Ўзбекистон | 18:11 / 30.08.2017
35458
6 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қарори билан “Хавфсиз шаҳар” дастури қабул қилинди

Фото: President.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йилнинг 29 август куни "Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон24 телеканали сайтида хабар берилди.

Қарор асосида "Uzinfocom" Маркази негизида давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлашни амалга оширувчи Ягона интегратор ташкил қилинди. Ягона интегратор қуйидаги вазифаларни амалга оширади:

- иқтисодиёт соҳалари учун "электрон ҳукумат" ва ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, ахборот тизимлари ҳамда ресурсларини интеграция қилиш, аппарат-дастурий таъминот воситалари комплексини яратиш, шунингдек тегишли лойиҳа ва ҳужжатларни тайёрлаш; 

- аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматларини кўрсатиш сифатини такомиллаштириш юзасидан комплекс чораларни ишлаб чиқиш;

- иқтисодиёт соҳаларига "электрон ҳукумат" тизимлари ва ахборот технологияларини татбиқ қилиш жараёнларига маҳаллий дастурий таъминот воситалари ишлаб чиқарувчиларини тизимли равишда жалб этган ҳолда, миллий АКТ ва дастурий таъминот саноатини ривожлантиришда иштирок этиш;

- "электрон ҳукумат" тизими инфратузилмасининг, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат муассасалари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари, ресурслари ва дастурий таъминот воситаларини  технологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш;

- давлат органлари ва уларнинг тизимидаги муассасаларнинг, жумладан Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими фаолияти доирасида ахборот тизимларини, идоралараро электрон ҳамкорлик ва маълумот алмашиш тармоқларини жорий қилиш;

- халқаро стандартларга жавоб берувчи юқори технологияларга асосланган хизматлар ва маҳсулотлар сонини ошириш орқали миллий ахборот-коммуникация технологиялари ва дастурий таъминот бозорини ривожлантиришда иштирок этиш.

Ягона интеграторга телекоммуникация соҳасида фаолият юритиш ва ўқув курсларини талаб қилинадиган лицензия ва бошқа турдаги рухсат берувчи хусусиятидаги ҳужжатларсиз, шу билан бирга қонунчиликда кўзда тутилган талаб ва шартларни инобатга олган ҳолда, амалга оширишга рухсат берилади. Шунингдек, унга пудратчи ва суб-пудратчи сифатида, энг яхши таклифлар асосида хўжалик субъектлари билан лойиҳалар ва техник ҳужжатлар, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, дастурий таъминот воситаларини тайёрлаш бўйича шартнома тузишга ҳам рухсат берилади.     

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар Ягона интегратор билан лойиҳалар ва техник ҳужжатлар, ахборот тизимлари ҳамда ресурслари, дастурий таъминот воситаларини тайёрлаш бўйича тендер (танлов) савдоларисиз ҳам шартнома тузишлари мумкин бўлади.   

Қарорга кўра, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Ахборот хавфсизлигини таъминлаш марказининг номи "Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази"га ўзгартирилди ва унинг олдига қуйидаги вазифалар қўйилди:

- ахборот хавфсизлигининг замонавий таҳдидлари бўйича маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва жамлаш, давлат органлари ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базаларига ноқонуний киришни бартараф қилиш, ташкилий ва техник ҳимоялашни таъминлайдиган тавсия ва таклифларни ишлаб чиқиш;

- ички ишлар органлари, давлат органлари ва уларнинг муассасаларининг ахборот тизимларини, видеокузатув тизимлари, қонун бузилиш ҳолатларни қайд этиш тизимлари, қўриқлаш объектлари, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларга чора кўриш ва огоҳлантириш тизимлари, таҳлил қилувчи "ақлли датчик"лар тизимлари, шунингдек ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган, навбатчи-диспетчерлик марказлари ва маълумотларни қайта ишлаш марказларининг ахборот тизимларини интеграция қилишга қаратилган "Хавфсиз шаҳар" ягона аппарат-дастурий таъминот комплексини яратиш;              

- давлат органлари ва уларга қарашли муассасаларда АКТдан фойдаланиш билан юзага келадиган қонун бузилиш ҳолатларини бартараф қилинишини мувофиқлаштириш;

- телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ахборот маконидаги бузғунчи хатти-ҳаракатларни аниқлаш юзасидан таҳлиллар ўтказиш ва қонунбузарларни аниқлаш, уларга қарши курашиш усуллари ҳамда воситаларини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш.    

Қарор асосида, шунингдек, "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексини босқичма-босқич яратиш дастури қабул қилинди. "Хавфсиз шаҳар" аппарат-дастурий комплексини амалга оширишни мувофиқлаштирувчи Комиссия тузилиб, унинг олдига қуйидаги вазифалар қўйилди: 

- давлат органлари ва уларнинг муассасалари томонидан "Хавфсиз шаҳар" комплекси лойиҳасини кенг миқёсида, ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини тизимли мувофиқлаштириш;

- "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш ва ривожлантириш, уни "электрон ҳукумат" тизими, шу билан бирга, давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциялаш концепциясини ишлаб чиқиш;

- жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот масалаларида самарадорлик ва тезкорликни ошириш учун "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш ва ривожлантиришда давлат органлари ва уларнинг муаасасалари ўртасидаги самарали ахборот алмашиш тизимларини шакллантириш; 

- "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш чораларини амалга ошириш бўйича масъул давлат органлари, уларнинг муассасалари раҳбарларининг шахсий ҳисоботларини тинглаш ва жавобгарликларига доир масалаларни кўриб чиқиш;

-  "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш ва уни ривожлантириш лойиҳаларини самарали молиялаштирилиши, шунингдек халқаро молиявий институтларнинг маблағларини жалб қилиш бўйича қарор қабул қилиш.

Шу билан бирга, қарорга асосан, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирига "Хавфсиз шаҳар" комплексини яратиш бўйича лойиҳани ўз вақтида ва кенг миқёсида, сифатли амалга оширишга масъул ўринбосар лавозими жорий қилинади.

Мавзуга оид