Жамият | 19:29 / 12.09.2017
47222
7 дақиқада ўқилади

«Икки фуқаролик» нимаси билан таваккалчилик?

Фото: Norma.uz

Бир ойча аввал эълон қилинган «Фуқароликни йўқотиш масалаларини расмийлаштириш бўйича материаллар тайёрлаш тартиби ҳақидаги йўриқнома» ўқувчиларни жуда қизиқтириб қолди. Norma.uz таҳририятига чет элга кўчиб кетган ва хорижий давлат фуқаролигини олган шахслардан кўплаб мурожаатлар бўлаяпти. Шундай саволларнинг баъзиларига порталнинг эксперти Олег Заманов жавоб берди.

— Шарҳни ўқиб чиқишганидан сўнг хорижда бўлиб турган айрим фуқароларимизда ким хорижий давлат фуқаролигини олган бўлса, автоматик равишда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганмиз, деб ўйлашмоқда. Шундайми?

— Йўқ. Бу масалада бир неча ўта муҳим жиҳатлар бор ва уларни назардан қочирмаслик керак бўлади.

Биринчиси. Ҳамюртимиз хорижий давлат фуқаросига айланган сана муҳим рол ўйнайди. Эслатиб ўтамиз, хорижий давлат фуқаролигини қабул қилиш мамлакатимиз фуқаролигини йўқотиш учун асос бўлиши ҳақидаги модда «Фуқаролик тўғрисида»ги Қонунга қўшилганига бир йилча бўлди (23.09.2016 йилда — таҳр.).

Бу тузатиш 2016 йил 24 сентябрдан кучга кирди. Шу санагача хорижий давлат фуқаролигини олган шахслар бу асосда Ўзбекистон фуқаролигини йўқотишмайди. Агар фуқароликни йўқотиш учун бошқа асослар бўлмаса («Фуқаролик тўғрисида»ги қонуннинг 21-моддасига қаранг) ва инсон фуқароликдан чиқиш учун ариза бермаган бўлса, у мамлакатимиз фуқаролиги ҳуқуқий статусини сақлаб қолади.

Иккинчидан. Агар хорижий давлат фуқаролиги ҳаттоки 24.09.2016 йилдан кейин олинган бўлса ҳам бизнинг фуқаролигимиз фақат Президентнинг тегишли фармони имзоланган кундан кейингина йўқотилади. Таъкидлаб ўтамиз: қонунга тузатишлар киритилган кундан ёки бошқа давлат фуқаролигини олган санадан эътиборан эмас.

Муайян шахсларнинг фуқаролиги йўқотилгани ҳақидаги фармоннинг нусхалари Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик идораларига жўнатилади ва у ерда бу факт қайд этилади. Консуллик идорасига келган ва Ўзбекистон паспортини топширган шахсга фуқаролигини йўқотганлик ҳақидаги маълумотнома тақдим этилади.

Президент фармони имзолангунга қадар инсон Ўзбекистон фуқаросига тегишли барча ҳуқуқлардан, жумладан, сиёсий ҳуқуқ (айтайлик, сайловларда қатнашиш) ва мажбуриятлар (дейлик, солиқ мажбуриятлари, ҳарбий мажбурият ва ҳоказолар) га эга бўлади.

— Ўша асос таъсир қиладиганлар қаерга мурожаат қилишлари керак? Қандай ҳужжатлар тақдим этилиши керак ва фуқаролик йўқотилишини учун тўлов ундириладими?

— Фуқаролиқдан чиқишни ундан айрилиш билан чалкаштирмаслик керак. Биринчи ҳолатда чиндан ҳам фуқароликдан чиқиш тўғрисида мамлакатимиз президенти номига ариза бериб, керакли ҳужжатлар тўпламини тақдим этиб, фуқаронинг қаерда яшашига — Ўзбекистонда ёки чет элдалигига кўра энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баробаридаги давлат божи ёки 100 АҚШ доллари миқдорида консуллик йиғими тўланиши керак.

