Ўзбекистон | 21:24 / 12.09.2017
94157
5 дақиқада ўқилади

Муштумзўр ҳокимга қонунларимиз нима дейди?

Фото: huquqburch.uz

Бугун KUN.UZ сайтида Сирдарё вилояти Сайхунобод тумани ҳокими Носиржон Маҳмудович Эгамбердиев тумандаги мактабларнинг директорларини калтаклагани акс этган видео эълон қилинди. Мазкур масаланинг ижтимоий, маънавий, тарбиявий жиҳатлари ўз йўлига. Биз қуйидаги мақола орқали ҳолатни ҳуқуқий таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Ҳоким мактаб директорини уришга ҳақлими?

Албатта, йўқ. Бу саволни ортиқча муҳокама қилиш ҳам шарт эмас. Гап Мустақиллик байрами ёки давлат аҳамиятидаги унданда каттароқ сиёсий воқелик ҳақида кетганда ҳам, инсоннинг шаъни, қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида майдонга чиқиши керак. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Ҳокимни нима кутяпти?

Ишдан бўшаши мумкин. Ўз мансаб ваколатидан четга чиққани ва ишни тўғри ташкил эта олмаганлиги учун ҳоким лавозимидан озод этилиши мумкин. Шунингдек, мазкур видео муҳокамаси интернетда ҳали бери тинмаслиги ҳисобга олинса, ҳоким ишдан олинишига жамоатчилик босими ҳам ўз кучини кўрсатиши мумкин.

Маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин. Ҳоким Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддасига биноан, ҳақорат қилгани, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситгани учун энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.

Шунингдек, ҳоким мактаб директорларидан бирортасига енгил тан жароҳати етказгани учун ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин. Бунда ҳокимнинг зарбаларидан кейин директорлардан бирортасининг соғлиғи қисқа муддат ёмонлашган ёки меҳнат қобилиятини унча кўп давом этмайдиган турғун тарзда йўқотишга олиб келмаган бўлса, ҳокимга МЖтКнинг (Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс) 52-моддаси 2-қисми бўйича энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 4 бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин.

Жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Жумладан, Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ёки 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жавобгарликка тортилиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатда ҳокимга энг кам ойлик иш ҳақининг 150 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазолари тайинланиши мумкин.

Ёхуд мактаб директорларига турли даражадаги тан жароҳатлари етган ва бу жароҳатнинг оғирлик даражаси жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли бўлса, ҳокимга нисбатан баданга шикаст етказиш моддалари бўйича ҳам жиноий иш қўзғатилиши мумкин.

Ишида қолиши ҳам мумкин. Ҳокимнинг ушбу ҳаракатлари юқоридаги каби жазоларни қўллаш учун етарли эмас деб топилса, унда унга нисбатан ҳайфсан ёки ойлик иш ҳақидан 50 фоизгача бўлган миқдорда жарима интизомий жазоларини қўллаш билан чекланилиши ҳам мумкин.

Ҳеч нарса бўлмаслиги ҳам мумкин. Изоҳ йўқ.

Ҳокимга чора кўриш учун калтакланганларнинг аризаси шартми?

Шарт эмас. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Жиноят-процессуал кодексининг 327-моддасига биноан, оммавий ахборот воситалари берган хабарлар асосида жиноят ишини қўзғатиши мумкин. Бунинг учун албатта жабрланувчиларнинг аризаси талаб этилмайди.

ЖПК 325-моддаси кўра, ҳокимга нисбатан баданга ўртача оғир ва енгил шикаст етказганлик ҳолати бўйича (ЖК 105, 109-моддалар) жиноят ишини қўзғатиш учун калтакланганларнинг аризаси талаб этилиши мумкин. Лекин жабрланувчи ночор аҳволда бўлгани, айбланувчига қарам бўлгани туфайли ёки бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт. Ҳозирги ҳолатда мактаб директорларини ана шундай ночорлар сафига қўшиш мантиққа зид эмас.

Хулоса: ҳозирги ҳолатда мактаб директорларининг аризаси шарт эмас, ҳаттоки улар «ҳокимга нисбатан даъвойим йўқ» деб ёзиб берган тақдирда ҳам, ҳокимни жавобгарликка тортиш мумкин.

Мавзуга оид