан.
Бу воқеага гувоҳ бўлганлардан ташқари (улар ҳозир ҳам амалда) яратган ҳам шоҳид. Мен маслаҳатчи ҳам, «отделкадр» ҳам эмасдим. Президентнинг қистовли саволига ноилож ўйлаганимни айтиб жавоб бердим холос. 

Аммо ...орадан кўп ўтмай Фарғонада бўлган ташкилий сессияда Президент вилоят ҳокимлигига Алишер Отабоев номзодини таклиф этди. 

Бу каби суҳбатлар Қувада Аҳмад ал-Фарғоний рамзий қабр тоши ўрнига ҳайкал ўрнатилиши, Андижонда Миср дон уруғларини синаб кўриш, Фарғона шаҳридаги шўролар даврида қўйилган аёл ҳайкалини олиб ташлаш, Чимён куркачилик фабрикасига бориш, Кремлдаги Георгий залида Борис Ельцин билан учрашувдан сўнг, 1991 йилдаги Наманган воқеалари чоғи ва яна кўплаб ҳолатларда рўй берган.

Ҳар гал Президент атрофидагилар, жумладан, юқорида тилга олинган ҳолатларда ҳамроҳ журналист фикрини инобатга олганди. Мен билган (1991-2005 йиллар) Ислом Каримов шундай инсон эди. Вақти келиб мен билган, иштирок этган воқеалар кундалигини чоп этиш ҳам насиб қилар. Лекин такрор айтаман, Ислом акада суҳбатдошини сабр билан тинглай олишдек ҳаммага насиб этмаган инсоний фазилат мавжуд эди. Илоё охиратлари обод бўлсин.

Ислом ака омонатини етказувчи,
Муҳаммаджон Обидов

Мавзуга оид