Фуқароликнинг йўқотилиши эса унинг эгасининг жараёнда тўғридан-тўғри қатнашувисиз рўй беради. Яъни, шахс Ўзбекистон фуқаролигини йўқотилиши жараёнини бошлаб бериши, уни тугатишга ёки қандайдир йўл билан унга таъсир кўрсатишга қодир эмас. Ўз-ўзидан бу ҳолатда ариза ҳам берилмайди, йиғим ҳам йиғилмайди.

Ушбу асос (хорижий давлат фуқаролигини қабул қилиш — таҳр.) бўйича фуқароликнинг йўқотилиши механизми икки идора — ташқи ишлар вазирлиги ва ички ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилади. Айнан улар хорижий давлат фуқаролигини олган шахсларни аниқлайди, маълумотларни текширади ва материалларни расмийлаштириб, Президент ҳузуридаги фуқаролик масалалари бўйича Комиссияга йўналтиради.

Йўриқноманинг ўзи эса бу жараёнда идоралараро ҳамжиҳатликни тартибга солади. Ўқувчилар буни тушунишлари жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.

— Иккинчи фуқароликни қўлга киритган ҳамюртларимиз учун қандай санкциялар қўлланилади?

— Иккинчи фуқароликни олганлик фактининг ўзи ҳеч қандай масъулият юкламайди. Бироқ бу ерда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим бўлади. Агар хорижий фуқаролик (табаалик) 2016 йил 24 сентябргача олинган бўлса, бизнинг фуқароларимизнинг унга тегишлилиги тан олинмайди. Ўз-ўзидан, улар ўзлари томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун Ўзбекистон миллий қонунчилигига кўра жавобгар бўлишади. Бу ерда турли вазиятлар бўлиши мумкин.

1-вазият. Фуқаро хорижий давлатга боради. Хорижий давлатда узоқ вақт бўлгач, у ўша ёқдан олган хорижий ёки муддати ўтган Ўзбекистон паспорти билан Ўзбекистонга келади.

Хорижий давлатда доимий асосда ёки вақтинчалик яшаётган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатимизга фақатгина амал қилиш муддати тугамаган, ҳақиқий Ўзбекистон паспорти ёки қайтиш учун сертификат ёрдамида эркин кириб келишлари мумкин.

Ўз-ўзидан, хорижий паспорт ёки Ўзбекистон Республикасининг муддати тугаган (ҳақиқий бўлмаган) паспорти билан кириб келиш ўрнатилган тартибнинг бузилиши ҳисобланади ва Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.

2-вазият. Ўзбекистон фуқароси Россияга жўнаб, у ерда Россия фуқаролигини олган. Кейинчалик у Жанубий Кореяга боради, ҳолбуки унинг Ўзбекистон паспортидаги хорижий давлатга чиқиш учун рухсат берувчи стикернинг амал қилиш муддати ўтган бўлади.

Россия билан бизда икки томонлама визасиз режим амал қилади, Жанубий Кореяга кириш учун фуқароларимизга виза расмийлаштириш талаб этилади. Шу сабабли у ерга ҳаттоки Россия Федерациясидан туриб муддати тугаган стикер билан кириш маълум бир рискларни келтириб чиқаради.

Агар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигига тегишлилиги аниқланса (бунақаси тез-тез содир бўлишини эътиборга олиш керак), масалан, Корея қонунчилиги бузилган ҳолатда, қонунбузарнинг ҳужжатлари ва у ҳақидаги маълумотлар синчиклаб ўрганилса, бутун вазият ЖКнинг 223-моддаси бўйича жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин (Олий суд пленумининг 25.11.2011 йилдаги №9-қарори 7-банди, 1-хатбошисига қаранг).      

Худди шундай рискларга фуқароликдан воз кечиш учун ариза берган ёки тегишли тарзда Ўзбекистон фуқаролигини тугатиш ҳақида Президент фармони чиққунга қадар «Фуқаролик тўғрисида»ги Қонуннинг 5-банди, 21-моддаси таъсири остига тушган фуқаролар ҳам киради.