Спорт | 11:30 / 12.09.2017
73139
3 дақиқада ўқилади

Мираброр Усмонов янги раҳбариятга маслаҳат берди

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон футбол федерациясининг собиқ президенти Мираброр Усмонов ўз лавозимини топширишдан олдин сўнгги баёнотини билдириб ўтди. Бу ҳақда KUN.UZ мухбири хабар бермоқда.

«Барчангизни кўриб турганимдан хурсандман. Чунки бу каби йиғилишлар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Кўпчилик футбол ўсаётгани ҳақида гапирди. Аммо камчиликлар ҳақида ҳам эслаш керак. Мени ЎФФ раҳбарлигига таклиф этишганига мана 12 йил бўлди. Барпо этилган стадионлар, яратилган қулай шарт-шароитлар, буларнинг барчаси менинг хизматим эмас. Бу аввало Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов ва ўша вақтларда Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида амалга оширилган ишлардир.

2006 йилда келганимда, мендан ортиқча нарсаларни кутманглар, деб айтгандим. Ўшанда ҳам жаҳон чемпионатига олиб чиқишни талаб қилмасликларини сўраганман. 10 йиллардан кейин нимадир қилиш мумкин дегандим. Чунки бизда пойдевор йўқ эди.

Ҳозир ЎФФга янги президент сайланди. Уларга омад тилайман. Улар ўз олдига қўйилган мақсадга эришсин деб дуо қиламиз.

Янги раҳбариятга битта маслаҳатим — ҳеч қачон танқиддан қочманглар. Танқид яхши нарса. Ишлаган одамнигина танқид қилишади. Ишламаган одамни биров эсга ҳам олмайди, танқид ҳам қилмайди.

Аммо танқид ҳам ҳар хил бўлади. 100та танқиддан 20таси тўғри бўлиши мумкин. Бу ерда журналистларимиз ҳам ўтирибди. Улар ўз вақтида бизни тергаб туришди, фикрларини беришди. Биз уларга эътибор бердик. Демак Ўзбекистонда спортнинг, футболнинг ривожланишида уларнинг ва мухлисларнинг ҳам катта ҳиссаси бор деб бемалол айта оламан.

Мен бир армон билан кетяпман. Мен ишлаган даврда Жаҳон чемпионатига чиқа олмадик. Бу ишни уддаласак, жуда яхши бўларди. 4 йилдан кейин Ўзбекистон терма жамоаси ҳам жаҳон чемпионатига чиқади ва у ерга борганда бизни уялтириб қўймайди деган умиддаман», - дея гапириб ўтган Мираброр Усмонов.

 

Мавзуга оид